ВУЗ: Не указан

Категория: Не указан

Дисциплина: Не указана

Добавлен: 30.11.2023

Просмотров: 825

Скачиваний: 2

ВНИМАНИЕ! Если данный файл нарушает Ваши авторские права, то обязательно сообщите нам.

559-модда. Якка тартибдаги меҳнат низосининг кўриб чиқилиши учун судга мурожаат қилиш ҳуқуқи

Қуйидагилар якка тартибдаги меҳнат низосининг кўриб чиқилиши учун судга мурожаат қилиш ҳуқуқига эга:

1) ходим ёки касаба уюшмаси қўмитаси;

2) Давлат меҳнат инспекциясининг мансабдор шахслари;

3) иш берувчи, у меҳнат низолари бўйича комиссиянинг қароридан норози бўлганда, шунингдек ўзига ходим томонидан етказилган моддий зарарнинг ўрнини қоплаш ҳақидаги низолар бўйича;

4) қонунчиликда белгиланган тартибда адлия органлари;

5) прокурор.

560-модда. Якка тартибдаги меҳнат низосининг кўриб чиқилиши учун судга мурожаат қилиш муддатлари

Якка тартибдаги меҳнат низосининг кўриб чиқилиши учун судга мурожаат қилишнинг қуйидаги муддатлари белгиланади:

ишга тиклаш тўғрисидаги низолар бўйича — ходимга у билан меҳнат шартномаси бекор қилинганлиги ҳақидаги иш берувчи буйруғининг кўчирма нусхаси топширилган кундан эътиборан уч ой;

ходим томонидан иш берувчига етказилган моддий зарарнинг ўрнини қоплаш тўғрисидаги низолар бўйича — иш берувчи зарар етказилганлигини аниқлаган кундан эътиборан бир йил;

бошқа меҳнат низолари бўйича — ходим ўзининг ҳуқуқи бузилганлиги тўғрисида билган ёки билиши керак бўлган кундан эътиборан олти ой.

Ходимнинг ҳаётига ва соғлиғига етказилган зиённинг ўрнини қоплаш тўғрисидаги низолар бўйича, шунингдек ходимга етказилган маънавий зиённи компенсация қилиш ҳақидаги низолар бўйича судга мурожаат этиш муддати белгиланмайди.

Якка тартибдаги меҳнат низоларини кўриб чиқиш бўйича судга мурожаат этиш муддатининг ўтиши якка тартибдаги меҳнат низосини медиация тартибида кўриб чиқиш даврида тўхтатиб турилади.

561-модда. Меҳнат шартномасини бекор қилиш тўғрисидаги ва бошқа ишга ўтказиш ҳақидаги низолар бўйича қарорлар қабул қилиш

Меҳнат шартномаси қонуний асоссиз бекор қилинган, ғайриқонуний равишда бошқа ишга ўтказилган, меҳнат шартлари ўзгартирилган ёхуд ишдан четлаштирилган ҳолларда якка тартибдаги меҳнат низосини кўриб чиқувчи орган ходимни аввалги ишига тиклайди, шунингдек аввалги меҳнат шартларини тиклайди.


Меҳнат шартномасини иш берувчининг ташаббусига кўра бекор қилишнинг қонунийлиги тўғрисидаги масалани ҳал қилаётганда суд ходим билан меҳнат муносабатларини тугатишнинг асослилигига баҳо беради.

Якка тартибдаги меҳнат низосини кўриб чиқаётган суд ходимга мажбурий прогулнинг бутун вақти учун ўртача иш ҳақини ёки кам иш ҳақи тўланадиган ишни бажарган бутун вақти учун иш ҳақидаги фарқни тўлаш тўғрисида қарор қабул қилади.

Ғайриқонуний равишда ҳукм қилинганлиги муносабати билан меҳнат шартномаси бекор қилинган ёхуд ғайриқонуний равишда жиноий жавобгарликка тортилганлиги муносабати билан ишдан (лавозимидан) четлаштирилган ходимга аввалги иши (лавозими) берилиши керак, агар бунинг имкони бўлмаса (ташкилотнинг (унинг алоҳида бўлинмасининг) тугатилиши, қисқартиришга олиб келган штатлар ўзгариши ёки ишига (лавозимига) тикланишига тўсқинлик қилувчи қонунда назарда тутилган бошқа асослар мавжуд бўлган тақдирда), аввалгисига тенг бошқа иш (лавозим) берилиши керак.

Ташкилот (унинг алоҳида бўлинмаси) тугатилган ҳолларда ёки ишга (лавозимга) тиклашга монелик қиладиган, қонунда назарда тутилган ўзга асослар мавжуд бўлган тақдирда, бошқа тенг иш бериш маҳаллий меҳнат органлари томонидан амалга оширилади.

562-модда. Ходимларни суд харажатларидан озод қилиш

Ходимлар якка тартибдаги меҳнат муносабатларидан келиб чиқадиган талаблар бўйича судга мурожаат этганда суд харажатларидан озод қилинади.

