ВУЗ: Не указан
Категория: Не указан
Дисциплина: Не указана
Добавлен: 12.12.2023
Просмотров: 61
Скачиваний: 1
ВНИМАНИЕ! Если данный файл нарушает Ваши авторские права, то обязательно сообщите нам.
3-боб. Ўқув адабиётларини яратишга қўйиладиган умумий талаблар
6. Ўқув адабиётлари ривожлантириш стратегиясининг демократик, ҳуқуқий, иқтисодий, ижтимоий, сиёсий йўналишларида мамлакат тараққиётининг устувор масалаларига асосланган ҳолда яратилади ва ўқувчи ёки талабанинг интеллектуал салоҳиятини янада юксалтиришга хизмат қилади, шунингдек соҳа бўйича илғор халқаро тажрибалар, жаҳон илм-фани, услубиёт, техника ва технологияларнинг сўнгги ютуқлари, тараққиёт тенденцияларини ҳисобга олади.
7. Ўқув адабиётлари тасдиқланган давлат таълим стандартлари, малака талаблари, ўқув режа ва фан дастурлари асосида тайёрланади. Ўқув адабиётларининг номи ўқув режаларидаги фанлар номи билан мос келиши мақсадга мувофиқдир.
8. Ўқув адабиётларини яратишда:
мамлакатда жорий этилган узлуксиз таълим тизимининг таълим турлари (ўрта махсус, касб-ҳунар таълими, олий таълим (бакалавриат, магистратура)) ўртасидаги узвийлик ва узлуксизлик таъминланади ҳамда фанлар мавзуларининг асоссиз такрорланишига йўл қўйилмайди;
фанларда мавзулар изчиллигига, оддийдан мураккабга, хусусийдан умумийликка ўтиб бориш тамойилларига амал қилинади.
9. Яратилаётган ўқув адабиётларининг мазмуни таълим олиш, мустақил ва эркин фикрлаш, олинган билимларни босқичма-босқич бойитиш, мукаммаллаштириб бориш, мустақил таълим олиш, янги билимларни ўқув адабиётларидан излаб топиш кўникмаларини ўқувчи ва талабаларда шакллантиришга йўналтирилган бўлиши таъминланади.
10. Ўқув адабиётлари тушунарли, содда ва равон тилда ёзилиши, маълумотлар ўқувчи ва талабалар томонидан имкон даражасида осон ва қийинчиликсиз қабул қилинадиган, хотирада сақланадиган тарзда берилиши ҳамда таълим олувчиларнинг билим ва кўникмаларини назорат қилиш имкониятини яратиши лозим.
11. Электрон ўқув адабиётлари билим олувчиларнинг тасаввурини кенгайтиришга, дастлабки билимларини ривожлантириш ва чуқурлаштиришга, қўшимча маълумотлар билан таъминлашга мўлжалланган бўлиб, кўпинча чуқурлаштириб ўқитиладиган фанлар бўйича яратилади. Узлуксиз таълим тизимида фан ва технологиялар ривожлангани сари мазмуни тез ўзгарувчан, чуқурлаштириб ўқитиладиган, касбий ва махсус фанлар бўйича электрон ўқув адабиётлари тайёрланади.
