ВУЗ: Не указан
Категория: Не указан
Дисциплина: Не указана
Добавлен: 30.11.2023
Просмотров: 780
Скачиваний: 2
ВНИМАНИЕ! Если данный файл нарушает Ваши авторские права, то обязательно сообщите нам.
ушбу Кодекснинг 119-моддасининг биринчи ва иккинчи қисмларига мувофиқ ишга қабул қилишни қонунга хилоф равишда рад этишга йўл қўймаслик;
ушбу Кодекснинг 99-моддасига мувофиқ иш ўринларининг белгиланган энг кам сони ҳисобига шахсларни ишга жойлаштириш;
ушбу Кодекснинг 165-моддасига мувофиқ ходимларни меҳнат шартномасини бекор қилиш тўғрисида огоҳлантириш;
ушбу Кодекснинг 144-моддасига мувофиқ ходимнинг иш ўрнини бошқа ишга ўтказиш тартибида сақлаш чораларини кўриш;
меҳнат шартномаси ушбу Кодекснинг 100-моддаси биринчи, иккинчи ва учинчи қисмларига мувофиқ алоҳида асосларга кўра бекор қилинганда ўртача ойлик иш ҳақини ишга жойлаштириш даврида сақлаб қолиш;
таклиф этилган шахсларга ушбу Кодекснинг 101-моддасига мувофиқ кафолатлар бериш;
ўзи билан тузилган меҳнат шартномаси ушбу Кодекснинг 102-моддасига мувофиқ алоҳида асосларга кўра бекор қилинган ходимларни қайта ишга қабул қилиш;
жамоа келишувларига ва жамоа шартномасига мувофиқ қўшимча кафолатлар бериш.
Иш берувчининг зиммасида бандлик ва ишга жойлаштириш соҳасида қонунчиликка мувофиқ бошқа мажбуриятлар ҳам бўлиши мумкин.
98-модда. Ходимларни оммавий равишда ишдан бўшатиш чоғидаги кафолатлар
Оммавий равишда ишдан бўшатиш мезонлари технологиянинг, ишлаб чиқариш ва меҳнатни ташкил этишнинг ўзгариши, ишлар (маҳсулот, хизматлар) ҳажмининг қисқариши билан боғлиқ бўлган ташкилот ходимларининг сони ёки штати ўзгарганлиги сабабли ёки ташкилот (унинг алоҳида бўлинмаси) тугатилганлиги муносабати билан ўзи билан тузилган меҳнат шартномаси бекор қилиниши назарда тутилаётган ходимлар сонининг кўрсаткичларидан иборатдир.
Ходимларни оммавий равишда ишдан бўшатиш мезонлари жумласига қуйидагилар киради:
а) ходимларининг сони йигирма нафар ва ундан ортиқ бўлган ҳар қандай ташкилий-ҳуқуқий шаклдаги ташкилотни (унинг алоҳида бўлинмасини) тугатиш;
б) ходимлар сонининг (штатининг) қуйидаги миқдорда:
ўттиз календарь кун ичида эллик нафар ва ундан ортиқ ходимнинг;
олтмиш календарь кун ичида икки юз нафар ва ундан ортиқ ходимнинг;
тўқсон календарь кун ичида беш юз нафар ва ундан ортиқ ходимнинг қисқариши.
Маҳаллий давлат ҳокимияти органлари ходимларни оммавий равишда ишдан бўшатиш тўғрисидаги қарорларни ушбу кечиктириш келтириб чиқарган йўқотишларни иш берувчига бир вақтнинг ўзида қисман ёки тўлиқ компенсация қилиш орқали олти ой муддатгача тўхтатиб туриши мумкин.
Иш берувчи ходимларни келгусида оммавий равишда ишдан бўшатиш тўғрисидаги ахборотни ушбу Кодекснинг 166-моддасида назарда тутилган тартибда ва муддатларда меҳнат органининг ҳамда ҳудудий ёки тармоқ касаба уюшмалари бирлашмаларининг эътиборига етказиши шарт. Меҳнат органлари мазкур ахборотни олгач, ишдан бўшатилаётган ходимларни қонунчиликда назарда тутилган тартибда ишга жойлаштириш чораларини кўриши шарт.
99-модда. Иш ўринларининг белгиланган энг кам сони ҳисобига ишга жойлаштириш
Иш берувчи малака талаблари ҳисобга олинган ҳолда захирага қўйилган иш ўринларига ишга жойлаштириш учун қонунчиликда белгиланган тартибда маҳаллий меҳнат органлари ва бошқа ваколатли органлар томонидан юбориладиган аҳолининг ижтимоий эҳтиёжманд тоифаларидан бўлган шахсларни ишга қабул қилиши шарт.
Иш ўринларининг белгиланган энг кам сони ҳисобига ишга юбориш тартиби қонунчиликда белгиланади.
