ВУЗ: Не указан

Категория: Не указан

Дисциплина: Не указана

Добавлен: 30.11.2023

Просмотров: 776

Скачиваний: 2

ВНИМАНИЕ! Если данный файл нарушает Ваши авторские права, то обязательно сообщите нам.


71-модда. Жамоа шартномасининг кучга кириши ва амал қилиш муддати

Жамоа шартномаси имзоланган кундан эътиборан ёки жамоа шартномасида белгиланган кундан эътиборан кучга киради ва шартномада назарда тутилган муддат ичида, бироқ кўпи билан уч йил амал қилади. Мазкур муддат тугагач, жамоа шартномаси тарафлар янги шартнома тузгунига ёки амалдаги жамоа шартномасини ўзгартиргунига, тўлдиргунига қадар амал қилади. Тарафлар жамоа шартномасининг амал қилиш муддати тугагунига қадар уни узайтириши мумкин.

72-модда. Жамоа шартномаси амал қилишининг шахслар доираси бўйича татбиқ этилиши

Жамоа шартномасининг амал қилиши иш берувчига ва ташкилотнинг барча ходимларига, якка тартибдаги тадбиркорга нисбатан, ташкилотнинг алоҳида бўлинмасида тузилган жамоа шартномасининг амал қилиши эса тегишли бўлинманинг барча ходимларига нисбатан татбиқ этилади.

Жамоа шартномасининг амал қилиши жамоа шартномаси кучга кирганидан кейин ишга қабул қилинган ходимларга нисбатан ҳам татбиқ этилади.

73-модда. Ташкилот қайта ташкил этилган тақдирда жамоа шартномаси амал қилишининг сақланиб қолиши

Ташкилот қайта ташкил этилаётганда шу қайта ташкил қилиш даврида жамоа шартномаси ўзининг амал қилишини сақлаб қолади.

Ташкилотни қайта ташкил этиш якунланган пайтдан эътиборан бир ой ичида жамоавий музокараларнинг исталган тарафи амалдаги жамоа шартномасини қайта кўриб чиқиш ёки ўз кучида сақлаб қолиш тўғрисида таклиф киритишга ҳақли.

74-модда. Ташкилотнинг мулкдори ўзгарганда жамоа шартномаси амал қилишининг сақланиб қолиши

Ташкилотнинг мулкдори ўзгарганда жамоа шартномасининг амал қилиши олти ой мобайнида сақлаб қолинади. Бу даврда тарафларнинг янги жамоа шартномасини тузиш ёхуд амалдагисини сақлаб қолиш, унга ўзгартиш ва (ёки) қўшимчалар киритиш ҳақида музокаралар бошлашга ҳақли.

Жамоа шартномасини қайта кўриб чиқиш чоғида аввалги жамоа шартномасида ходимлар учун назарда тутилган имтиёзларни сақлаб қолиш мумкинлиги ҳақидаги ва бошқа шартларни бажариш тўғрисидаги масала кўриб чиқилади.


75-модда. Ташкилот (унинг алоҳида бўлинмаси) тугатилаётганда жамоа шартномаси амал қилишининг сақланиб қолиши

Ташкилот (унинг алоҳида бўлинмаси) тугатилаётганда жамоа шартномасининг амал қилиши тугатишнинг бутун муддати ичида сақлаб қолинади.

76-модда. Жамоа шартномаси амал қилишининг бошқа ҳолларда сақланиб қолиши

Жамоа шартномаси ташкилотнинг тузилмаси, номи, бошқарув органи таркиби ўзгарган ёки ташкилот раҳбари билан тузилган меҳнат шартномаси бекор қилинган ҳолларда ўзининг амал қилишини сақлаб қолади.

77-модда. Жамоа шартномасига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш

Жамоа шартномасига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ушбу Кодексда уни тузиш учун белгиланган тартибда амалга оширилади.

