ВУЗ: Не указан

Категория: Не указан

Дисциплина: Не указана

Добавлен: 30.11.2023

Просмотров: 765

Скачиваний: 2

ВНИМАНИЕ! Если данный файл нарушает Ваши авторские права, то обязательно сообщите нам.


Йиллар, ойлар, ҳафталар билан ҳисобланадиган муддатлар муддатнинг сўнгги йили, ойи, ҳафтасининг тегишли санасида тугайди.

Агар ойлар билан ҳисобланадиган муддатнинг охири муддатнинг ўтиши бошланган ойга нисбатан кунлари кўпроқ ёки камроқ бўлган ойга тўғри келса, муддат тугайдиган ойнинг охирги куни муддат тугайдиган кун деб ҳисобланади.

Календарь йиллар, ойлар, ҳафталар ёки кунлар билан ҳисобланадиган муддатга ишланмайдиган кунлар ҳам қўшилади.

Агар муддатнинг сўнгги куни ишланмайдиган кунга тўғри келса, ундан кейин келадиган биринчи иш куни муддат тугайдиган кун деб ҳисобланади.

2-боб. Меҳнат тўғрисидаги қонунчилик ва меҳнат ҳақидаги бошқа ҳуқуқий ҳужжатлар

10-модда. Меҳнат тўғрисидаги қонунчилик

Меҳнат тўғрисидаги қонунчилик ушбу Кодексдан ҳамда якка тартибдаги меҳнатга оид муносабатларни ва улар билан бевосита боғлиқ бўлган ижтимоий муносабатларни тартибга солувчи бошқа қонунчилик ҳужжатларидан иборатдир.

Агар Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномасида ходимлар учун Ўзбекистон Республикасининг меҳнат тўғрисидаги қонунчилигига ёки меҳнат ҳақидаги бошқа ҳуқуқий ҳужжатларга нисбатан имтиёзлироқ қоидалар белгиланган бўлса, халқаро шартнома қоидалари қўлланилади.

Ўзбекистон Республикаси халқаро шартномаларининг қоидалари меҳнатга оид якка тартибдаги муносабатлар ва улар билан бевосита боғлиқ бўлган ижтимоий муносабатлар Ўзбекистон Республикасининг меҳнат тўғрисидаги қонунчилигида тўғридан-тўғри тартибга солинмаган ҳолларда ҳам қўлланилади.

11-модда. Меҳнат тўғрисидаги қонунчиликнинг амал қилиш соҳаси

Меҳнат тўғрисидаги қонунчиликнинг амал қилиши:

ходим ва иш берувчи ўртасидаги якка тартибдаги меҳнатга оид муносабатларга;

якка тартибдаги меҳнатга оид муносабатлар билан бевосита боғлиқ бўлган ижтимоий муносабатларга нисбатан татбиқ этилади.

Меҳнат тўғрисидаги қонунчиликда ва меҳнат ҳақидаги бошқа ҳуқуқий ҳужжатларда, меҳнат шартномасида назарда тутилган меҳнат шартларини иш берувчи томонидан таъминлашда ходимнинг меҳнат вазифасини ички меҳнат тартибига бўйсунган ҳолда ҳақ эвазига шахсан бажариши ҳақидаги, ходим билан иш берувчи ўртасидаги келишувга асосланган муносабатлар якка тартибдаги меҳнат муносабатларидир.


Ходим билан иш берувчи ўртасидаги якка тартибдаги меҳнатга оид муносабатларни ҳақиқатда тартибга соладиган фуқаролик-ҳуқуқий хусусиятга эга шартномалар тузиш тақиқланади.

