ВУЗ: Не указан
Категория: Не указан
Дисциплина: Не указана
Добавлен: 09.01.2024
Просмотров: 114
Скачиваний: 1
ВНИМАНИЕ! Если данный файл нарушает Ваши авторские права, то обязательно сообщите нам.
малака талабларига мувофиқ уларнинг касбий маҳорати даражасини аниқлаш ва малака тоифаларини бериш (ўзгартириш);
касбий маҳорати даражасининг малака талабларига мувофиқлигини аниқлаш;
компьютер саводхонлиги ва ахборот-коммуникация технологияларидан, шу жумладан, Интернет жаҳон ахборот тармоғидан фойдаланиш бўйича амалий кўникмаларга эга бўлишнинг мажбурийлигини таъминлаш.
4. Мажбурийлик, даврийлик, ошкоралик ҳамда холислик аттестациянинг асосий принциплари ҳисобланади.
5. Қорақалпоғистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги, вилоятлар халқ таълими бошқармалари ва Тошкент шаҳар халқ таълими бош бошқармаси, туман (шаҳар) халқ таълими бўлимлари (кейинги ўринларда Ҳудудий халқ таълими бошқаруви органлари деб аталади), тегишли олий таълим муассасалари ҳамда Касбий таълимни ривожлантириш ва мувофиқлаштириш ҳудудий бошқармалари психолог кадрларни аттестациядан ўтказиш жараёнини ташкил этишга масъул ҳисобланади.
6. Аттестация умумий ўрта таълим муассасалари психолог кадрлари учун ҳар беш йилда, ўрта махсус, касб-ҳунар таълими муассасалари (академик лицейлар ва касб-ҳунар таълими муассасалари) психолог кадрлари учун ҳар уч йилда бир марта ўтказилади.
7. Малака ошириш курсини тугатганлик тўғрисидаги сертификатга эга бўлган олий маълумотли психолог кадрлар белгиланган муддатда аттестациядан ўтказилиши шарт.
8. Аттестация ўтказиш муддатлари аттестациядан ўтувчиларга унинг бошланишидан камида бир ой олдин Ҳудудий халқ таълими бошқаруви органлари, тегишли олий таълим муассасалари ҳамда Касбий таълимни ривожлантириш ва мувофиқлаштириш ҳудудий бошқармалари орқали хабар қилинади.
9. Ишга янги қабул қилинган психолог кадрлар ишга қабул қилинганидан бошлаб бир йилдан сўнг, олий таълим муассасаларини битириб биринчи бор ишга кирганлар касбий фаолиятига уч йил тўлгандан сўнг аттестациядан ўтказилади.
10. Таълим муассасалари психолог кадрларининг ташаббуси билан улар ўз аризаси ва таълим муассасаси раҳбарининг тавсиясига асосан навбатдан ташқари биринчи ёки олий малака тоифасини олиш учун аттестациядан ўтказилиши мумкин.
Психолог кадрларни навбатдан ташқари аттестациядан ўтказиш охирги аттестация ўтказилганидан бошлаб камида икки йилдан кейин амалга оширилади.
11. Меҳнатга лаёқатсизлик варақаси расмийлаштирилган ҳолда аттестация ўтказиш даври мобайнида даволанаётган, ҳомиладорлик, туғиш ҳамда бола парваришлаш таътилидаги психолог кадрлар иш фаолиятига қайтганига бир йил тўлгандан сўнг аттестацияга жалб этилади.
12. Психолог кадрларнинг малака тоифалари бир таълим муассасаларидан бошқасига ишга ўтганда сақланади.
13. Психолог кадрлар олий маълумоти, қайта тайёрлаш курсларидан ўтганлиги ҳақидаги дипломда (кейинги ўринларда диплом деб аталади) кўрсатилган таълим йўналишлари, мутахассислик ёки ихтисосликларга мос келадиган мутахассислиги бўйича аттестациядан ўтади.
14. Таълим муассасалари психолог кадрларини аттестациядан ўтказиш, мувофиқлаштириш ва аттестация комиссиялари иш натижаларини таҳлил қилиш ва баҳолаш:
халқ таълими тизимидаги муассасалар учун — Ўқувчиларни касб-ҳунарга йўналтириш ва психологик-педагогик республика ташхис маркази (кейинги ўринларда Республика ташхис маркази деб аталади);
академик лицейлар ҳамда касб-ҳунар таълими муассасалари учун — Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги томонидан амалга оширилади.
2-боб. Психолог кадрларни аттестациядан ўтказиш тартиби
15. Аттестация ҳар йили март-июнь ойларида ўтказилади.
16. Психолог кадрларнинг аттестациясини ташкил этиш ва ўтказиш ушбу Низомга 1-иловага мувофиқ схема бўйича амалга оширилади.
