ВУЗ: Не указан
Категория: Не указан
Дисциплина: Не указана
Добавлен: 10.11.2023
Просмотров: 64
Скачиваний: 2
ВНИМАНИЕ! Если данный файл нарушает Ваши авторские права, то обязательно сообщите нам.
ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ ВАЗИРЛАР МАҲКАМАСИНИНГ
ҚАРОРИ
УМУМИЙ ЎРТА ТАЪЛИМ ТЎҒРИСИДАГИ НИЗОМНИ ТАСДИҚЛАШ ҲАҚИДА
Умумий ўрта таълимга қўйилаётган замонавий талабларни ҳисобга олган ҳолда умумий ўрта таълим муассасалари фаолиятини ташкил этиш тўғрисидаги норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни такомиллаштириш, умумий ўрта таълимнинг ўрта махсус, касб-ҳунар таълими билан узвий алоқадорлигини таъминлаш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси қарор қилади:
1. Умумий ўрта таълим тўғрисидаги низом 1-иловага мувофиқ тасдиқлансин.
2. Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг 2-иловага мувофиқ айрим қарорлари ўз кучини йўқотган деб ҳисоблансин.
3. Вазирликлар ва идоралар ўзлари қабул қилган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни бир ой муддатда ушбу қарорга мувофиқлаштирсинлар.
4. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг таълим ва илм-фан масалалари ахборот-таҳлил департаменти зиммасига юклансин.
Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А. АРИПОВ
Тошкент ш.,
2017 йил 15 март,
140-сон
Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йил 15 мартдаги 140-сон қарорига
1-ИЛОВА
Умумий ўрта таълим тўғрисида
НИЗОМ
1-боб. Умумий қоидалар
1. Мазкур Низом Ўзбекистон Республикасида умумий ўрта таълимни ташкил этиш ва умумий ўрта таълим муассасаларининг (кейинги ўринларда — умумтаълим муассасаси) фаолиятини амалга ошириш тартибини белгилайди.
Мазкур Низом талаблари барча умумтаълим муассасаларига нисбатан татбиқ этилади.
Олдинги таҳрирга қаранг.
2. Умумий ўрта таълимнинг муддати 11 йил бўлиб, узлуксиз таълим тизимининг мажбурий мустақил тури ҳисобланади ҳамда «Таълим тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига ва мазкур Низомга мувофиқ амалга оширилади.
(2-банд Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2021 йил 3 июндаги 345-сонли қарори таҳририда — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 04.06.2021 й., 09/21/345/0522-сон)
3. Умумтаълим муассасалари ўз фаолиятида Ўзбекистон Республикаси Конституцияси ва қонунларига, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг қарорларига, Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармонлари, қарорлари ва фармойишларига, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг қарорларига, ушбу Низомга, бошқа норматив-ҳуқуқий ҳужжатларга, шунингдек ўз уставларига амал қилади.
4. Умумтаълим муассасаси юридик шахс ҳисобланади ва ўз уставига, мустақил балансига, шахсий ғазна ҳисобварақларига (давлат таълим муассасалари учун), банк ҳисоб рақамларига, ўз номи кўрсатилган муҳрга (давлат умумтаълим муассасаларининг муҳрида Ўзбекистон Республикасининг Давлат герби тасвири туширилади), штампга ва бланкаларга эга бўлади.
Олдинги таҳрирга қаранг.
5. Умумий ўрта таълим ташкилотининг устави таълим ташкилотининг муассислари томонидан тасдиқланади ва ҳудудий тегишли туман (шаҳар) давлат хизматлари маркази томонидан рўйхатга олинади.
Умумий ўрта таълим ташкилотининг намунавий устави:
умумий ўрта таълим ташкилотлари ва ихтисослаштирилган мактаблар учун — Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги томонидан;
Президент, ижод ва ихтисослаштирилган мактаблар учун — Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Президент, ижод ва ихтисослаштирилган мактабларни ривожлантириш агентлиги томонидан ишлаб чиқилади.
(5-банд Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2021 йил 3 июндаги 345-сонли қарори таҳририда — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 04.06.2021 й., 09/21/345/0522-сон)
6. Давлат умумтаълим муассасаларида умумий ўрта таълим олиш бепул амалга оширилади.
7. Умумтаълим муассасасида таълим олиш тилини танлаш Ўзбекистон Республикасининг «Давлат тили ҳақида»ги Қонунига мувофиқ амалга оширилади.
2-боб. Умумий ўрта таълимнинг мақсади ва вазифалари
8. Давлат таълим стандартларига мувофиқ ҳар бир шахснинг таълим ва тарбия олишдаги конституциявий ҳуқуқини рўёбга чиқариш умумий ўрта таълимнинг мақсади ҳисобланади.
Умумий ўрта таълим ўқувчиларга билимларнинг зарур ҳажмини беради, мустақил фикрлаш, ташкилотчилик қобилияти ва амалий тажриба кўникмаларини ривожлантиради, дастлабки тарзда касбга йўналтиришга ва таълимнинг навбатдаги босқичини танлашга ёрдам беради.
