ВУЗ: Не указан

Категория: Не указан

Дисциплина: Не указана

Добавлен: 30.11.2023

Просмотров: 767

Скачиваний: 2

ВНИМАНИЕ! Если данный файл нарушает Ваши авторские права, то обязательно сообщите нам.


Меҳнат ҳақидаги бошқа ҳуқуқий ҳужжатлар айрим қоидаларининг ёки меҳнат шартномаси алоҳида шартларининг ҳақиқий эмаслиги тегишли ҳужжатнинг ёки меҳнат шартномасининг умуман ҳақиқий эмаслигига сабаб бўлмайди.

18-модда. Иш берувчининг якка тартибдаги ҳуқуқий ҳужжатлари

Иш берувчилар қонунчиликда белгиланган тартибда ўз ваколатлари доирасида муайян ходимга (ходимларга) ёки жамоага йўналтирилган ва бир марта қўлланилиш (ишга қабул қилиш, меҳнат шароитларини ўзгартириш, бошқа ишга ўтказиш, меҳнат шартномасини бекор қилиш, ходимга меҳнат таътили бериш, ходимга нисбатан интизомий жазо қўллаш, ходимларни рағбатлантириш тўғрисидаги ва бошқа буйруқлар) учун мўлжалланган якка тартибдаги ҳуқуқий ҳужжатлар — буйруқлар, фармойишлар, қарорлар (бундан буён матнда буйруқлар деб юритилади) қабул қилиши мумкин.

Раҳбар якка ўзи қабул қиладиган якка тартибдаги ҳуқуқий ҳужжатлар буйруқлар ёки фармойишлар тарзида эълон қилинади. Коллегиал ижро этувчи орган томонидан қабул қилинадиган якка тартибдаги ҳуқуқий ҳужжатлар қарорлар тарзида қабул қилинади.

Агар иш берувчининг якка тартибдаги ҳуқуқий ҳужжатлари ходимлар учун меҳнат тўғрисидаги қонунчиликда ва меҳнат ҳақидаги бошқа ҳуқуқий ҳужжатларда белгиланган шарт-шароитларга нисбатан унча қулай бўлмаган қоидаларни ўз ичига олган бўлса, бу ҳужжатлар ёки уларнинг тегишли қисмлари ҳақиқий бўлмайди.

3-боб. Якка тартибдаги меҳнатга оид муносабатларнинг субъектлари ва юзага келиш асослари

1-§. Якка тартибдаги меҳнатга оид муносабатларнинг субъектлари

19-модда. Ходим ва иш берувчи якка тартибдаги меҳнатга оид муносабатларнинг субъектлари сифатида

Ходим ва иш берувчи якка тартибдаги меҳнатга оид муносабатларнинг субъектларидир.

Меҳнатга оид ҳуқуқ лаёқатига ва муомала лаёқатига эга бўлган, ушбу Кодексда белгиланган ёшга етган ҳамда иш берувчи билан меҳнат шартномаси тузган Ўзбекистон Республикаси фуқаролари, шунингдек чет эл фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахслар ходимлар бўлиши мумкин.

Қуйидагилар иш берувчилар сифатида иш юритиши мумкин:

мулкчилик шаклидан ва идоравий мансублигидан қатъи назар, ташкилотлар;


ташкилотларнинг филиаллари, ваколатхоналари ёки бошқа алоҳида таркибий бўлинмалари (бундан буён матнда ташкилотларнинг алоҳида бўлинмалари деб юритилади);

жисмоний шахслар.

Жисмоний шахслар қуйидаги ҳолларда иш берувчилар бўлиши мумкин:

агар улар юридик шахс ташкил этмасдан тадбиркорлик фаолиятини амалга оширувчи якка тартибдаги тадбиркорлар сифатида рўйхатга олинган бўлса;

агар улар ўзига хизмат кўрсатилиши ва уй хўжалигини юритишда ёрдамлашиш мақсадида уй хизматчиларини ёллашни амалга оширса;

агар қонунчиликда назарда тутилган ҳолларда уларнинг касбий фаолияти рўйхатдан ўтказилиши ва (ёки) лицензияланиши лозим бўлса ҳамда улар мазкур фаолиятни амалга ошириш мақсадида ходимлар билан меҳнатга оид муносабатларга киришган бўлса.