100-модда. Меҳнат шартномаси алоҳида асосларга кўра бекор қилинганда ўртача ойлик иш ҳақини ишга жойлаштириш даврида сақлаб қолиш кафолатлари
Меҳнат шартномаси қуйидаги асослар бўйича бекор қилинган тақдирда, иш қидириш даврида ўртача ойлик иш ҳақининг ишдан бўшатиш нафақаси ҳисобга олинган ҳолда, бироқ кўпи билан икки ойга сақланиб қолиши ходимлар учун кафолатланади:
ходим янги меҳнат шартлари асосида ишлашни давом эттиришни рад этганлиги;
ходим иш берувчи билан бирга ишлаш учун бошқа жойга кўчишни рад этганлиги;
ходим соғлиғининг ҳолатига кўра тиббий хулосага мувофиқ соғлиғининг ҳолати бўйича ўзига қарши кўрсатма мавжуд бўлмаган бошқа ишга ўтишни рад этганлиги ёки иш берувчида тегишли иш мавжуд эмаслиги;
технологиянинг, ишлаб чиқариш ва меҳнатни ташкил этишнинг ўзгариши сабабли ташкилот ходимларининг сони ёки штати ўзгарганлиги, ишлар (маҳсулот, хизматлар) ҳажмининг қисқарганлиги;
ташкилотнинг (унинг алоҳида бўлинмасининг) ўз таъсисчилари (иштирокчилари) қарорига кўра тугатилганлиги ёхуд таъсис ҳужжатлари билан шунга ваколатли бўлган юридик шахс органининг қарорига кўра тугатилганлиги;
бажараётган ишига малакаси етарли эмаслиги оқибатида нолойиқ эканлиги;
шу ишни илгари бажариб келган ходимнинг ишга тикланганлиги;
суднинг ташкилотни тугатиш тўғрисидаги қарори қонуний кучга кирганлиги.
Ушбу модданинг биринчи қисмида назарда тутилган кафолатлар ташкилот раҳбари, унинг ўринбосарлари, бош бухгалтер билан, ташкилотда бош бухгалтер лавозими мавжуд бўлмаган тақдирда эса бош бухгалтер вазифаларини амалга оширувчи ходим (бундан буён матнда бош бухгалтер деб юритилади) билан тузилган меҳнат шартномаси мулкдорнинг алмашиши сабабли бекор қилинган ҳолларга нисбатан ҳам татбиқ этилади.
Ушбу модданинг биринчи қисмида айрим тоифадаги ходимлар учун назарда тутилган кафолатларни тақдим этишнинг ўзига хос хусусиятлари ушбу Кодекс 494-моддасининг бешинчи қисмига, 506-моддасининг тўртинчи қисмига, 511-моддасининг еттинчи қисмига, 518-моддасининг еттинчи қисмига мувофиқ белгиланади.
Агар ушбу модданинг биринчи ва иккинчи қисмларида кўрсатилган ходимлар меҳнат шартномаси бекор қилинганидан кейин ўттиз календарь кун ичида маҳаллий меҳнат органида иш қидираётган шахслар сифатида рўйхатдан ўтган бўлса, улар маҳаллий меҳнат органи томонидан берилган маълумотнома бўйича учинчи ой учун ҳам аввалги иш жойидан ўртача ойлик иш ҳақини олиш ҳуқуқига эга бўлади.
Ушбу модданинг биринчи ва иккинчи қисмларида кўрсатилган ходимларга уч ойлик давр тугагач мақбул келадиган иш топиб берилмаган тақдирда, улар ишсиз деб эътироф этилади.
Иш берувчи тўловга қобилиятсиз (банкрот) деб топилган тақдирда, у билан меҳнатга оид муносабатларда бўлган ходимлар иш ҳақи ва ўзига тегишли бошқа тўловлар хусусида бошқа барча кредиторларнинг талабларига нисбатан имтиёзли ҳуқуқдан фойдаланади.
Тугатилаётган ташкилотларда маблағлар мавжуд бўлмаган тақдирда, ушбу модданинг биринчи қисмида кўрсатилган ходимларга компенсацияларни тўлаш Ўзбекистон Республикаси Бандликка кўмаклашиш давлат жамғармасининг маблағлари ҳисобидан амалга оширилади.
101-модда. Таклиф этилган шахсларга ишга жойлаштириш соҳасидаги қўшимча кафолатлар
Башарти иш берувчи ишга жойлаштириш тўғрисидаги таклиф билан жисмоний шахсга таклифнома юборган бўлса, иш берувчи таклифноманинг амал қилиш муддати давомида, агар таклифномада муддат шартлашилмаган бўлса, таклифнома юборилган кундан эътиборан бир ой ичида ушбу шахсни ишга қабул қилишни рад этишга ҳақли эмас. Таклифнома деганда иш берувчининг ушбу жисмоний шахс билан меҳнат шартномасини тузиш учун тўғридан-тўғри, аниқ ифодаланган розилик билдириши тушунилади. Таклифнома иш берувчининг тегишли ваколатли мансабдор шахси томонидан ёзма ёки электрон шаклда юборилиши мумкин.