9. Умумий ўрта таълимнинг вазифалари қуйидагилардан иборат:
ўқувчилар томонидан мунтазам билимлар олинишини таъминлаш, уларда билим олиш эҳтиёжини ривожлантириш, базавий ўқув, илмий ва умуммаданий билимларни шакллантириш;
ўқувчиларда миллий ҳамда умумбашарий қадриятларни уйғунлаштириш асосида юксак маънавий-ахлоқий фазилатларни тарбиялаш, ўз Ватанига ва халқига содиқ фуқарони шакллантириш;
Олдинги таҳрирга қаранг.
таълимнинг узлуксизлигини ва изчиллигини, умумтаълим муассасалари ўқув дастурларининг ўрта махсус, бошланғич профессионал таълим муассасалари ўқув дастурлари билан узвий боғлиқлигини таъминлаш;
(9-банднинг тўртинчи хатбошиси Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2021 йил 3 июндаги 345-сонли қарори таҳририда — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 04.06.2021 й., 09/21/345/0522-сон)
таълим-тарбия жараёнига ўқитишнинг замонавий ва инновацион педагогик услубларини ҳамда ахборот-коммуникация технологияларини кенг жорий этиш орқали таълим сифатини ошириш;
ўқувчиларнинг индивидуал ижобий хусусиятларини аниқлаш, қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш, уларнинг юксак даражада таълим-тарбия олишлари, ижодий имкониятларини шакллантириш ва ривожлантириш учун шарт-шароит яратиб бериш;
Олдинги таҳрирга қаранг.
профессионал ташхислаш ва касб-ҳунарга йўналтириш, шунингдек ўқувчиларни юқори малака талаб этмайдиган касбларга тайёрлаш.
(9-банднинг еттинчи хатбошиси Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2021 йил 3 июндаги 345-сонли қарори таҳририда — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 04.06.2021 й., 09/21/345/0522-сон)
10. Умумтаълим муассасалари умумий ўрта таълимнинг мақсад ва вазифаларини амалга ошириш учун зарур ташкилий, ўқув-услубий, моддий-техник ва психологик-педагогик шарт-шароитларни яратиб беради.
3-боб. Умумий ўрта таълимни ташкил этиш
Олдинги таҳрирга қаранг.
11. Умумий ўрта таълим бошланғич таълим (I — IV синфлар), таянч ўрта таълим (I — IX синфлар) ва ўрта таълим (X — XI синфлар) босқичларидан иборат бўлиб, кундузги таълим шаклида амалга оширилади.
(11-банд Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2021 йил 3 июндаги 345-сонли қарори таҳририда — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 04.06.2021 й., 09/21/345/0522-сон)
12. Бошланғич таълим ўқувчиларда ўқиш, ёзиш, санаш, ўқув фаолиятининг асосий малака ва кўникмалари, ижодий фикрлаш хислатлари, ўзини ўзи назорат қилиш, нутқ ва хулқ-атвор маданияти, шахсий гигиена ва соғлом турмуш тарзи асосларини эгаллашни таъминлашга йўналтирилади.
Олдинги таҳрирга қаранг.
13. Умумий ўрта таълим мунтазам ва тизимли билимлар олинишини, кенг дунёқараш ҳамда ижодий мустақил фикрлаш шакллантирилишини, ўқувчининг баркамол шахс сифатида камол топишини, унинг қизиқишлари ва ижодий қобилиятларининг ривожлантирилишини таъминлайди.
Ўрта таълим ўқув дастурига мувофиқ ўқувчилар томонидан зарур билим, малака ва кўникмалар ўзлаштирилишини, шунингдек таълимнинг кейинги тури танланишини ҳамда юқори малака талаб қилинмайдиган касблар эгаллашини таъминлайди.
Умумий ўрта таълим умумтаълим муассасаларида узлуксиз тарзда, мажбурий бўлган ўн бир йил давомида амалга оширилади.
(13-банд Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2021 йил 3 июндаги 345-сонли қарори таҳририда — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 04.06.2021 й., 09/21/345/0522-сон)
14. Умумий ўрта таълим мазмуни ўқув режаси давлат ва мактаб компонентлардан иборат бўлади.
Давлат компонентлари умумий ўрта таълимнинг давлат таълим стандарти билан белгиланади ва ўқувчиларнинг ўрта махсус, касб-ҳунар таълими муассасаларида билимлар асосларини янада пухта ўрганиш ва касб-ҳунар эгаллаши учун етарли бўлган зарурий даражани белгилайди.
Мактаб компонентлари ўқувчининг эҳтиёжлари ва қобилиятларидан, мактабнинг моддий-техник ва кадрлар билан таъминланганлик даражасидан келиб чиқиб белгиланади.