20-модда. Ходимнинг меҳнатга оид ҳуқуқ лаёқати ва муомала лаёқати

Меҳнат ҳуқуқлари ва мажбуриятларига эга бўлиш лаёқати (меҳнатга оид ҳуқуқ лаёқати) ҳамда фуқаронинг (жисмоний шахснинг) ўз хатти-ҳаракатлари орқали меҳнат ҳуқуқларига эга бўлиш ва уларни амалга ошириш, ўзи учун меҳнат мажбуриятларини олиш ва уларни бажариш лаёқати (меҳнатга оид муомала лаёқати) Ўзбекистон Республикасининг барча фуқаролари учун тенг равишда эътироф этилади.

Чет эл фуқаролари, фуқаролиги бўлмаган шахслар, агар Ўзбекистон Республикасининг қонунчилигида ёки халқаро шартномасида бошқача қоида назарда тутилмаган бўлса, худди Ўзбекистон Республикаси фуқаролари эга бўлган меҳнатга оид ҳуқуқ лаёқатига ва муомала лаёқатига эга бўлади.

Ходимнинг меҳнатга оид ҳуқуқ лаёқати ва муомала лаёқати у ўн олти ёшга тўлган пайтидан эътиборан бир вақтнинг ўзида вужудга келади, бундан ушбу Кодексда ва бошқа қонунларда назарда тутилган ҳоллар мустасно.

21-модда. Ходимнинг ҳуқуқлари

Ходим қуйидаги ҳуқуқларга эга:

ушбу Кодексда ва бошқа қонунларда белгиланган тартибда ҳамда шартларда меҳнат шартномасини тузиш, ўзгартириш ва бекор қилиш;

меҳнат шартномасида шартлашилган иш билан иш берувчи томонидан таъминланиш;

меҳнатни муҳофаза қилиш талабларига мос келадиган иш жойига эга бўлиш;

ўз малакасига, меҳнатнинг мураккаблигига, бажарилган ишнинг миқдори ва сифатига мувофиқ ўз вақтида ҳамда тўлиқ ҳажмда иш ҳақи олиш;

иш вақти давомийлигининг чегарасини, айрим касблардаги ва тоифалардаги ходимлар учун қисқартирилган иш вақтини белгилаш, ҳар ҳафталик дам олиш кунлари, ишланмайдиган байрам кунлари, шунингдек йиллик меҳнат таътиллари бериш орқали таъминланадиган дам олиш;



хавфсизлик ва гигиена талабларига жавоб берадиган меҳнат шароитларига эга бўлиш, шунингдек иш жойидаги меҳнат шароитлари ва меҳнатни муҳофаза қилиш талаблари тўғрисида тўлиқ ва ишончли ахборот олиш;

меҳнат тўғрисидаги қонунчиликка, меҳнат ҳақидаги бошқа ҳуқуқий ҳужжатларга, меҳнат шартномасига мувофиқ касбга тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш;

ўз меҳнат ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини ифодалаш ҳамда ҳимоя қилиш учун касаба уюшмаларига ва бошқа ташкилотларга бирлашиш;

жамоа келишувлари ва жамоа шартномаси, шунингдек улар шартларининг бажарилиши тўғрисида ахборот олиш, шу жумладан ўз вакиллари орқали олиш;

меҳнат тўғрисидаги қонунчиликда белгиланган тартибда ходимга меҳнат вазифаларини бажариши муносабати билан етказилган моддий зарарнинг ўрнини қоплаш ва маънавий зиённи компенсация қилиш;

ўз меҳнат ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини қонун билан тақиқланмаган барча усуллар билан ҳимоя қилиш;

меҳнат низоларини ушбу Кодексда, бошқа қонунларда белгиланган тартибда ҳал қилиш.

Ходим меҳнат тўғрисидаги қонунчиликка, меҳнат тўғрисидаги бошқа ҳуқуқий ҳужжатларга ва меҳнат шартномасига мувофиқ бошқа ҳуқуқларга ҳам эга бўлиши мумкин.