17. Психолог кадрларни аттестациядан ўтказиш қуйидаги тартибда ташкил қилинади:
охирги икки йил давомидаги илмий ва методик, амалий психологик хизмат фаолиятининг натижавийлиги, тадбирларда фаол иштирок этишни ўрганиш;
психология соҳасидаги норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни билиши ва касбий билим кўникмалари юзасидан малака синовларини ўтказиш;
хорижий тиллар, ахборот-коммуникация технологиялари ва ижтимоий-сиёсий билимларни эгаллаганлиги бўйича суҳбат.
Суҳбат жараёнида берилган савол ва жавоблар махсус (саҳифаланган, тикилган, муҳрланган) журналга қайд этилади.
18. Аттестациядан ўтувчи психолог кадрлар ўтказилиши белгиланган аттестациядан бир ой олдин таълимнинг тегишли бошқарув органига ва таълим муассасаси раҳбарига қуйидаги ҳужжатларни топшириши керак:
маълумотнома-таржимаи ҳол;
меҳнат дафтарчаси, маълумоти, малака тоифаси, илмий даражаси ва илмий унвони тўғрисидаги (агар бўлса), малака оширганлиги ва қайта тайёрлаш курсларидан ўтганлигини тасдиқловчи ҳужжатлар нусхалари;
нашр этилган илмий ишлари, мақолалари, психологик йўналишлар бўйича ўтказилган психологик ташхис методикаларининг натижавийлиги
, маслаҳат тадбирларида фаол иштирок этганлигини тасдиқловчи маълумотлар ва ҳисобот (таълим муассасаси муҳри босилган);
психологик хизматни ривожлантириш бўйича истиқболдаги режалари тўғрисидаги қисқача маълумот.
Нотўғри ёки бузиб кўрсатилган маълумотлар учун аттестациядан ўтувчи жавобгар ҳисобланади.
3-боб. Аттестацияни ташкил этиш ва аттестация комиссияларини тузиш тартиби
19. Психолог кадрлар асосий иш жойи бўйича аттестацияга жалб этилади. Таълим муассасаларида ўриндошлик асосида ишлаётган ва асосий иш жойи бўйича психологик фаолият билан шуғулланмайдиган психолог кадрлар (Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги, Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги тизимидаги бошқарув идораларидаги психолог кадрлар бундан мустасно) ўриндошлик асосида фаолият юритаётган таълим муассасасида аттестациядан ўтади.
20. Таълим муассасалари раҳбарлари аттестациядан ўтувчиларнинг ҳар бири учун алоҳида ҳужжатлар йиғмажилдини тайёрлайди.
Ҳужжатлар йиғмажилдида аттестациядан ўтувчининг паспорти, дипломи, аттестациядан ўтганлиги тўғрисидаги ва амалда фойдаланаётган сертификати (агар мавжуд бўлса), малака оширганлиги ҳақидаги сертификати нусхалари, сўнгги бир йил давомидаги психологик йўналишлар бўйича ўтказилган психологик ташхис методикаларининг натижавийлиги, тренинг машғулотлари, ўқитувчилар дарсларининг психологик таҳлиллари, ўз фаолияти юзасидан амалга оширган ишлари, эришган ютуқлари (агар мавжуд бўлса) ҳақидаги маълумотлар тўпланади.
21. Аттестация Республика ташхис маркази, Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги, Педагогик инновациялар, касб-ҳунар таълими бошқарув ҳамда педагог кадрларни қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш институти аттестация комиссиялари (кейинги ўринларда аттестация комиссиялари деб аталади) томонидан психолог кадрларнинг малака талабларига мувофиқ амалга оширилади.
22. Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги тизимидаги таълим муассасаларининг олий, биринчи ва иккинчи малака тоифасига талабгор психолог кадрлар аттестациясини ўтказиш учун Республика ташхис марказида аттестация комиссияси тузилади ва комиссия таркиби Ўзбекистон Республикаси халқ таълими вазирининг буйруғи билан тасдиқланади.
23. Олий таълим муассасалари қошидаги академик лицейларнинг психолог кадрларини аттестациядан ўтказиш учун Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги аттестация комиссияси тузилади ҳамда комиссия таркиби Ўзбекистон Республикаси олий ва ўрта махсус таълими вазирининг буйруғи билан тасдиқланади.
24. Касб-ҳунар таълими муассасаларидаги психолог кадрларни аттестациядан ўтказиш учун Педагогик инновациялар, касб-ҳунар таълими бошқарув ҳамда педагог кадрларни қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш институти аттестация комиссияси тузилади ва комиссия таркиби Ўзбекистон Республикаси олий ва ўрта махсус таълими вазирининг буйруғи билан тасдиқланади.