Ушбу модда биринчи қисмининг қоидалари ходим қонунчиликда назарда тутилган барча зарур тартиб-таомиллардан ўтган тақдирда чет эл фуқароларига ва фуқаролиги бўлмаган шахсларга нисбатан татбиқ этилади.
102-модда. Иш берувчи алоҳида асослар бўйича меҳнат шартномасини бекор қилган ходимларни қайта ишга қабул қилиш тартиби
Давлат органларидаги ёки ходимларнинг вакиллик органларидаги сайлаб қўйиладиган лавозимларга сайланганлиги туфайли ишдан озод қилинган шахсларга уларнинг сайлаб қўйиладиган лавозимдаги ваколатлари тугагандан кейин аввалги иши (лавозими) берилади, бундай иш (лавозим) мавжуд бўлмаганда эса бошқа тенг иш (лавозим) берилади.
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Қонунчилик палатаси депутатларини ва Сенатида доимий асосда ишлаган Сенат аъзоларини ваколатлари муддати тугаганидан кейин, шунингдек Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Қонунчилик палатаси ва Сенати тарқатиб юборилган тақдирда ишга жойлаштириш «Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси депутатининг ва Сенати аъзосининг мақоми тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг 16-моддасида белгиланган тартибда амалга оширилади.
Ҳарбий хизматга чақирилган (кирган) ходим захирага бўшатилганидан ёки истеъфога чиқарилганидан кейин, агар у ишга жойлашиш масаласи бўйича иш берувчига Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари сафидан, Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги, Давлат хавфсизлик хизмати, Миллий гвардияси ва Фавқулодда вазиятлар вазирлиги қўшинларидан бўшатилган кундан эътиборан уч ойдан кечиктирмай мурожаат қилган бўлса, аввалги иш жойида ишга жойлашишда устувор ҳуқуққа эга бўлади.
Ҳарбий хизматга чақирилган (кирган), лекин кейинчалик захирага бўшатилган ёки истеъфога чиқарилган ходим, агар у ҳарбий хизматга чақирилган (кирган) кундан эътиборан кўпи билан уч ой ўтган бўлса, аввалги иш жойига (лавозимига) қайтиш ҳуқуқига эга.
Ташкилот қайта ташкил этилганда ҳарбий хизматдан бўшатилган шахсларни ишга жойлаштиришни ташкилотнинг ҳуқуқий вориси, ташкилот тугатилганда эса маҳаллий меҳнат органи амалга оширади.
Ходимларга ушбу модданинг биринчи, иккинчи ва учинчи қисмларида кўрсатилган кафолатларни бериш имкони бўлмаган ҳолларда маҳаллий меҳнат органи уларни ишга жойлаштиришни, зарур бўлганда эса уларни бепул касбга тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини оширишни таъминлайди.
Иш берувчи ушбу Кодекс 161-моддаси иккинчи қисмининг2-бандига кўра илгари ўзи билан меҳнат шартномаси бекор қилинган ходимларни, башарти ходим билан тузилган меҳнат шартномаси бекор қилинган кундан эътиборан олти ой ичида ташкилотда ходим илгари эгаллаган ўша мутахассислик ва малака бўйича бўш (вакант) иш ўринлари пайдо бўлган бўлса, ишга қабул қилиши шарт.
IV БЎЛИМ. ЯККА ТАРТИБДАГИ МЕҲНАТГА ОИД МУНОСАБАТЛАР
12-боб. Меҳнат шартномаси
1-§. Умумий қоидалар
103-модда. Меҳнат шартномасининг тушунчаси ва тарафлари
Меҳнат шартномаси ходим ва иш берувчи ўртасидаги тарафларнинг ўзаро ҳуқуқлари ҳамда мажбуриятларини белгиловчи келишув бўлиб, унга мувофиқ ходим иш берувчининг манфаатини кўзлаб, ушбу келишувда белгиланган меҳнат вазифасини унинг раҳбарлиги ва назорати остида шахсан бажариш, ички меҳнат қоидаларига риоя этиш мажбуриятини, иш берувчи эса ходимга шартлашилган меҳнат вазифаси бўйича иш бериш, ходимга иш ҳақини ўз вақтида ҳамда тўлиқ миқдорда тўлаш, меҳнат тўғрисидаги қонунчиликда, меҳнат ҳақидаги бошқа ҳуқуқий ҳужжатларда ва ушбу келишувда назарда тутилган меҳнат шароитларини таъминлаш мажбуриятини ўз зиммасига олади.
Ходим ва иш берувчи меҳнат шартномасининг тарафларидир.
104-модда. Меҳнат шартномасининг мазмуни
Меҳнат шартномасига киритилиши шарт бўлган шартлар қуйидагилардан иборат:
иш жойи — ходим шартномада шарт қилиб кўрсатилган меҳнат вазифасига кўра меҳнат фаолиятини амалга оширадиган иш берувчи (ташкилот, унинг алоҳида бўлинмаси ёки жисмоний шахс), шунингдек ходим меҳнат қилиши керак бўлган жой;