22-модда. Ходимнинг мажбуриятлари

Ходим:

меҳнат тўғрисидаги қонунчиликка ва меҳнат ҳақидаги бошқа ҳуқуқий ҳужжатларга, меҳнат шартномалари шартларига риоя этиши;

меҳнат шартномаси билан ўз зиммасига юклатилган меҳнат мажбуриятларини виждонан бажариши;

ички меҳнат тартибига риоя этиши;

меҳнат интизомига риоя этиши;

белгиланган меҳнат нормаларини бажариши;

меҳнатни муҳофаза қилиш талабларига, технология интизомига, меҳнат хавфсизлиги ва ишлаб чиқариш санитарияси қоидаларига риоя этиши;

иш берувчининг мол-мулкига (шу жумладан учинчи шахсларнинг иш берувчида турган мол-мулкига, агар иш берувчи ушбу мол-мулкнинг бут сақланиши учун жавобгар бўлса) нисбатан эҳтиёткорона муносабатда бўлиши;

иш берувчига етказилган моддий зарарнинг ўрнини ушбу Кодексда белгиланган тартибда ва доирада қоплаши;

инсонларнинг ҳаёти ва соғлиғига, иш берувчининг мол-мулки (шу жумладан учинчи шахсларнинг иш берувчида бўлган мол-мулкига, агар иш берувчи ушбу мол-мулкнинг бут сақланиши учун жавобгар бўлса) бут сақланишига таҳдид соладиган вазият юзага келганлиги тўғрисида иш берувчига ёки бевосита раҳбарга дарҳол хабар қилиши;


бошқа ходимларнинг ўз меҳнат мажбуриятларини бажаришига тўсқинлик қилувчи ҳаракатларни содир этмаслиги шарт.

Ходимнинг зиммасида меҳнат тўғрисидаги қонунчиликка, меҳнат тўғрисидаги бошқа ҳуқуқий ҳужжатларга ва меҳнат шартномасига мувофиқ бошқа мажбуриятлар ҳам бўлиши мумкин.

23-модда. Иш берувчининг меҳнатга оид ҳуқуқ лаёқати ва муомала лаёқати

Иш берувчи ташкилотларнинг меҳнатга оид ҳуқуқ лаёқати ва муомала лаёқати улар белгиланган тартибда давлат рўйхатидан ўтказилган пайтдан эътиборан вужудга келади.

Ташкилотлар алоҳида бўлинмаларининг меҳнатга оид ҳуқуқ лаёқати уларнинг фаолиятини тартибга солувчи низомлар тасдиқланган пайтдан эътиборан вужудга келади.

Якка тартибдаги тадбиркор бўлган иш берувчининг меҳнатга оид ҳуқуқ лаёқати ва муомала лаёқати у якка тартибдаги тадбиркор сифатида рўйхатга олинган пайтдан эътиборан юзага келади.

Уй ҳўжалигидаги ишларни бажариш учун ва тадбиркорлик фаолияти билан боғлиқ бўлмаган бошқа шахсий мақсадларда ёлланма меҳнатдан фойдаланаётган жисмоний шахс бўлган иш берувчининг меҳнатга оид ҳуқуқ лаёқати ҳамда муомала лаёқати у фуқаролик муомала лаёқатига тўлиқ ҳажмда эга бўлган пайтдан эътиборан, кўрсатилган ёшга тўлмаган шахснинг меҳнатга оид ҳуқуқ лаёқати ва муомала лаёқати эса у Ўзбекистон Республикасининг Фуқаролик кодексида белгиланган ҳолларда ўн саккиз ёшга киргунига қадар фуқаролик муомала лаёқатига тўлиқ ҳажмда эга бўлган кундан эътиборан юзага келади.