563-модда. Даъво миқдорига ва уни таъминлашга доир чекловларнинг мавжуд эмаслиги

Якка тартибдаги меҳнат низолари бўйича даъво миқдорига ва даъвони таъминлашга доир ҳеч қандай чекловлар белгиланиши мумкин эмас.

564-модда. Меҳнат шартномасини ғайриқонуний равишда бекор қилишда, ишдан ғайриқонуний равишда четлаштиришда ёки ходимни ғайриқонуний равишда бошқа ишга ўтказишда айбдор бўлган мансабдор шахснинг зиммасига моддий жавобгарликни юклаш

Ўзи билан тузилган меҳнат шартномаси ғайриқонуний равишда бекор қилинган ходимга, ишдан ғайриқонуний равишда четлаштирилган ходимга ёки ғайриқонуний равишда бошқа ишга ўтказилган ходимга иш ҳақи тўлаш билан боғлиқ ҳолда мансабдор шахс томонидан иш берувчига зарар етказилган тақдирда, суд етказилган зарарнинг ўрнини қоплаш мажбуриятини меҳнат тўғрисидаги қонунчиликни бузганликда айбдор бўлган мансабдор шахс зиммасига юклатади. Бундай мажбурият мансабдор шахс ходимни ишга тиклаш тўғрисидаги меҳнат низолари бўйича комиссиянинг ёки суднинг қарорини кечиктирган тақдирда ҳам юклатилади.



Моддий зарарнинг ўрнини қоплаш миқдори мансабдор шахснинг уч ойлик маошидан ортиқ бўлмаслиги керак.

565-модда. Маънавий зиённи компенсация қилиш

Ходимнинг меҳнат ҳуқуқлари бузилиши унга маънавий ва (ёки) жисмоний азоб-уқубатлар етказишга сабаб бўлган ҳолларда, суд иш берувчи томонидан ходимга етказилган маънавий зиённи компенсация қилиш тўғрисида ходимнинг талабига кўра қарор чиқаришга ҳақли. Маънавий зиённинг миқдори суд томонидан белгиланади.

5-§. Якка тартибдаги меҳнат низолари бўйича қарорларнинг ижро этилиш тартиби

566-модда. Меҳнат низолари бўйича комиссия қарорининг ижро этилиши

Меҳнат низолари бўйича комиссиянинг қарорини иш берувчи ушбу қарор устидан шикоят қилиш учун назарда тутилган ўн кун ўтганидан кейин уч кунлик муддатда ижро этиши керак.

Иш берувчи ушбу модданинг биринчи қисмида назарда тутилган муддатда меҳнат низолари бўйича комиссиянинг қарорини ижро этмаган тақдирда, комиссия томонидан ходимга ижро варақаси кучига эга бўлган гувоҳнома (бундан буён матнда гувоҳнома деб юритилади) берилади.

Гувоҳномада:

меҳнат низоси бўйича қарор чиқарган меҳнат низолари бўйича комиссиянинг номи;

қарор қабул қилинган ва гувоҳнома берилган саналар;

ходимнинг фамилияси, исми, отасининг исми;

низонинг моҳияти бўйича қарор кўрсатилади.

Гувоҳнома комиссия раиси ва котибининг имзолари билан тасдиқланади ҳамда ходимга имзо қўйдириб берилади.

Ходим меҳнат низолари бўйича комиссиянинг қарори қабул қилинган кундан эътиборан бир ой ичида гувоҳномани олиш учун комиссияга мурожаат қилиши мумкин.

Агар ходим ёки иш берувчи якка тартибдаги меҳнат низосини кўриб чиқиш ҳақидаги ариза билан судга мурожаат қилган бўлса, гувоҳнома берилмайди.

Меҳнат низолари бўйича комиссия томонидан берилган ҳамда олинган кунидан эътиборан уч ойдан кечиктирилмаган муддатда тақдим этилган гувоҳнома асосида давлат ижрочиси комиссиянинг қарорини «Суд ҳужжатлари ва бошқа органлар ҳужжатларини ижро этиш тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига мувофиқ мажбурий тартибда ижро этади.

Меҳнат низолари бўйича комиссия ушбу модданинг бешинчи ва еттинчи қисмларида белгиланган муддатларни ходим узрли сабабларга кўра ўтказиб юборган деб топса, комиссия бу муддатларни тиклайди.


567-модда. Якка тартибдаги меҳнат низоларини кўриб чиқувчи органларнинг қарорига биноан тўланган суммаларни қайтариб ундириб олишнинг чекланиши

Меҳнат низолари бўйича комиссиянинг қарорига, шунингдек якка тартибдаги меҳнат низоси бўйича суднинг қарорига кўра ходимга тўланган суммаларни қарор бекор қилинганида ундан қайтариб ундириб олишга фақат бекор қилинган қарор ходим томонидан берилган ёлғон маълумотларга ёки унинг томонидан тақдим этилган қалбаки ҳужжатларга асосланган ҳолларда йўл қўйилади.

568-модда. Меҳнат шартномасини бекор қилиш асосларининг таърифини ўзгартириш

Меҳнат шартномасини бекор қилиш асосларининг таърифи нотўғри деб ёки қонунчиликка мувофиқ эмас деб топилган тақдирда, суд ушбу таърифни ўзгартиради ва қарорда меҳнат шартномасини бекор қилиш асосини қонунчиликка қатъий мувофиқ равишда қонуннинг тегишли моддасига (қисмига, бандига, хатбошига) ҳавола қилган ҳолда кўрсатади.