4-боб. Ўқув адабиётларига қўйиладиган талаблар ва унинг функциялари
12. Таълим турларининг хусусиятларидан ва нашр шаклидан қатъи назар, барча ўқув адабиётларига қўйиладиган асосий талаблар қуйидагилар:
муайян фаннинг моҳияти, мазмуни ва мавзуларини фан дастурида белгиланган ҳажмларда изчиллик билан ёритилиши, ўқув материалларининг мазкур фан орқали таълим олувчиларга берилиши зарур бўлган билим, малака ва кўникмаларни шакллантиришга қаратилган тартибда тизимли баён қилиниши;
юқори даражада умумлаштирилган ва замонавий билимларга асосланган маълумотлар (қонунлар, айниятлар, таснифлар ва ҳоказо)дан ташкил топиши, иллюстрацияларга бой, замонавий кўргазмали тасвир ва бадиий-услубий жиҳатдан амалий фаолиятга қаратилган бўлиши;
билимларнинг мутлақлиги ва нисбийлигини ёрқин ифодалаши;
назарий ва амалий маълумотлар мақбул, пухта, равон, ижодий ва қизиқтирувчан шаклда ифода қилиниши, зарур ҳолларда фанга оид кенг қамровли мисол ва масалалар, узоқ ва яқин ўтмишдаги бой интеллектуал меросимиз намуналари билан бойитилиши;
жаҳон илм-фани, техника ва технологияларнинг энг сўнгги ютуқларини инобатга олиши, унинг аҳамиятини ифодалаши, соҳа ва фанга оид миллий ва хорижий тажриба ва маълумотлар мантиқий бир тизимда баён этилиши;
асосий тушунча ва хулосаларнинг таърифлари ниҳоятда аниқ ва равшан ёзилиши, атамаларнинг умумийлигига эришилиши;
таълим-тарбия жараёнига ҳамкорлик педагогикаси ва ўқитишнинг интерфаол услубларини татбиқ қилишга кўмак бериши;
билимларни онгли равишда ўзлаштириш, қизиқиш уйғотиш ва мустақил фикрлашга йўналтира оладиган хусусиятларга эга бўлиши;
билим олувчиларнинг ёши, психофизиологик хусусиятларини ҳисобга олиши, ижодий қобилиятларини ривожлантиришга қаратилиши, мустақил таълим олишга қизиқиш уйғотиши;
таълим олувчиларнинг билими, уқуви ва кўникмаларини назорат қилиш имкониятига эга бўлиши;
интеллектуал инсонпарварлик ғояларининг акс эттирилиши, инсоннинг табиат ва ижтимоий ҳаётда ўта масъулиятлилигини англатишга қаратилиши;
ватанпарварлик ҳисси, маънавий-ахлоқий сифатлар шакллантирилиши, таълим ва тарбия узвийлигини таъминлашга эътибор бериши.
13. Таълим турларининг хусусиятларидан ва нашр шаклидан қатъи назар, барча ўқув адабиётларига қўйиладиган умумий талаблар қуйидагилар:
ўқув адабиётларидаги мавзу, мазмун ва матнлар узлуксиз таълимнинг бошқа турлари ва босқичларидаги турдош фанларнинг мавзу, мазмун ва матнларини такрорламаслиги;
ўқув материалларининг мазмуни далиллардан намуналарга, намунадан фаразга, фараздан изланишга, изланишдан амалий қўллашга, абстракт илмий билимдан аниқ касбий билимга, билимдан амалий кўникмага ўтишга йўналтирилиши;
мавзуларда «оддийдан мураккабга», «умумийдан хусусийга» каби тамойилларга риоя этилиши;
расмлар, графиклар, жадваллар, схема ва диаграммалар мантиқан мақбул даражада жойлаштирилиши, берилган маълумотлар ва тушунтиришлар билан узвий боғланган бўлиши;
матнлар дизайни мақбул ва мукаммал бажарилиши, такрорланувчи тушунчалар, риоя қилиниши керак бўлган қоидалар, эътиборни жалб этиш учун зарур бўлган жумлалар, мисоллар ва хулосаларни ажратиш мақсадида махсус белгилардан ҳамда таъсирчан график воситалардан фойдаланиш;
касбий характерга эга бўлган ва билим олувчилар мустақил ишлаши учун мўлжалланган муаммоли саволлар, топшириқлар, машқлар, лойиҳалар билан таъминланиши;
топшириқлар ва вазифалар кенг кўламли билим олувчилар бажарадиган амалий ишларни жуфтликда ёки кичик гуруҳларда ташкил этиш имкониятини бериши;
ўқув материалларида талабаларни фаол бўлиш ва танқидий фикрлашга ундаш ва уларнинг фанга бўлган қизиқишларини кучайтирувчи жиҳатларнинг мавжуд бўлиши;
Ўзбекистоннинг турли ҳудудларидаги ўзига хос маданий хусусиятлар, табиий иқлим шароитлари ҳисобга олиниши.