78-модда. Ходимларни жамоа шартномаси билан таништириш

Иш берувчи жамоа шартномаси кучга кирганидан кейин ўн кундан кечиктирмай ходимларни жамоа шартномаси билан имзо қўйдириб таништириши шарт.

Меҳнат шартномасини тузишда иш берувчи ишга қабул қилинаётган ходимни жамоа шартномаси билан имзо қўйдириб таништириши шарт.

79-модда. Жамоа шартномасининг бажарилиши устидан назорат

Жамоа шартномасининг бажарилиши устидан назорат шартнома тарафларининг вакиллари, ижтимоий-меҳнат масалалари бўйича комиссия, меҳнат жамоаси, шунингдек Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлигининг тегишли органлари ҳамда бошқа ваколатли органлар томонидан амалга оширилади.

Шартнома тарафларининг вакиллари ҳар йили ёки жамоа шартномасида назарда тутилган муддатларда меҳнат жамоасининг умумий йиғилишида (конференциясида) жамоа шартномасининг бажарилиши ҳақида ҳисобот беради.

9-боб. Жамоа келишувлари

80-модда. Жамоа келишувларининг тушунчаси ва шакли

Жамоа келишуви якка тартибдаги меҳнатга оид муносабатларни ва улар билан бевосита боғлиқ бўлган ижтимоий муносабатларни тартибга солувчи

, ходимлар учун ҳудудий, тармоқ ва республика даражаларида тарафларнинг меҳнат шароитларини, бандликни ҳамда ижтимоий кафолатларни белгилашга доир мажбуриятларини ўз ичига олган, ходимлар ва иш берувчиларнинг ижтимоий-иқтисодий манфаатларини келишиб олиш мақсадида тузиладиган меҳнат тўғрисидаги ҳуқуқий ҳужжатдир.

Жамоа келишувини тайёрлаш, тузиш ёки ўзгартириш юзасидан жамоавий музокаралар ўтказиш учун ушбу Кодекснинг 50 — 53-моддаларида белгиланган тартибда ижтимоий-меҳнат масалалари бўйича ҳудудий, тармоқ ва республика комиссиялари тузилади.

Жамоа келишувлари ёзма шаклда тузилади.

81-модда. Жамоа келишувларининг турлари

Тартибга солинадиган муносабатлар соҳасига қараб ҳудудий, тармоқ ва бош жамоа келишувлари тузилиши мумкин.

Ҳудудий ва тармоқ жамоа келишувлари икки томонлама ёки уч томонлама бўлиши мумкин.

Икки томонлама жамоа келишувлари ушбу Кодекснинг 42 ва 46-моддаларида кўрсатилган ходимларнинг ҳамда иш берувчиларнинг ваколатли вакиллари ўртасида тузилади.

Уч томонлама жамоа келишувлари ушбу Кодекс 42 ва 46-моддаларининг иккинчи қисмида кўрсатилган ходимларнинг ҳамда иш берувчиларнинг ваколатли вакиллари ва тегишли ижро этувчи ҳокимият органи ўртасида тузилади. Бунда ижро этувчи ҳокимият органининг иштирок этиши ходимлар ва иш берувчилар ваколатли вакилларининг таклифига кўра белгиланади.

Бажарилишининг молиявий таъминоти тегишли бюджетлар маблағлари ҳисобидан амалга ошириладиган мажбуриятларни ўз ичига олган жамоа келишувлари тегишли ваколатли органнинг розилиги мавжуд бўлган тақдирда тузилади.

Бош жамоа келишуви уч томонлама бўлади ҳамда ходимлар ва иш берувчиларнинг республика даражасидаги ваколатли вакиллари ҳамда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ўртасида тузилади.

Ходимларнинг вакиллари иш берувчи ёки иш берувчининг вакили бўлмаган ижро этувчи ҳокимият органидан улар билан икки томонлама келишув тузишни талаб қилишга ҳақли эмас.

82-модда. Ҳудудий жамоа келишувлари

Ҳудудий жамоа келишувлари ходимлар ва иш берувчиларнинг тегишли вакиллик органлари ўртасида, тарафларнинг таклифига кўра эса маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари билан тузилади.

