ВУЗ: Не указан
Категория: Не указан
Дисциплина: Не указана
Добавлен: 30.11.2023
Просмотров: 769
Скачиваний: 2
ВНИМАНИЕ! Если данный файл нарушает Ваши авторские права, то обязательно сообщите нам.
ушбу Кодексда белгиланган тартибда жамоа музокараларини олиб бориши, шунингдек жамоа шартномасини тузиши;
ходимларнинг вакилларига жамоа келишувини ва жамоа шартномасини тузиш ҳамда уларнинг бажарилиши устидан назоратни амалга ошириш учун зарур бўлган тўлиқ ва ишончли ахборотни тақдим этиши;
ходимларни уларнинг бирлашиш ҳуқуқи тўғрисида хабардор қилиши;
ходимларни ўз меҳнат фаолияти билан бевосита боғлиқ бўлган, қабул қилинаётган ички ҳужжатлар билан имзо қўйдириб таништириши;
давлат меҳнат инспекторларининг, шунингдек меҳнат тўғрисидаги қонунчиликка ва меҳнат ҳақидаги бошқа ҳуқуқий ҳужжатларга риоя этилиши устидан текширув ва назоратни амалга ошириш ваколатига эга бўлган бошқа давлат органлари мансабдор шахсларининг кўрсатмаларини ўз вақтида бажариши;
ходимлар давлат органларидаги сайлаб қўйиладиган лавозимларга сайланганлиги туфайли уларнинг иш жойи сақланиб қолган ҳолларда ушбу иш берувчи илгари меҳнат шартномасини бекор қилган ходимларни ишга қабул қилиши;
тегишли касаба уюшмаси органларининг, ходимлар томонидан сайланган бошқа вакилларнинг меҳнат тўғрисидаги қонунчиликнинг ва меҳнат ҳақидаги бошқа ҳуқуқий ҳужжатларнинг аниқланган қоидабузарликлари ҳақидаги кўрсатмалари ҳамда тақдимномаларини ўз вақтида кўриб чиқиши, аниқланган қоидабузарликларни бартараф этиш бўйича чоралар кўриши ва кўрилган чоралар тўғрисида мазкур органлар ҳамда вакилларга хабар қилиши;
ходимларнинг ўз меҳнат мажбуриятларини бажариши билан боғлиқ бўлган маиший эҳтиёжлари таъминланишини амалга ошириши;
ходимларнинг ишлаб чиқаришдаги бахтсиз ҳодисалардан ва касб касалликларидан мажбурий давлат ижтимоий суғуртасини, шунингдек иш берувчининг фуқаролик жавобгарлиги мажбурий суғуртасини таъминлаши;
ўз меҳнат мажбуриятларини бажарганлиги муносабати билан ходимларга етказилган моддий зарарнинг ўрнини меҳнат қонунчилигида белгиланган тартибда ҳамда шартларда қоплаши;
меҳнат шартномаларини, шунингдек уларга доир ўзгартиш ва қўшимчаларни Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланган тартибда «Ягона миллий меҳнат тизими» идоралараро дастурий-аппарат мажмуида ўз вақтида рўйхатга олиши шарт.
Иш берувчининг зиммасида меҳнат тўғрисидаги қонунчиликка, меҳнат тўғрисидаги бошқа ҳуқуқий ҳужжатларга ва меҳнат шартномасига мувофиқ бошқа мажбуриятлар ҳам бўлиши мумкин.
2-§. Якка тартибдаги меҳнатга оид муносабатларнинг юзага келиши асослари
26-модда. Якка тартибдаги меҳнатга оид муносабатларнинг юзага келиши
Ходим ва иш берувчи ўртасидаги якка тартибдаги меҳнатга оид муносабатлар ушбу Кодексга мувофиқ улар томонидан тузиладиган меҳнат шартномаси асосида юзага келади.
