Файл: Окоз 06. 00. 00. 00 Ижтимоий таъминот ва ижтимоий суурта трисидаги онунчилик. Ижтимоий имоя 06. 10. 00. 00 Ногиронлар ва фуароларнинг боша тоифаларининг ижтимоий имояси тсз.doc
ВУЗ: Не указан
Категория: Не указан
Дисциплина: Не указана
Добавлен: 10.11.2023
Просмотров: 11
Скачиваний: 1
ВНИМАНИЕ! Если данный файл нарушает Ваши авторские права, то обязательно сообщите нам.
[ОКОЗ:
1.06.00.00.00 Ижтимоий таъминот ва ижтимоий суғурта тўғрисидаги қонунчилик. Ижтимоий ҳимоя / 06.10.00.00 Ногиронлар ва фуқароларнинг бошқа тоифаларининг ижтимоий ҳимояси]
[ТСЗ:
1.Ижтимоий-маданий масалалар / Ижтимоий суғурта, ижтимоий таъминот ва ижтимоий ҳимоя]
Ўзбекистон Республикаси Президентининг
Қарори
«Саховат» ва «Мурувват» интернат уйлари ҳамда Уруш ва меҳнат фахрийлари учун республика пансионати фаолиятини ривожлантиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида
Сўнгги йилларда мамлакатимизда «Инсон қадри учун» тамойили асосида «Саховат» ва «Мурувват» интернат уйларида васийликка олинган шахсларни қўллаб-қувватлаш тизимини янада такомиллаштириш, уларнинг жамиятдаги ўрнини мустаҳкамлаш юзасидан зарур чора-тадбирлар амалга ошириб келинмоқда.
«Саховат» ва «Мурувват» интернат уйлари ҳамда Уруш ва меҳнат фахрийлари учун республика пансионатида истиқомат қилаётган болалар, кексалар ва ногиронлиги бўлган шахсларга тиббий-ижтимоий ва маиший хизматлар кўрсатишнинг янгиланган тизимини жорий этиш орқали уларни давлат томонидан қўллаб-қувватлаш чораларини янада кучайтириш мақсадида:
1. Вазирлар Маҳкамаси, Соғлиқни сақлаш вазирлиги, Давлат божхона қўмитаси ва Тиббий-ижтимоий хизматларни ривожлантириш агентлигининг «Саховат» ва «Мурувват» интернат уйлари ҳамда Уруш ва меҳнат фахрийлари учун республика пансионатини (кейинги ўринларда — тиббий-ижтимоий муассасалар) Давлат божхона қўмитасига бириктириш тўғрисидаги таклифига розилик берилсин.
2. Белгилансинки, Давлат божхона қўмитаси:
тиббий-ижтимоий муассасаларнинг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш ва уларнинг инфратузилмасини яхшилаш;
тиббий-ижтимоий муассасаларда васийликка олинган кексалар ва ногиронлиги бўлган шахсларга тиббий-ижтимоий хизмат кўрсатиш самарадорлигини оширишга қаратилган замонавий услуб ва ижтимоий технологияларни татбиқ этиш;
тиббий-ижтимоий муассасаларда васийликка олинган кексалар ва ногиронлиги бўлган шахслар учун қулай шарт-шароитлар яратиш, уларни протез-ортопедия мосламалари ҳамда реабилитация қилишнинг техник ва гигиеник воситалари билан таъминлаш;
тиббий-ижтимоий муассасаларда васийликка олинган ногиронлиги бўлган шахсларни ижтимоий мослаштириш ва уларга ўз қизиқишларидан келиб чиқиб касб-ҳунар ўргатиш бўйича зарур шароитларни яратиш;
тиббий-ижтимоий муассасаларда васийликка олинган кексалар ва ногиронлиги бўлган шахсларнинг бўш вақтини мазмунли ташкил этиш ҳамда интеллектуал, жисмоний ва ижодий қобилиятини ривожлантириш;
тиббий-ижтимоий муассасаларда васийликка олинган шахслар учун маънавий-маърифий ва маданий тадбирларни, шу жумладан концерт дастурларини ташкил этиш орқали уларни маданий ҳаётдаги фаол иштирокини таъминлашда Тиббий-ижтимоий хизматларни ривожлантириш агентлигига доимий равишда кўмаклашади.
3. Давлат божхона қўмитасига (А. Мавлонов) мазкур қарорда белгиланган чора-тадбирлар ҳамда юклатилган вазифаларни амалга ошириш учун қўмитанинг махсус жамғармаси маблағларини йўналтириш ҳуқуқи берилсин.