Олдинги таҳрирга қаранг.
15. Умумтаълим муассасаларининг қуйидаги турлари ташкил этилиши мумкин:
бошланғич мактаб (ўқитиш муддати 4 йил: I — IV синфлар);
умумий ўрта таълим мактаби (ўқитиш муддати 11 йил: I — XI синфлар);
айрим фанларга ихтисослаштирилган мактаб (ўқитиш муддати 7 йил: V — XI синфлар);
айрим фанларга ихтисослаштирилган мактаб-интернат (ўқитиш муддати 5 йил: VII — XI синфлар);
ижод мактаби (ўқитиш муддати 5 йил: VII — XI синфлар);
Президент мактаби (ўқитиш муддати 7 йил V — XI синфлар);
олимпия ва миллий спорт турлари бўйича давлат ихтисослаштирилган мактаб-интернати (ўқитиш муддати 7 йил: V — XI синфлар);
жисмоний ривожланишида нуқсони бўлган болалар учун ихтисослаштирилган мактаб-интернат (ўқитиш муддати 11 йил: I — XI синфлар);
психик (интеллектуал) ривожланишида нуқсон бўлган болалар учун ихтисослаштирилган (ёрдамчи) мактаб, мактаб-интернат (ўқитиш муддати 9 йил: I — IX синфлар);
санаторий туридаги ихтисослаштирилган мактаб-интернат (ўқитиш муддати 11 йил: I — XI синфлар);
республика ихтисослаштирилган ўқув-таълим муассасаси (ўқитиш муддати заруриятга кўра).
(15-банд Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2021 йил 3 июндаги 345-сонли қарори таҳририда — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 04.06.2021 й., 09/21/345/0522-сон)
16. Даволаш-профилактика муассасаларида стационар шароитда узоқ муддат даволанишга муҳтож болаларга бевосита муассасанинг ўзида умумий ўрта таълим бериш ташкил этилади.
Даволаш-профилактика муассасаларида стационар шароитда узоқ муддат даволанишга муҳтож болаларга умумий ўрта таълим бериш тартиби Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланади.
17. Умумтаълим муассасаларида иқтидорли болаларни излаш, танлаб олиш ва уларни айрим фанлар чуқур ўрганиладиган ихтисослаштирилган умумтаълим муассасаларида (синфларида) ўқитиш бўйича аниқ мақсадли ишлар амалга оширилади.
Олдинги таҳрирга қаранг.
18. Айрим фанлар чуқур ўрганиладиган ихтисослаштирилган мактаб (мактаб-интернат), олимпия ва миллий спорт турлари бўйича давлат ихтисослаштирилган мактаб-интернати, жисмоний ёки психик ривожланишида нуқсони бўлган болалар учун ихтисослаштирилган мактаб (мактаб-интернат), санаторий туридаги ихтисослаштирилган мактаб-интернат, алоҳида шароитларда таъминлаш, тарбиялаш ва таълим беришга муҳтож болалар учун ихтисослаштирилган мактабларни ташкил этиш тартиби ва улар фаолиятининг алоҳида хусусиятлари Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланади.
(18-банд Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 2 июндаги 410-сонли қарори таҳририда — Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси, 05.06.2018 й., 09/18/410/1304-сон)
19. Жисмоний ёки психик ривожланишида нуқсони бўлган, алоҳида шароитларда ёхуд узоқ муддат даволанишга муҳтож бўлган болаларнинг таълим олишлари қуйидаги шаклларда амалга оширилади:
жисмоний ёки психик ривожланишида нуқсони бўлган болалар учун ихтисослаштирилган мактабда (мактаб-интернатда);
санаторий туридаги ихтисослаштирилган мактаб-интернатда;
инклюзив (уйғунлашган) шароитда яшаш жойларидаги умумий ўрта таълим мактабларида;
уйда якка тартибда;
даволаш-профилактика муассасаларида стационар шароитда.
20. Олис (тоғли, чўлли) аҳоли пунктларида яшовчи мактаб ёшидаги болаларнинг умумий ўрта таълим олишларини ташкил этиш мақсадида тегишли туман (шаҳар) ҳокимликларининг қарори асосида умумтаълим муассасаларининг филиаллари ташкил этилади.
Умумтаълим муассасаларининг филиалларида ўқувчилар сони 100 нафаргача бўлади.
Олдинги таҳрирга қаранг.
Бошқа умумтаълим муассасаларига яқинлиги ҳамда моддий-техник базасининг ҳолатидан келиб чиқиб, туман (шаҳар) халқ таълими бўлимлари (кейинги ўринларда — халқ таълими бошқарув органлари) ҳамда туман (шаҳар) ҳокимликлари молия бўлимларининг таклифларига кўра, тегишли туман (шаҳар) ҳокимликларининг қарорлари асосида ўқувчиларининг сони 180 нафаргача бўлган умумтаълим муассасалари ҳам филиалларга айлантирилиши мумкин.