Файл: Гидротехника иншоотларининг хавфсизлиги трисида.docx

ВУЗ: Не указан

Категория: Не указан

Дисциплина: Не указана

Добавлен: 12.01.2024

Просмотров: 56

Скачиваний: 1

ВНИМАНИЕ! Если данный файл нарушает Ваши авторские права, то обязательно сообщите нам.

Ўзбекистон Республикаси Сув хўжалиги вазири Ш.Хамраевнинг Олий Мажлис Қонунчилик палатаси мажлисида “Гидротехника иншоотларининг хавфсизлиги тўғрисида”ги Қонун лойиҳаси юзасидан маърузаси
2023 йил 24 январь


Ассалому алайкум, ҳурматли депутатлар ва мажлис иштирокчилари!

Ҳурматли депутатлар ҳаммамизга маълумки бугунги кунда ер юзида иқлимнинг кескин ўзгариши, сув ва бошқа табиий ресурслар камайиши билан боғлиқ муаммолар вужудга келаётгани кузатилмоқда. Бу эса Ўзбекистон шароитида суғорма деҳқончилик қилишда сув ресурсларидан оқилона фойдаланишни, сув ресурсларини бошқаришда мавжуд мураккаб ирригация тизимларидан фойдаланиш, иншоотларнинг хавфсиз ва ишончли ишлашини таъминлашимизни тақозо этмоқда.

Президентимиз Шавкат Миромонович Мирзиёевнинг ташаббуси билан сўнгги йилларда республикамизда сув хўжалиги соҳасида давлат бошқаруви тизими ва унинг самарадорлигини ошириш, сув хўжалигини модернизация қилиш ва ривожлантириш, сув хўжалиги объектлари хавфсизлигини таъминлаш борасида изчил иқтисодий ислоҳотлар амалга оширилмоқда.

Мавжуд сув ресурсларидан оқилона фойдаланишни, сув ресурсларини бошқаришда мураккаб ирригация тизимларидан фойдаланиш, иншоотларнинг хавфсиз ва ишончли ишлашини таъминлашда қонуний тамойиллар асосида бошқариш талаб этади.

Амалдаги Ўзбекистон Республикасининг “Гидротехника иншоотларининг хавфсизлиги тўғрисида”ги Қонуни 1999 йилда қабул қилинган бўлиб, қабул қилинганига 20 йилдан ортиқ давр ўтиб сув хўжалигида охирги йилларда амалга оширилган иқтисодий ислоҳотлар, тизимдаги ўзгаришлар натижасида мазкур Қонунни қайта кўриб чиқиш кераклигини кўрсатмоқда.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил
6 апрелдаги ПФ-6200-сонли Фармони билан «Гидротехника иншоотларининг хавфсизлиги тўғрисида»ги янги таҳрирдаги Ўзбекистон Республикаси қонуни лойиҳасини замонавий талаблар ва ёндашувлар асосида ишлаб чиқиш белгиланган.

Бунда Қонун лойиҳасини ишлаб чиқиш бўйича «Йўл харитаси» ва ишчи гуруҳ таркиби тасдиқланди.

Мазкур ишчи гуруҳ томонидан сув хўжалиги объектларини лойиҳалаштириш, қуриш ва улардан фойдаланиш бўйича амалга оширилаётган ишлар ҳамда мавжуд гидротехника иншоотларини техник ҳолати ўрганилиб,
хато ва камчиликлар таҳлил қилинди.

Сув хўжалиги тизимида жами 73 та сув омборива сел-сув омбори, 1688 та насос станцияси, 49 та ГЭС ва бошқа сув хўжалиги объектлар мавжуд. Сув хўжалиги объектларининг аксарият қисмидан 40 йилдан ортиқ фойдаланилмоқда. Бу эса уларни ўз вақтида таъмирлаш-тиклаш ва реконструкция қилиш ҳамда замонавий асбоб-ускуналар билан жиҳозлаш ишларини амалга ошириш, техник соз ҳолатда сақлаш ҳамда уларнинг хавфсиз ва ишончли ишлашини таъминлашни талаб қилмоқда.

Амалдаги Қонунда гидротехника иншоотларининг лойиҳалаш ва қуришда уларнинг хавфсизлигини таъминлаш юзасидан лойиҳачи, буюртмачи ва пудрат ташкилотларнинг мажбуриятлари белгиланмаган.

Шунингдек, гидротехника иншоотларидан фойдаланиш даврида содир бўлган авария натижасида етказилган зарарни қоплаш, гидротехника иншоотларининг хавфсизлигини таъминлаш соҳасида халқаро ҳамкорлик, гидротехника иншоотларининг хавфсизлиги қоидаларининг бузилиши бўйича жавобгарлик каби масалалар назарда тутилмаган. Қонунда фойдаланувчи ташкилотларнинг гидротехника иншоотларида назорат-кузатув тизимини такомиллаштириш, замоновий ахборот-коммуникация технологияларини қўллаш, муҳофаза зоналари ва соҳил бўйи минтақаларини белгилаш, иншоотларнинг хавфсизлигини таъминлаш билан боғлиқ бошқа мажбуриятлари белгиланмаган.

Юқоридагилардан келиб чиқиб, миллий қонунчилик ҳамда хорижий давлатлар, жумладан, Япония, АҚШ, Германия, Россия Федерацияси, Молдова, Озарбайжон, Тожикистон
ва бошқа давлатларнинг соҳага оид қонунчилиги ўрганилди. Россия, Туркия ва Австрия давлатларининг экспертлари томонидан Қонун лойиҳаси кўриб чиқилди, берилган таклифларга асосан “Гидротехника иншоотларининг хавфсизлиги тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни янги таҳрирда қайта ишлаб чиқилди.