Якка тартибдаги меҳнатга оид муносабатлар билан бевосита боғлиқ бўлган ижтимоий муносабатлар жумласига қуйидагилар киради:

ходимни иш берувчида ишга жойлаштиришга оид муносабатлар;

ходимни иш берувчида касбга тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва унинг малакасини оширишга оид муносабатлар;

меҳнат соҳасидаги ижтимоий шериклик жараёнида шаклланадиган жамоавий меҳнат муносабатлари;

меҳнат тўғрисидаги қонунчиликка, меҳнатни муҳофаза қилиш қоидаларига ҳамда меҳнат ҳақидаги бошқа ҳуқуқий ҳужжатларга риоя этилиши устидан текширув ва назоратга оид муносабатлар;

меҳнат низоларини кўриб чиқишга оид муносабатлар.

Агар Ўзбекистон Республикасининг қонунларида ёки халқаро шартномасида бошқача қоида назарда тутилмаган бўлса, Ўзбекистон Республикаси ҳудудида меҳнат тўғрисидаги қонунчилик билан белгиланган қоидалар чет эл фуқаролари, фуқаролиги бўлмаган шахслар иштирокидаги, чет эл фуқаролари, фуқаролиги бўлмаган шахслар томонидан ташкил этилган ёки таъсис этилган ташкилотлар ёхуд ушбу фуқаролар, шахслар иштирокидаги, халқаро ташкилотлар ва чет эл юридик шахслари иштирокидаги меҳнатга оид муносабатларга нисбатан татбиқ этилади.

Меҳнат тўғрисидаги қонунчиликнинг амал қилиши Ўзбекистон Республикаси давлат хизматчиларига, шу жумладан Ўзбекистон Республикасининг хориждаги давлат муассасаларига (дипломатик, консуллик муассасаларига ва бошқа муассасаларга) ишга юборилган ходимларига, шунингдек қонунда назарда тутилган ўзига хос хусусиятларга эга бўлган муқобил хизматни ўтаётган шахсларга нисбатан татбиқ этилади.

Контракт бўйича ҳарбий хизматни ўтаётган ҳарбий хизматчиларга, шунингдек ички ишлар ва давлат божхона хизмати органларида, Ўзбекистон Республикаси Давлат хавфсизлик хизматида, Миллий гвардиясида хизмат ўтаётган ҳарбий хизматчиларга (ходимларга) ва уларга тенглаштирилган бошқа шахсларга нисбатан меҳнат тўғрисидаги қонунчиликнинг махсус қонунчиликка зид бўлмаган қисми татбиқ этилади.

Судьяларга нисбатан меҳнат тўғрисидаги қонунчиликнинг судлар тўғрисидаги қонунчиликда тартибга солинмаган қисми бўйича татбиқ этилади.

Прокуратура органлари ходимларига нисбатан меҳнат тўғрисидаги қонунчиликнинг прокуратура органлари фаолиятини тартибга солувчи қонунчиликка зид бўлмаган қисми татбиқ этилади.



Қутқарув хизматларининг ва профессионал қутқарув тузилмаларининг меҳнат шартномаси бўйича ишлаётганлар жумласидан бўлган қутқарувчиларининг меҳнатга оид муносабатларига нисбатан меҳнат тўғрисидаги қонунчиликнинг амал қилиши «Қутқарув хизмати ва қутқарувчи мақоми тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни билан тартибга солинмаган қисми бўйича татбиқ этилади.

Жиноятлар содир этганлик учун суднинг ҳукми билан ҳукм қилинганларнинг меҳнатга оид муносабатларига нисбатан меҳнат тўғрисидаги қонунчиликнинг амал қилиши Ўзбекистон Республикасининг Жиноят-ижроия кодексида назарда тутилган истиснолар ва чекловлар ҳисобга олинган ҳолда татбиқ этилади.

Меҳнат тўғрисидаги қонунчилик қуйидаги шахсларга нисбатан (агар улар ушбу Кодексда белгиланган тартибда бир вақтнинг ўзида иш берувчилар ёки уларнинг вакиллари сифатида иш юритмаса) татбиқ этилмайди:

муддатли ҳарбий хизматни ўтаётган ҳарбий хизматчиларга;

ташкилотларнинг кузатув кенгашлари аъзоларига;

мазкур ташкилотнинг ходимлари бўлмаган тафтиш комиссиялари аъзоларига (тафтишчиларга);

фуқаролик-ҳуқуқий хусусиятга эга шартномалар асосида ишларни бажараётган (хизматлар кўрсатаётган) шахсларга;

агар қонунда белгиланган бўлса, бошқа шахсларга.