Қонунчиликда ёки меҳнат ҳақидаги бошқа ҳуқуқий ҳужжатларда ёхуд ташкилот уставида (низомида) белгиланган ҳолларда ва тартибда якка тартибдаги меҳнатга оид муносабатлар меҳнат шартномасига асосан қуйидагилар натижасида юзага келади:
лавозимга сайланиш ёки тегишли лавозимни эгаллаш учун танловдан ўтиш;
лавозимга тайинлаш ёки лавозимга тасдиқлаш;
ваколатли давлат органлари томонидан ишга юбориш;
Ўзбекистон Республикаси ҳудудида меҳнат фаолиятига бўлган ҳуқуққа доир тасдиқнома бериш;
ота-онанинг ҳар иккисининг ёки ота-онадан бирининг (ота-онанинг ўрнини босувчи шахснинг) розилиги;
иш берувчининг зиммасига меҳнат шартномасини тузиш мажбуриятини юклатиш тўғрисидаги суд қарорини қабул қилиш;
шахсий меҳнатдан фойдаланиш билан боғлиқ бўлган ва фуқаролик-ҳуқуқий хусусиятга эга шартнома асосида юзага келган муносабатларни суд томонидан якка тартибдаги меҳнатга оид муносабатлар деб эътироф этиш.
Меҳнат шартномаси тегишли тарзда расмийлаштирилмаган тақдирда, ходим ва иш берувчи ўртасидаги якка тартибдаги меҳнатга оид муносабатлар иш берувчининг ёки унинг шунга ваколатли бўлган вакилининг ижозати билан ёки топшириғига кўра ходимга ҳақиқатда ишлашга рухсат этилганлиги асосида ҳам юзага келади.
27-модда. Лавозимга сайланиш ёки тегишли лавозимни эгаллаш учун танловдан ўтиш натижасида меҳнат шартномаси асосида юзага келадиган якка тартибдаги меҳнатга оид муносабатлар
Агар лавозимга сайланиш ходимдан муайян меҳнат вазифасини бажаришни талаб этса, лавозимга сайланиш натижасида меҳнат шартномаси асосидаги якка тартибдаги меҳнатга оид муносабатлар юзага келади.
Агар меҳнат тўғрисидаги қонунчиликда ёки меҳнат ҳақидаги бошқа ҳуқуқий ҳужжатларда ёхуд ташкилот уставида (низомида) танлов бўйича эгалланиши лозим бўлган лавозимлар рўйхати ва ушбу лавозимларга танлов ўтказиш тартиби белгиланган бўлса, тегишли лавозимни эгаллаш учун танловдан ўтиш натижасида шартнома асосидаги якка тартибдаги меҳнатга оид муносабатлар юзага келади.
28-модда. Лавозимга тайинлаш ёки лавозимга тасдиқлаш натижасида меҳнат шартномаси асосида юзага келадиган якка тартибдаги меҳнатга оид муносабатлар
Якка тартибдаги меҳнатга оид муносабатлар қонунчиликда ва меҳнат ҳақидаги бошқа ҳуқуқий ҳужжатларда ёки ташкилот уставида (низомида) назарда тутилган ҳолларда лавозимга тайинлаш ёки лавозимга тасдиқлаш натижасида меҳнат шартномаси асосида юзага келади.
29-модда. Ваколатли давлат органлари томонидан ишга юбориш муносабати билан меҳнат шартномаси асосида юзага келадиган якка тартибдаги меҳнатга оид муносабатлар
Аҳолининг ижтимоий эҳтиёжманд тоифаларидан бўлган шахсларнинг якка тартибдаги меҳнатга оид муносабатлари меҳнат шартномаси асосида уларни маҳаллий меҳнат органининг йўлланмаси бўйича «Аҳоли бандлиги тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунида белгиланган тартибда ишга жойлаштириш натижасида юзага келади.
Давлат грантлари бўйича таълим олган олий таълим ташкилотларининг битирувчилари билан якка тартибдаги меҳнатга оид муносабатлар олий таълим ташкилотининг тақсимот комиссияси томонидан берилган меҳнат шартномаси асосида уларни ишга юбориш натижасида юзага келади.
Муқобил хизматга чақирилган фуқароларнинг якка тартибдаги меҳнатга оид муносабатлари туман мудофаа ишлари бўлими томонидан муқобил хизматни ўташ жойини тайинлаш ҳақида берилган кўрсатма бўйича меҳнат шартномаси асосида уларни ташкилотларга юбориш натижасида юзага келади.