14. Ўрта махсус, касб-ҳунар таълимининг ўқув адабиётларига қўйиладиган қўшимча талаблар қуйидагилар:
касбга қизиқишни кучайтириш, уни мустаҳкам эгаллашга ва замонавий билимлар асосида рақобатбардош мутахассислар тайёрланишига хизмат қилиши;
мустақил ва эркин фикр юритиш, масъулиятли қарорлар қабул қилишга қодир шахсларни тарбиялаши;
қайси фанга тегишлилигидан қатъи назар, назарий билимларнинг амалиёт билан кенг боғлиқлигини таъминлаши;
ўқувчида яхлитликни идрок қилиш ҳиссининг шаклланиши учун барча маълумотлар мантиқий бир тизимда берилиши;
муайян фан соҳасига хос хусусиятлардан келиб чиқиб, эстетик ва дизайн кўрсаткичларда илм-фан ютуқларини тасвирлайдиган кўргазмали маълумотлар-қурилма, аппаратлар ёки уларнинг маълум қисмлари ва бошқалар турли рангда берилишига эътибор қаратилиши;
матнни тушунарли ва мантиқий усулда тузиш, ўрганиш жараёнини осонлаштириш учун расмлар, схемалар ва чизмаларни қўшиб жойлаштириш;
ўқув адабиётида ўрганиладиган мавзу ва машғулотлар гуруҳда ўқувчиларнинг турли қобилиятга эга эканлиги инобатга олинган ҳолда берилиши;
фанлараро ва фан ичида ўзаро боғлиқлик таъминланиши;
ўқувчиларнинг мустақил ишлаши учун амалий топшириқлар, машқлар, лойиҳалар билан таъминланиши;
матнда атроф-муҳит, унинг ифлосланиши ва жамият саломатлиги муаммолари ҳамда уларни ҳал қилиш йўллари акс эттирилиши.
15. Олий таълимнинг ўқув адабиётларига қўйиладиган қўшимча талаблар қуйидагилар:
ўқитиладиган фанлар ва уларга тегишли ўқув адабиётларининг мазмун-моҳияти ниҳоятда чуқур илмий-услубий, юқори сифат кўрсаткичларда бўлиши;
ўқув адабиётларидаги ҳар бир боб ёки мавзунинг мазмуни тушунарли, илмий ғоя ва тушунчаларнинг моҳияти аниқ ва равшан баён этилиши;
матнни хотирада сақлашни осонлаштириш, мавзулар ихчам чизмалар, турли тасвирий ифодалар, жадвал, инфографика ҳамда расмлар билан мувофиқ тарзда таъминланиши;
аниқ ва табиий фанлар бўйича илмий тушунча ва ғоялар, қонун ва қонуниятлар, тарихий ҳодиса ва ижтимоий жараёнларнинг ҳаётийлигига эътибор қаратилиши, таҳлилий муносабатнинг етарли даражада бўлиши;
муаллиф ва талаба ўртасида фикрларнинг мантиқий баёни жараёнида ўзаро боғлиқлик таъминланиши;
амалий ва тажриба машғулотларини бажариш ҳамда машқларни ечиш бўйича услубий кўрсатмалар берилиши, матн, иллюстрация ва графиклар ёрдамида билим олиш орқали кенгайтирилган амалий кўникмаларни шакллантириш имконияти бўлиши;
ўқув мақсадлари ва вазифаларининг аниқ белгиланиши, фанлараро ва фан ичида ўзаро боғлиқликни таъминланиши, назарий ва амалий мазмуннинг ўзаро мақбул ва боғлиқ ҳолда тақсимланиши;
мазмун ишончли ва салоҳият билан ёритилиши, унда муаллифларнинг фан, техника ва технологияларнинг сўнгги ютуқларидан фойдаланганлиги кўриниб туриши;
тасвирий материаллардан максимал фойдаланиш, динамик жараёнларни ўрганишни осонлаштириш мақсадида электрон таълим воситаларини (мультимедиа, анимация, виртуал стендлар ва х.к.) қўшимча материал сифатида ишлатиш имконини бериши;
ўқув материалларида талабаларни фаол бўлиш ва танқидий фикрлашга ундаш ва уларнинг фанга бўлган қизиқишларини кучайтирувчи жиҳатларининг мавжуд бўлиши;
замонавий педагогик ва ахборот технологияларидан фойдаланиш имкониятларининг яратилиши.