Қонун лойиҳасига 167 та янги бандни ўз ичига олувган
21 та янги модда киритилди. Шу билан бирга, гидротехника иншоотларини қуришда уларнинг хавфсизлигини таъминлаш борасида (16-модда), хусусан:

гидротехника иншоотларини қуриш ва реконструкция қилиш лойиҳалари доирасида, биринчи навбатда, уларнинг хавфсиз ва ишончли ишлашини таъминлаш;

лойиҳаларни амалга ошириш учун ажратилган

маблағлардан мақсадли ва самарали фойдаланиши;

қурилиш бўйича муаллифлик ва геотехник назоратни ташкил этиши ва таъминлаш;

I ва II синфга мансуб гидротехника иншоотлари лойиҳаларини тайёрлаш ҳамда экспертизадан ўтказишда соҳа бўйича лойиҳа, илмий-таълим, шунингдек, нуфузли халқаро ташкилотлар ва хорижий компанияларнинг юқори малакали мутахассисларини белгиланган тартибда эксперт сифатида жалб қилиши;

гидротехника иншоотлари қурилиши бўйича тендер (танлов) савдоларида иштирок этиш учун сув хўжалиги объектларини қуриш соҳасида амалий иш тажрибасига, қурилиш ускуналари, лабораториялари, машина
ва механизмлари ҳамда махсус малакали, тажрибали қурувчи-мутахассисларга эга ташкилотларни жалб этиш буюртмачи ташкилотнинг мажбуриятлари этиб белгиланмоқда.

Шунингдек, гидротехника иншоотларининг хавфсизлигини таъминлаш соҳасида:

илмий-тадқиқот ишларини ривожлантириш ҳамда илмий фаолиятга оид давлат дастурлари доирасида бажарилган амалий ва инновацион лойиҳалар натижаларини ишлаб чиқариш амалиёти билан интеграция қилиш;

гидротехника иншоотларининг хавфсизлигини таъминлаш бўйича кадрларни тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш давлат сиёсатининг асосий йўналишлари этиб (6-модда) белгиланмоқда.

Гидротехника иншоотларининг хавфсизлигини таъминлаш юзасидан фойдаланувчи ташкилотларнинг ваколатлари ва мажбуриятлари оширилиб (15-модда), 6 та янги банд киритилди, хусусан:

гидротехника иншоотларининг сувни муҳофаза қилиш
ва соҳил бўйи минтақалари белгиланишини таъминлаши, уларни замонавий асбоб-ускуна, назорат-ўлчов ва кузатув қурилмалари билан жиҳозланиши ҳамда рақамли технологияларни жорий қилиши, назорат-ўлчов ва кузатув қурилмаларини ишчи ҳолатда сақлаш ва такомиллаштириш ҳамда улардан мақсадли фойдаланилишини, шунингдек, сейсмик хавфсизликни таъминланишини техник жиҳатдан тартибга солиш қоидаларига қатъи риоя этиши белгиланмоқда.

Қонун лойиҳасига ундан самарали фойдаланиш мақсадида 5 та янги тушунча киритилди.

Амалдаги Қонуннинг 59 та бандига ўзгартириш ва қўшимчалар киритилди, 6 та банди чиқариб ташланди. Қонун лойиҳаси тубдан қайта ишланиб, жами 7 та боб, 235 та банд ва 35 та моддадан иборат бўлмоқда (амалдаги Қонун 69 та банддан иборат 14 та моддадан ташкил топган).


Мазкур Қонун қабул қилиниши натижасида:

гидротехника иншоотларининг хавфсизлигини таъминлаш юзасидан буюртмачи, лойиҳа, пудрат ва фойдаланувчи ташкилотларнинг масъулияти оширилади;

гидротехника иншоотлари зарур назорат-кузатув асбоб-ускуналари, шунингдек, фавқулодда вазиятлар ҳақида аҳолига зудлик билан хабар бериш тизими билан жиҳозланиши белгилаб қўйилади;

махсус давлат назорати органининг ваколати оширилади;

иншоотларни лойиҳалаштириш, қуриш, реконструкция қилиш, таъмирлаш-тиклаш, консервация қилиш ва тугатиш ишларида хавфсизлик бўйича назорат кучайтирилади ва тизимли ишлар ташкил қилинади;

I ва II синфга мансуб гидротехника иншоотлари лойиҳаларини тайёрлаш ҳамда экспертизадан ўтказишда соҳа бўйича лойиҳа, илмий-таълим, шунингдек, нуфузли халқаро ташкилотлар ва хорижий компанияларнинг юқори малакали мутахассисларини эксперт сифатида жалб этилади;

гидротехника иншоотларидаги лойиҳа-қидирув ишларини илмий-техник жиҳатдан кузатишда илмий ташкилотлар иштирокини таъминлади;

гидротехника иншоотларининг хавфсиз ва ишончли ишлаши ҳамда аҳоли ва иқтисодиёт тармоқларининг хавфсизлиги таъминланишига эришилади.

Ҳурматли депутатлар “Гидротехника иншоотларининг хавфсизлиги тўғрисида”ги Қонун лойиҳасини биринчи ўқишда концептуал жиҳатдан маъқуллаб беришингизни сўраймиз.

Эътиборингиз учун раҳмат!

Маърузанинг видеоформати билан қуйидаги ҳавола орқали танишиш мумкин: https://t.me/TGminwater/7319