30-модда. Ўзбекистон Республикаси ҳудудида меҳнат фаолияти ҳуқуқига доир тасдиқнома мавжуд бўлганда меҳнат шартномаси асосида юзага келадиган якка тартибдаги меҳнатга оид муносабатлар
Меҳнат фаолиятини амалга ошириш учун қонуний равишда Ўзбекистон Республикасига келган чет давлатлар фуқаролари ва доимий равишда бошқа давлатлар ҳудудида яшаётган фуқаролиги бўлмаган шахслар билан якка тартибдаги меҳнатга оид муносабатлар ваколатли давлат органи берган Ўзбекистон Республикаси ҳудудида меҳнат фаолияти ҳуқуқига доир тасдиқнома олинганидан, шунингдек қонунчиликда назарда тутилган бошқа талаблар бажарилганидан кейин тузиладиган меҳнат шартномаси асосида юзага келади.
31-модда. Ота-онадан бирининг (ота-онанинг ўрнини босувчи шахснинг) ёзма розилиги мавжуд бўлганда меҳнат шартномаси асосида юзага келадиган якка тартибдаги меҳнатга оид муносабатлар
Ўн бешдан ўн олти ёшгача шахслар билан якка тартибдаги меҳнатга оид муносабатлар уларни мазкур ёшга тўлгунига қадар ишга қабул қилишга ушбу Кодексга мувофиқ йўл қўйиладиган ҳолларда ота-онадан бирининг (ота-онанинг ўрнини босувчи шахснинг) дастлабки ёзма розилиги мавжуд бўлганда меҳнат шартномаси асосида юзага келади.
32-модда. Иш берувчининг зиммасига меҳнат шартномасини тузиш мажбуриятини юклатиш тўғрисидаги суд қарори қабул қилиниши натижасида меҳнат шартномаси асосида юзага келадиган якка тартибдаги меҳнатга оид муносабатлар
Иш берувчи томонидан ишга қабул қилиш қонунга хилоф равишда рад этилган шахслар билан якка тартибдаги меҳнатга оид муносабатлар иш берувчининг зиммасига меҳнат шартномасини тузиш мажбуриятини юклатиш тўғрисидаги суд қарори қабул қилиниши натижасида тузилган меҳнат шартномаси асосида юзага келади.
33-модда. Шахсий меҳнатдан фойдаланиш билан боғлиқ бўлган ва фуқаролик-ҳуқуқий хусусиятга эга шартнома асосида юзага келган муносабатларни якка тартибдаги меҳнатга оид муносабатлар деб эътироф этиш
Жисмоний шахс билан ушбу Кодекс 11-моддасининг иккинчи қисмида назарда тутилган муносабатларни ҳақиқатдан тартибга солувчи фуқаролик-ҳуқуқий хусусиятга эга шартномани тузиш ушбу муносабатларнинг суд томонидан якка тартибдаги меҳнатга оид муносабатлар деб эътироф этилишига сабаб бўлади. Бундай ҳолда меҳнат шартномаси фуқаролик-ҳуқуқий хусусиятга эга шартнома тузилган кундан эътиборан тузилган деб ҳисобланади, тарафларнинг муносабатлари эса шартномада шартлашилган ишни жисмоний шахс томонидан бажариш бошланган кундан эътиборан якка тартибдаги меҳнатга оид муносабатлар деб эътироф этилади.
Шахсий меҳнатдан фойдаланиш билан боғлиқ бўлган ва фуқаролик-ҳуқуқий хусусиятга эга шартнома асосида юзага келган муносабатлар тугатилган тақдирда, ушбу муносабатларни якка тартибдаги меҳнатга оид муносабатлар деб эътироф этиш суд томонидан амалга оширилади. Мазкур шартнома бўйича ижрочи бўлган жисмоний шахс ушбу муносабатларни якка тартибдаги меҳнатга оид муносабатлар деб эътироф этиш учун якка тартибдаги меҳнат низоларини кўриб чиқиш учун назарда тутилган тартибда ва муддатларда судга мурожаат қилишга ҳақлидир.