16. Олий ва ўрта махсус, касб-ҳунар таълими тизими учун яратиладиган ўқув адабиётларининг асосий функциялари қуйидагилар:
ахборот функцияси — таълим олувчи муайян фан бўйича эгаллаши зарур бўлган билим ва кўникмалар мазмунини қамраб олганлиги;
тизимловчи функцияси — ўқув фани мазмуни тизимланган шаклда қатъи кетма-кетликда ва изчилликда оддийдан мураккабга риоя қилинган ҳолда баён қилинишини таъминлаши;
мувофиқлаштирувчи функцияси — фан ўқув материалини лойиҳалаш жараёнида бошқа ўқув манбаларида келтирилган материалларни ўрганиш, улар орасида узвийликни таъминлаш, ахборот оқимини тез ўзлаштириш, олган билимларни чуқурлаштириш ва амалий фаолият жараёнида қўллаш йўлларини топишга хизмат қилиши;
мутахассисликка йўналтирилганлик функцияси — ўқув адабиётининг мазмуни ўқувчи-талабанинг мутахассислик бўйича ишлаб чиқариш жараёнлари, объектлари, техника ва технологиялар тўғрисидаги асосий фундаментал тушунча ва билимга эга бўлишини таъминлаши ҳамда келажакда уларга таяниб янги маълумотларни мустақил таҳлил қилиш ва ўзлаштириш кўникмаларини шакллантиришга қаратилиши;
дидактик функцияси — таълим олувчининг қобилияти ва эҳтиёжига мос равишда ўқув материалини мустақил ўзлаштиришга ҳамда асосий мазмунни ажратиш, таҳлил қилиш, умумлаштириш ва хулосалаш кўникмаларини шакллантириш учун хизмат қилиши;
ўзлаштирилган билимларни мустаҳкамлаш ва ўзини ўзи назорат қилиш функцияси — таълим олувчининг ўқитувчи раҳбарлигида ёки мустақил тарзда дарсликдаги назорат саволлари, тест материалларидан фойдаланиб, ўзининг билимини текшириши ҳамда билимига таянган ҳолда амалий машғулотларни бажара олишига қаратилган фаолиятларга кўмаклашиши;
таълим олувчиларни мустақил таълим олишга қизиқтириш ва ижодкорликка ундовчи функцияси — таълим олувчиларда мустақил тарзда таълим олишга бўлган иштиёқ, эҳтиёж ва заруратни уйғотиши, етишмайдиган билимларни мустақил тарзда тўлдиришга ёрдам беришга йўналтирилганлиги. Таълим олувчиларга мустақил равишда бажариши лозим бўлган лойиҳалар, муаммоли саволлар ва топшириқлар берилиши орқали уларда изланувчанлик қобилиятларини ривожлантириши;
ривожлантирувчи-тарбияловчи функцияси — ўқув материаллари асосида шахснинг давлат ва халқига эътиқодни, маънавий-инсоний хислатларни, ватанпарварликни, меҳнатсеварлик каби бошқа ижобий фазилатларнинг фаол шаклланишига кўмак бериши.
17. Ҳар бир билим ва таълим соҳалари хусусиятидан келиб чиқиб, Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги билан келишилган ҳолда таянч олий таълим муассасаларининг кенгаши қарори асосида ўқув адабиётларига қўшимча махсус талаблар белгиланиши мумкин.