4. Тиббий-ижтимоий хизматларни ривожлантириш агентлиги (А. Инаков):
а) 2023-2024 йилларда Давлат божхона қўмитаси (А. Мавлонов) билан биргаликда «Саховат» ва «Мурувват» интернат уйларининг ҳудудида видеокузатув мосламаларини ўрнатилишини таъминласин;
б) 2022 йил 1 октябрдан бошлаб Халқ таълими вазирлиги (Б. Саидов), Соғлиқни сақлаш вазирлиги (Б. Мусаев) ҳамда нодавлат нотижорат ташкилотлар билан биргаликда тасдиқланган режа-график асосида «Саховат» ва «Мурувват» интернат уйларидаги тарбиячиларни ҳар йили камида бир маротаба малака ошириш курсларида ўқитиш тартибини жорий этсин;
в) 2023 йил 1 июнга қадар Соғлиқни сақлаш вазирлиги (Б. Мусаев) билан биргаликда руҳий ва жисмоний ривожланишида камчилиги бўлган шахсларнинг замонавий абилитация ва реабилитация муолажаларидан ўтиши учун «Саховат» ва «Мурувват» интернат уйлари негизида зарур технологик шароитларни яратсин.
Бунда, амбулатор шароитда даволанаётганлар учун янги педагогик ва инновацион технологияларга асосланган дастурлар жорий этилади ҳамда ота-она ёки васийларга маслаҳат ёрдамлари кўрсатилади;
г) 2022 йил якунига қадар ҳамда келгусида ҳар йили камида бир маротаба Соғлиқни сақлаш вазирлиги (Б. Мусаев) билан биргаликда «Саховат» ва «Мурувват» интернат уйларида васийликка олинган шахсларни навбатдан ташқари диспансеризациядан ўтказишни ташкил этсин ҳамда натижасига қараб уларга манзилли тиббий-профилактик тадбирларни белгиласин;
д) Спортни ривожлантириш вазирлиги (А. Икрамов) билан биргаликда:
тиббий-ижтимоий муассасаларни кексалар ва ногиронлиги бўлган шахсларнинг спорт турлари билан шуғулланиши учун зарур бўладиган спорт асбоб-ускуналари, жиҳозлар ва бошқа инвентарлар билан таъминласин;
ҳар йили 1 июнь «Халқаро болаларни ҳимоя қилиш куни»га бағишлаб «Мурувват» болалар уйларининг тарбияланувчилари ўртасида республика миқёсида спорт мусобақаларини уюштирсин.
Белгилансинки, спорт асбоб-ускуналари, жиҳозлар ва бошқа инвентарлар хариди Спортни ривожлантириш вазирлиги ҳузуридаги бюджетдан ташқари Спортни қўллаб-қувватлаш жамғармаси маблағлари ҳисобидан амалга оширилади;
е) Маҳалла ва нуронийларни қўллаб-қувватлаш вазирлиги (С. Турдиев) билан биргаликда ҳар чоракда тиббий-ижтимоий муассасаларда васийликка олинган кексаларнинг театр, концерт ва музейларга ташриф буюриши ҳамда таниқли ёзувчи ва адиблар билан маданий ва маърифий тадбирлар ўтказилишини ташкил этсин.
Бунда, маданий ва маърифий тадбирлар Ўзбекистон фахрийларининг ижтимоий фаолиятини қўллаб-қувватлаш «Нуроний» жамғармаси маблағлари ҳисобидан қоплаб борилиши тавсия этилсин.
5. Шундай тартиб ўрнатилсинки, унга мувофиқ 2022 йил 1 сентябрдан бошлаб Давлат божхона қўмитаси раисига божхона органлари томонидан аниқланиб, давлат даромадига ўтказилган товар моддий бойликларни Тиббий-ижтимоий хизматларни ривожлантириш агентлигининг асослантирилган сўровларига асосан тиббий-ижтимоий муассасаларга беғараз топшириш ҳуқуқи берилсин.
6. Тиббий-ижтимоий хизматларни ривожлантириш агентлиги ҳамда Наманган вилоят ҳокимлигининг 2022 йилда Наманган вилоятининг «Саховат» интернат уйи ҳудудида нуронийларнинг бўш вақтини самарали ташкил қилиш мақсадида кундузи пуллик хизмат кўрсатувчи «Кексалар боғи»ни ташкил қилиш тўғрисидаги таклифи маъқуллансин.
Бунда, Наманган вилояти «Саховат» интернат уйининг ишчи ходимлари томонидан доимий яшовчилари бўлмаган кексаларга кундузги тиббий-ижтимоий ва маиший хизматлар кўрсатилади.
7. Белгилансинки, тиббий-ижтимоий муассасаларда кексалар ва ногиронлиги бўлган шахсларни ижтимоий мослаштириш ва уларга ўз қизиқишларидан келиб чиқиб касб-ҳунар ўргатиш учун ўқув устахоналари ташкил этилади.
Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги (Н. Хусанов) «Саховат» интернат уйларида, Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги (А. Тошқулов) «Мурувват» интернат уйларида ҳар йили камида икки маротаба васийликка олинган кексалар ва ногиронлиги бўлган шахслар учун ошпазлик, қандолатчилик, сартарошлик, тикувчилик ва уларнинг қизиқишларидан келиб чиққан ҳолда бошқа мос йўналишлар бўйича қисқа муддатли бепул курсларни ташкил этсин.