Суд қонунчиликда назарда тутилган кафолатларни бериш тўғрисидаги ва ходимга тегишли ишдан бўшатиш нафақасининг миқдори ҳақидаги масалани бир вақтнинг ўзида ҳал қилади.

Агар суд меҳнат шартномасини бекор қилиш асосларининг таърифи ходимнинг шаъни, қадр-қиммати ва ишчанлик обрўсига путур етказади деб топса, унда суд ходимга етказилган маънавий зиённи унинг талабига кўра компенсация қилиш масаласини ҳал этади.

569-модда. Айрим якка тартибдаги меҳнат низолари бўйича қарорларнинг дарҳол ижро этилиши

Ўзи билан тузилган меҳнат шартномаси ғайриқонуний равишда бекор қилинган ходимни ишга тиклаш, шунингдек меҳнат шартномасини бекор қилиш асосларининг таърифини ўзгартириш тўғрисидаги суд қарори ёхуд ғайриқонуний равишда бошқа ишга ўтказилган ходимни аввалги ишига тиклаш ҳақидаги ёхуд ғайриқонуний равишда ишдан четлаштирилган ходимга аввалги ишини бериш тўғрисидаги якка тартибдаги меҳнат низоларини кўриб чиқувчи органнинг қарори дарҳол ижро этилиши лозим. Иш берувчи томонидан бундай қарорнинг ижроси кечиктирилган тақдирда, қарорни қабул қилган меҳнат низосини кўриб чиқувчи орган, ходимнинг мурожаатига кўра, ажримнинг ёки қарорнинг ижроси кечиктирилган бутун вақт учун ходимга ўртача иш ҳақини ёки иш ҳақидаги фарқни тўлиқ миқдорда тўлаш тўғрисида тегишинча ажрим ёки қарор чиқаради.


Иш берувчи меҳнат низолари бўйича комиссиянинг қарорини ўз вақтида ижро этмаган тақдирда, ғайриқонуний равишда бошқа ишга ўтказилган ёки ғайриқонуний равишда ишдан четлаштирилган ходим ўзига иш берувчи томонидан комиссия қарорининг ижроси кечиктирилиши сабаб бўлган мажбурий прогулнинг бутун вақти учун ўртача иш ҳақи ёки иш ҳақидаги фарқ тўланишини талаб қилиб, судга мурожаат этишга ҳақли.

Меҳнат низоларини кўриб чиқувчи органнинг ходимга иш ҳақини тўлаш, лекин уч ойдан кўп бўлмаган муддат учун тўлаш тўғрисидаги қарори ҳам дарҳол ижро этилиши лозим.

Суд ҳужжатлари якка тартибдаги меҳнатга оид муносабатлардан келиб чиқувчи талабларга кўра бекор қилинган тақдирда, агар бекор қилинган суд ҳужжати даъвогар хабар қилган ёлғон маълумотларга ёки унинг томонидан тақдим этилган қалбаки ҳужжатларга асосланган бўлса, суд ҳужжатининг қайтарма ижро этилишига йўл қўйилади.

6-§. Жамоавий меҳнат низоларини ҳал этиш (тартибга солиш)

570-модда. Асосий тушунчалар

Яраштирув-воситачилик тартиб-таомиллари жамоавий меҳнат низосини дастлаб яраштириш комиссиясида, унда келишувга эришилмаганда эса меҳнат арбитражида, шунингдек тарафларнинг ўзаро келишувига кўра медиация тартиб-таомилларини қўллаган ҳолда тадрижий ҳал этишдан (тартибга солишдан) иборатдир.

Яраштириш комиссияси жамоавий меҳнат низосини тарафларни яраштириш йўли билан ҳал этиш (тартибга солиш) учун иш берувчи ва ходимлар (уларнинг вакиллари) ўртасидаги келишув асосида тузиладиган органдир.

Меҳнат арбитражи яраштириш комиссиясида келишувга эришилмаганда жамоавий меҳнат низоси тарафлари томонидан низони ҳал этиш учун ваколатли шахсларни жалб этган ҳолда тузиладиган вақтинча ёки доимий асосда фаолият кўрсатувчи органдир.

Иш берувчининг (унинг вакилининг) ходимлар (уларнинг вакиллари) талабларининг барчасини ёки бир қисмини рад этиш тўғрисидаги қарори хабар қилинган кун ёки иш берувчи (унинг вакили) ушбу Кодекс 572-моддасининг иккинчи ва учинчи қисмларида назарда тутилган муддатларда ўз қарори ҳақида хабар қилмаган кун жамоавий меҳнат низоси бошланган кун ҳисобланади.

571-модда. Ходимларнинг ва улар вакилларининг талаблар қўйиши

Ушбу Кодекснинг 42-моддасига мувофиқ белгиланган ходимлар ва уларнинг вакиллари талаблар қўйиш ҳуқуқига эга.