Қонунга, меҳнат ҳақидаги бошқа ҳуқуқий ҳужжатларга, ташкилотнинг таъсис ҳужжатларига ва ички ҳужжатларга мувофиқ иш берувчининг меҳнатга оид муносабатлардаги ҳуқуқ ва мажбуриятлари:

ташкилотнинг мулкдори;

ташкилотнинг бошқарув органлари ёки улар ваколат берган бошқа шахслар;

иш берувчи бўлган жисмоний шахс томонидан амалга оширилади.

Қонунларда мол-мулк эгасининг, юридик шахс мажбуриятлари бўйича муассиснинг (иштирокчининг) субсидиар жавобгарлиги белгиланган ҳолларда юридик шахс бўлган иш берувчининг меҳнатга оид муносабатларидан келиб чиқадиган мажбуриятлари учун мол-мулк эгаси, юридик шахснинг муассиси (иштирокчиси) субсидиар жавобгар бўлади.

24-модда. Иш берувчининг ҳуқуқлари

Иш берувчи қуйидаги ҳуқуқларга эга:

ушбу Кодексда, бошқа қонунларда назарда тутилган тартибда ва шартлар асосида ходимлар билан меҳнат шартномаларини тузиш, ўзгартириш ҳамда бекор қилиш;


жамоа музокаралари ташаббуси билан чиқиш ва жамоа шартномаларини тузиш;

ходимларни ҳалол самарали меҳнати учун рағбатлантириш;

ходимлардан ўз меҳнат мажбуриятларини бажаришини ва иш берувчининг мол-мулкига (шу жумладан учинчи шахсларнинг иш берувчида бўлган мол-мулкига, агар иш берувчи ушбу мол-мулкнинг бут сақланиши учун жавобгар бўлса) эҳтиёткорона муносабатда бўлишини, ички меҳнат тартибига риоя этишини талаб қилиш;

ходимларни ушбу Кодексда белгиланган тартибда интизомий жавобгарликка тортиш;

ходимларни улар томонидан ҳам иш берувчига бевосита етказилган, ҳам бошқа шахсларга етказилган зарарнинг ўрнини қоплаш натижасида иш берувчида юзага келган тўғридан-тўғри ҳақиқий зарар учун моддий жавобгарликка тортиш;

ички ҳужжатларни қабул қилиш (бундан якка тартибдаги тадбиркор бўлмаган, жисмоний шахс бўлган иш берувчилар мустасно);

ўз манфаатларини ифодалаш ва ҳимоя қилиш мақсадида иш берувчилар бирлашмаларини ташкил этиш ҳамда уларга аъзо бўлиш.

Иш берувчи меҳнат тўғрисидаги қонунчиликка, меҳнат тўғрисидаги бошқа ҳуқуқий ҳужжатларга ва меҳнат шартномасига мувофиқ бошқа ҳуқуқларга ҳам эга бўлиши мумкин.

25-модда. Иш берувчининг мажбуриятлари

Иш берувчи:

меҳнат тўғрисидаги қонунчиликка ва меҳнат ҳақидаги бошқа ҳуқуқий ҳужжатларга, меҳнат шартномалари шартларига риоя этиши;

ходимларни меҳнат шартномасида шартлашилган иш билан таъминлаши;

ходимларни ишга қабул қилишда, меҳнат жараёнида ва ходим билан меҳнат шартномасини бекор қилишда ушбу Кодекснинг меҳнат ва машғулотлар соҳасида камситишни тақиқлаш тўғрисидаги талаблари бузилишига йўл қўймаслиги;

мажбурий меҳнат ва болалар меҳнатининг оғир шакллари қўлланилишига йўл қўймаслиги;

меҳнатни муҳофаза қилиш норматив талабларига мувофиқ бўлган меҳнат хавфсизлигини ва шарт-шароитларини таъминлаши;

ходимларни ўз меҳнат мажбуриятларини бажариши учун зарур бўлган асбоб-ускуналар, асбоблар, техник ҳужжатлар ва бошқа воситалар билан таъминлаши;

ходимларга берилиши лозим бўлган иш ҳақини ушбу Кодексга, жамоа шартномасига, ички меҳнат тартиби қоидаларига, бошқа ички ҳужжатларга, меҳнат шартномаларига мувофиқ белгиланган муддатларда тўлиқ ҳажмда тўлаши;