8. Савдо-саноат палатасининг «Ижтимоий маҳсулот» электрон сотув платформасини ишлаб чиқиш ва 2023 йилдан бошлаб Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятлар марказлари ҳамда Тошкент шаҳрида «Саховат» ва «Мурувват» интернат уйларида истиқомат қилаётган шахслар томонидан қўл меҳнати билан тайёрланган маҳсулотларнинг кўргазма савдоларини мунтазам равишда ташкил қилиш амалиётини жорий этиш тўғрисидаги таклифи маъқуллансин.
9. 2022 — 2025 йилларда «Саховат» ва «Мурувват» интернат уйлари ҳамда Уруш ва меҳнат фахрийлари учун республика пансионатининг моддий-техника базасини мустаҳкамлаш бўйича «йўл харитаси» иловага* мувофиқ тасдиқлансин.
*Илова берилмайди.
10. Тиббий-ижтимоий хизматларни ривожлантириш агентлиги, Жиззах вилояти ҳокимлиги ҳамда Давлат божхона қўмитасининг Жиззах вилояти, Шароф Рашидов туманида ташкил этилаётган 300 ўринли «Мурувват» ногиронлиги бўлган болалар учун интернат уйини ажратилган маблағ доирасида аёллар интернат уйига мослаштириш бўйича таклифига розилик берилсин.
Жиззах вилояти ҳокимлиги 2022 йил 1 октябрга қадар:
Тиббий-ижтимоий хизматларни ривожлантириш агентлиги билан биргаликда Жиззах вилояти, Шароф Рашидов туманида ташкил этилаётган «Мурувват» аёллар интернат уйини қуриш ишларини якунласин ва тўлиқ фойдаланишга топширилишини таъминласин;
Соғлиқни сақлаш вазирлиги билан биргаликда Жиззах вилояти, Шароф Рашидов туманида ташкил этилаётган «Мурувват» аёллар интернат уйини малакали тиббий ва ижтимоий ходимлар билан тўлдириш чораларини кўрсин.
11. Вазирлар Маҳкамаси (А. Раматов) Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги ҳамда Қурилиш вазирлиги билан биргаликда бир ой муддатда жорий қурилиш ва реконструкция ишлари ўтказиладиган «Саховат» ва «Мурувват» интернат уйларининг рўйхатини тасдиқласин. Бунда, фойдаланишдан чиқарилган «Меҳрибонлик» уйларининг бинолари ва иншоотларида васийликка олинган шахсларга самарали тиббий-ижтимоий хизматларни кўрсатиш таъминлансин.
12. Давлат божхона қўмитаси (А. Мавлонов) мазкур қарорда назарда тутилган тадбирлар ижросини мувофиқлаштириш, унинг самарали ташкил этилишини таъминлаш мақсадида Давлат божхона қўмитаси марказий аппарати тузилмасида божхона органларининг умумий чекланган штат бирликлари доирасида 3 та штат бирлигидан иборат тиббий-ижтимоий муассасалар билан ишлаш бўлимини ташкил этсин.
Бунда, ходимларнинг иш ҳақини тўлаш билан боғлиқ қўшимча харажатлар Давлат бюджети маблағлари ҳисобидан амалга оширилади.
13. Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги, Ўзбекистон Миллий телерадиокомпанияси Давлат божхона қўмитаси ва Тиббий-ижтимоий хизматларни ривожлантириш агентлиги билан биргаликда кексалар ва ногиронлиги бўлган шахсларни давлат томонидан қўллаб-қувватлаш тизимини янада такомиллаштириш юзасидан ушбу қарорнинг мазмун-моҳияти босма ва электрон оммавий ахборот воситаларида, шу жумладан Интернет жаҳон ахборот тармоғи орқали аҳоли ўртасида мунтазам, тизимли ва кенг кўламда ёритиб борилишини таъминласин.
14. Тиббий-ижтимоий хизматларни ривожлантириш агентлиги манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда икки ой муддатда қонунчилик ҳужжатларига мазкур қарордан келиб чиқадиган ўзгартириш ва қўшимчалар тўғрисида Вазирлар Маҳкамасига таклифлар киритсин.
15. Мазкур қарор ижросини самарали ташкил қилишга масъул этиб Тиббий-ижтимоий хизматларни ривожлантириш агентлиги директори А.К. Инаков ҳамда Давлат божхона қўмитаси раиси А.Ю. Мавлонов белгилансин.
Қарор ижросини муҳокама қилиб бориш, ижро учун масъул ташкилотлар фаолиятини мувофиқлаштириш ва назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазири А.Н. Арипов зиммасига юклансин.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш. МИРЗИЁЕВ
Тошкент ш.,
2022 йил 30 август,
ПҚ-365-сон
(Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 31.08.2022 й., 07/22/365/0783-сон)