Агар шахсий меҳнатдан фойдаланиш билан боғлиқ бўлган муносабатлар фуқаролик-ҳуқуқий хусусиятга эга шартнома асосида юзага келган бўлса, бироқ кейинчалик ушбу Кодексда ёки бошқа қонунларда белгиланган тартибда якка тартибдаги меҳнатга оид муносабатлар деб эътироф этилган бўлса, бундай муносабатларга нисбатан меҳнат тўғрисидаги қонунчилик ва меҳнат ҳақидаги бошқа ҳуқуқий ҳужжатлар қоидалари қўлланилади.

12-модда. Меҳнат ҳақидаги бошқа ҳуқуқий ҳужжатлар

Меҳнат ҳақидаги бошқа ҳуқуқий ҳужжатлар қуйидагилардан иборат:

жамоа келишувлари;

жамоа шартномалари;

иш берувчи томонидан касаба уюшмаси қўмитаси билан келишувга кўра қабул қилинадиган ички ҳужжатлар;

ички ҳужжатлар, шу жумладан иш берувчи ўз ваколатлари доирасида якка ўзи қабул қиладиган якка тартибдаги ҳуқуқий ҳужжатлар.


13-модда. Меҳнат тўғрисидаги қонунчиликнинг ва меҳнат ҳақидаги бошқа ҳуқуқий ҳужжатларнинг ўзаро нисбати

Меҳнат ҳақидаги бошқа ҳуқуқий ҳужжатларда ходимлар учун меҳнат тўғрисидаги қонунчиликда белгиланганига нисбатан қўшимча ҳуқуқлар ва кафолатлар назарда тутилиши мумкин.

Меҳнат ҳақидаги бошқа ҳуқуқий ҳужжатларга ходимнинг ҳолатини меҳнат тўғрисидаги қонунчиликка нисбатан ёмонлаштирувчи қоидаларни киритишга йўл қўйилмайди.

14-модда. Жамоа келишувларининг ўзаро нисбати ва ички ҳужжатлар билан ўзаро нисбати

Тармоқ ва ҳудудий жамоа келишувларига ходимларнинг ҳолатини бош жамоа келишувига нисбатан ёмонлаштирувчи қоидаларни киритиш тақиқланади.

Тармоқ ва ҳудудий жамоа келишувлари қоидаларида тафовутлар мавжуд бўлган ҳолларда, қайси жамоа келишуви ходим учун қулайроқ шарт-шароитларни ўз ичига олган бўлса, ўша келишув қоидалари қўлланилади.

Ички ҳужжатларда ходимлар учун уларга нисбатан амал қилиши татбиқ этиладиган жамоа келишувларида белгиланганига нисбатан қўшимча меҳнат ҳуқуқлари ва кафолатлари назарда тутилиши мумкин.

Ички ҳужжатларга ходимнинг ҳолатини жамоа келишувларига нисбатан ёмонлаштирувчи қоидаларни киритиш тақиқланади.

15-модда. Ички ҳужжатларнинг ўзаро нисбати

Иш берувчи томонидан касаба уюшмаси қўмитаси билан келишувга кўра қабул қилинган, шунингдек иш берувчи якка ўзи қабул қилган ички ҳужжатлар жамоа шартномасига нисбатан ходимнинг ҳолатини ёмонлаштирувчи қоидаларни ўз ичига олмаслиги керак.

Иш берувчи якка ўзи қабул қилган ички ҳужжатлар ходимнинг ҳолатини иш берувчи томонидан касаба уюшмаси қўмитаси билан келишувга кўра қабул қилинган ички ҳужжатларга нисбатан ёмонлаштирувчи қоидаларни ўз ичига олмаслиги керак.