Ҳудудий жамоа келишувлари ходимларнинг тегишли ҳудуд учун умумий бўлган меҳнат шартларини, кафолатлари ва имтиёзларини белгилайди.

83-модда.
Тармоқ жамоа келишувлари

Тармоқ жамоа келишувлари ходимлар ва иш берувчиларнинг тегишли вакиллари ўртасида, шунингдек тарафларнинг таклифига кўра тегишли тармоқдаги давлат бошқаруви органлари билан тузилади. Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги тегишли тармоқдаги давлат бошқаруви органлари иш берувчилар сифатида иш юритадиган ҳолларда тармоқ жамоа келишувларининг тарафи бўлиб иштирок этади.

Тармоқ жамоа келишувлари тегишли тармоқни ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришнинг асосий йўналишларини, меҳнат шартларини ва унга ҳақ тўлашни, тармоқ ходимлари учун ижтимоий кафолатларни белгилайди.


84-модда. Бош жамоа келишуви

Бош жамоа келишуви аъзоларининг сони энг кўп бўлган республика касаба уюшмалари бирлашмаси, ўз ваколатли вакиллари орқали ходимларнинг бошқа республика бирлашмалари, ўз ваколатли вакиллари орқали иш берувчиларнинг республика бирлашмалари ҳамда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ўртасида тузилади.

Бош жамоа келишуви Ўзбекистон Республикасида келишилган ҳолда ижтимоий-иқтисодий сиёсат олиб боришнинг асосий йўналишларини белгилайди.

85-модда. Жамоа келишувларининг мазмуни ва тузилиши

Жамоа келишувларининг мазмуни ва тузилишини тарафлар белгилайди.

Жамоа келишувларида:

меҳнатга ҳақ тўлаш, меҳнат шартлари ва меҳнатни муҳофаза қилиш, меҳнат ва дам олиш режими тўғрисидаги;

меҳнатга ҳақ тўлашни нархларнинг ўзгаришларидан, инфляция даражасидан, жамоа келишувларида белгиланган кўрсаткичларнинг бажарилишидан келиб чиққан ҳолда тартибга солиш механизми ҳақидаги;

энг кам миқдори қонунчиликда назарда тутиладиган компенсация тарзидаги қўшимча тўловлар тўғрисидаги;

ходимларнинг бандлигига, уларни касбга тайёрлашга, қайта тайёрлашга, уларнинг малакасини оширишга кўмаклашиш ҳақидаги;

экологик хавфсизликни таъминлаш ҳамда ишлаб чиқаришда ходимларнинг соғлиғини муҳофаза қилиш тўғрисидаги;

ходимларни ва уларнинг оила аъзоларини ижтимоий ҳимоя қилиш бўйича махсус тадбирлар ҳақидаги;

давлат ташкилотларини хусусийлаштириш чоғида ходимларнинг манфаатлари ҳисобга олиниши тўғрисидаги;

юқорироқ даражада ижтимоий ҳимояга муҳтож бўлган шахслар (ҳомиладор аёллар, ногиронлиги бўлган шахслар, ўн саккиз ёшга тўлмаган шахслар ва бошқалар) учун қўшимча иш ўринлари ташкил этаётган иш берувчиларга бериладиган имтиёзлар ҳақидаги;

ижтимоий шерикликни ва уч томонлама ҳамкорликни ривожлантириш, жамоа шартномаларини тузишга кўмаклашиш, меҳнат низоларининг олдини олиш, меҳнат интизомини мустаҳкамлаш тўғрисидаги қоидалар назарда тутилиши мумкин.

Жамоа келишувларида қонунчиликка зид келмайдиган бошқа меҳнат ва ижтимоий-иқтисодий масалаларга доир қоидалар бўлиши мумкин.

86-модда. Жамоа келишувлари шартларининг ҳақиқий эмаслиги