25. Қуйидагилар аттестация комиссияларининг вазифалари ҳисобланади:
олий, биринчи ва иккинчи малака тоифасига талабгор психолог кадрларни аттестациядан ўтказиш;
олий, биринчи ва иккинчи малака тоифали психолог кадрларга сертификатлар олиш учун Ўзбекистон Республикаси Марказий банки ҳузуридаги «Давлат белгиси» давлат-ишлаб чиқариш бирлашмасига буюртма бериш ҳамда аттестация ўтказилгандан сўнг бир ой муддатда психолог кадрларни ушбу Низомга 5-иловага мувофиқ шаклдаги сертификатлар билан таъминлаш;
аттестация комиссиясининг олий, биринчи ва иккинчи малака тоифасига талабгор психолог кадрларнинг аттестацияси якунлари бўйича ҳисоботларини тайёрлаш ва раҳбариятга тақдим этиш.
26. Аттестациядан ўтувчи психолог кадрлар аттестация комиссиялари таркибига киритилмайди.
27. Комиссиялар раислари ва аъзолари аттестация жараёнининг ушбу Низом талаблари ва тасдиқланган жадвалга мувофиқ ўтказилиши учун масъул ҳисобланадилар.
28. Аттестацияни ўтказиш аттестация комиссияси томонидан амалга оширилади. Аттестация комиссияси қошида 5 кишидан иборат эксперт гуруҳи тузилади. Эксперт гуруҳининг асосий вазифалари тақдим этилган маълумотлар асосида аттестациядан ўтувчи психолог кадрларнинг касбий фаолиятини баҳолашдан иборат.
Эксперт гуруҳи аъзолари аттестациядан ўтувчиларга қўйилган баҳолар учун жавобгардирлар.
Эксперт гуруҳининг таркиби:
Халқ таълими вазирлиги тизимидаги таълим муассасалари психолог кадрлари учун — ҳудудий халқ таълими бошқармалари;
академик лицейлар психолог кадрлари учун — тегишли олий таълим муассасаси;
касб-ҳунар таълими муассасалари психолог кадрлари учун — Касбий таълимни ривожлантириш ва мувофиқлаштириш ҳудудий бошқармаларининг раҳбарлари буйруғи билан тасдиқланади.
4-боб. Аттестациядан ўтказиш, сертификатлар бериш ҳамда таълим олганлик тўғрисидаги маълумотларга қўйилган талабларни белгилаш тартиби
29. Аттестация қуйидаги икки босқичда ўтказилади:
1-босқич — аттестациядан ўтувчининг тренинг машғулотини ўтиш маҳорати, меҳнати самарадорлиги ва мутахассислиги бўйича малака синови натижалари эксперт гуруҳи томонидан ўрганилади ҳамда тегишли тавсиялар тайёрланади;
2-босқич — аттестация комиссиялари томонидан психолог кадрларнинг хорижий тиллар, компьютер саводхонлиги ва ахборот-коммуникация технологияларини билиши ҳамда ижтимоий-сиёсий билимларини аниқлаш юзасидан суҳбат ўтказилади. Суҳбат жараёни видеотасвирга олинади ҳамда берилган саволлар ва жавоблар махсус (саҳифаланган, тикилган ва муҳрланган) дафтарда қайд этилади.
30. Аттестация қуйидаги баҳолаш мезонлари бўйича ўтказилади:
тренинг-машғулот ишлари — ўқитувчи дарсларининг психологик таҳлиллари, очиқ тренинг машғулотлари ўтганлиги, таълим олувчиларнинг хулқидаги ўзгариш кўрсаткичлари, тренинг ўтиш воситалари ҳамда шаклларини мақбул равишда танлаши, тавсия этилган илғор психологик методика ва технологияларни қўллаши;
меҳнати самарадорлиги — аттестациядан ўтувчининг таълим муассасасида психологик йўналишлар бўйича ўтказилган психологик ташхис методикаларининг натижавийлиги, ўқувчиларнинг туман (шаҳар), вилоят, республика ва халқаро кўрик-танловлар, турли мусобақаларда иштирок этишида уларни психологик тайёрлашда қўшган ҳиссаси ҳамда эришган ютуқлари;
мутахассислиги бўйича малака синовлари — дипломида кўрсатилган таълим йўналиши, мутахассислиги ёки ихтисослиги бўйича ўтказиладиган тест синови натижалари;
хорижий тиллар, компьютер саводхонлиги ва ахборот-коммуникация технологияларини билиши ҳамда ижтимоий-сиёсий билимларини аниқлаш юзасидан ўтказилган суҳбат якунлари.
Психолог кадрларнинг аттестация натижаларини баҳолаш мезонлари Низомга 2-иловага мувофиқ бўйича амалга оширилади.
31. Олий ва биринчи малака тоифаларига талабгор психолог кадрларни аттестациядан ўтказганлик учун энг кам ойлик иш ҳақи (2019 йил 1 сентябрдан бошлаб базавий ҳисоблаш миқдори)нинг бир баравари миқдорида йиғим ундирилади.
Аттестациядан ўтказганлик учун ундириладиган йиғим тегишлилиги бўйича Республика ташхис маркази, Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги, Педагогик инновациялар, касб-ҳунар таълими бошқарув ҳамда педагог кадрларни қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш институтининг махсус ҳисобрақамига ўтказилади.