Агар меҳнат тўғрисидаги қонунчиликда, жамоа келишувларида ёхуд жамоа шартномасида ёки иш берувчи томонидан касаба уюшмаси қўмитаси билан келишувга кўра қабул қилинган меҳнат ҳақидаги бошқа ҳуқуқий ҳужжатларда у ёки бу масала иш берувчи томонидан касаба уюшмаси қўмитаси билан келишувга кўра ҳал этилиши кераклиги назарда тутилган бўлса, ушбу талабга риоя этиш иш берувчи учун мажбурийдир.

Касаба уюшмаси қўмитаси ушбу модданинг учинчи қисмида белгиланган масалалар бўйича қабул қилинган қарор тўғрисида иш берувчига унинг ёзма мурожаати олинган кундан эътиборан йигирма кунлик муддатда ёзма
шаклда хабар бериши керак, бундан ушбу Кодексда бошқа муддат назарда тутилган ҳоллар мустасно. Агар мазкур муддат тугагач иш берувчининг мурожаати жавобсиз қолган бўлса, иш берувчи тегишли масалани касаба уюшмаси қўмитасининг розилигини олмасдан ҳал қилишга ҳақлидир.

Ташкилотда касаба уюшмаси қўмитаси ташкил этилмаган ҳолларда иш берувчи қонунчиликка мувофиқ касаба уюшмаси қўмитаси билан келишиб олиниши керак бўлган масалаларни ҳал қилиш нияти тўғрисида меҳнат жамоасини ёзма шаклда хабардор қилиши шарт. Агар ахборот олинган кундан эътиборан икки ҳафта ичида меҳнат жамоасининг бошланғич касаба уюшмаси ташкилотини ёки ходимларнинг бошқа вакиллик органини ташкил этиш тўғрисидаги қарори қабул қилинадиган умумий йиғилиши (конференцияси) ўтказилмаса, иш берувчи тегишли масалаларни мустақил равишда ҳал қилишга ҳақлидир.

16-модда. Меҳнат тўғрисидаги қонунчиликнинг, меҳнат ҳақидаги бошқа ҳуқуқий ҳужжатларнинг ва меҳнат шартномасининг ўзаро нисбати

Ходим билан тузилган меҳнат шартномасида ходимга меҳнат тўғрисидаги қонунчиликда ва меҳнат ҳақидаги бошқа ҳуқуқий ҳужжатларда назарда тутилганига нисбатан қўшимча ҳуқуқлар ва кафолатлар назарда тутилиши мумкин.

Меҳнат шартномасига ходимнинг ҳуқуқий ҳолатини меҳнат тўғрисидаги қонунчиликка ва меҳнат ҳақидаги бошқа ҳуқуқий ҳужжатларга нисбатан ёмонлаштирувчи шартларни киритиш тақиқланади.

17-модда. Меҳнат ҳақидаги бошқа ҳуқуқий ҳужжатлар қоидаларининг ва меҳнат шартномаси шартларининг ҳақиқий эмаслиги

Ушбу Кодекс 13-моддасининг иккинчи қисмида, 14-моддасининг биринчи, иккинчи ва тўртинчи қисмларида, 15-моддасининг биринчи ва иккинчи қисмларида назарда тутилган талабларга риоя этмаслик ходимнинг ҳолатини ёмонлаштирадиган меҳнат ҳақидаги бошқа ҳуқуқий ҳужжатлар қоидаларининг ҳақиқий эмаслигига сабаб бўлади.

Ушбу Кодекс 16-моддасининг иккинчи қисмида назарда тутилган талабларга риоя этмаслик ходимнинг ҳолатини ёмонлаштирадиган меҳнат шартномаси шартларининг ҳақиқий эмаслигига сабаб бўлади.

Ҳақиқий бўлмаган меҳнат ҳақидаги бошқа ҳуқуқий ҳужжатларнинг қоидалари, шунингдек меҳнат шартномасининг шартлари қўлланилмайди. Бундай қоидалар ва шартлар қабул қилинган пайтдан эътиборан ҳақиқий эмас деб ҳисобланади.