ВУЗ: Не указан

Категория: Не указан

Дисциплина: Не указана

Добавлен: 30.11.2023

Просмотров: 807

Скачиваний: 2

ВНИМАНИЕ! Если данный файл нарушает Ваши авторские права, то обязательно сообщите нам.


Башарти ҳисобга олиш даври учун иш вақтининг давомийлиги иш соатлари нормасидан ошмаса, иш вақтини жамлаб ҳисобга олиш жорий этилиши мумкин. Бунда ҳисобга олиш даври ўн икки ойдан, кунлик ишнинг (сменанинг) давомийлиги эса ўн икки соатдан ошмаслиги керак.

Иш вақтини жамлаб ҳисобга олишни қўллаш тартиби, зарур бўлган тақдирда эса ҳисобга олиш даври мобайнида ходимларга тўланадиган иш ҳақи миқдорини тенглаштиришга қаратилган чора-тадбирлар жамоа шартномасида белгиланади, агар жамоа шартномаси тузилмаган бўлса, иш берувчи томонидан касаба уюшмаси қўмитаси билан келишувга кўра аниқланади.

Иш вақтини жамлаб ҳисобга олиш айрим тоифадаги ходимларни иш вақтидан ташқари ишга жалб этиш учун белгиланган чекловларга риоя этилган ҳолда белгиланади.

200-модда. Иш берувчининг иш вақтини ҳисобга олишни ташкил этишга доир мажбурияти

Иш берувчи ходимларнинг ишга келиши ва ишдан кетиши ҳисобга олинишини ташкил этиши шарт.

Ишга келишни ва ишдан кетишни ҳисобга олиш белгиланган шаклдаги иш вақтидан фойдаланиш табелларида ҳамда бошқа ҳужжатларда юритилади, шунингдек, аппарат, аппарат-дастурий ва дастурий воситалар ёрдамида қайд этилиши мумкин.

Ходим томонидан меҳнат мажбуриятларининг ҳақиқатда бажарилган вақти, шунингдек ушбу Кодекс 181-моддасининг иккинчи қисмига мувофиқ иш вақтига киритиладиган бошқа даврлар ҳисобга олиниши лозим.

Ишлаб берилган вақт таркибида иш вақтидан ташқари ишларнинг, ишбай асосида ишлайдиганларнинг вақти-вақти билан бажариладиган ишининг, хизмат сафарларининг ва ички ўриндошликка доир ишнинг вақти алоҳида ҳисобга олинади.

Ишлаб берилмаган вақт таркибида ҳақ тўланадиган ва ҳақ тўланмайдиган вақт, шунингдек иш вақтининг ҳам ходимнинг айби билан йўқотишлари, ҳам унинг айби бўлмаган чоғдаги йўқотишлари ажратилади.

Ходим томонидан меҳнат мажбуриятларининг ҳақиқатда бажарилган вақти ички меҳнат тартиб қоидаларига, ишлаш (сменаларга бўлиниб ишлаш) жадвалига ёки иш берувчининг алоҳида кўрсатмасига биноан ходим иш бажариладиган жойга келган пайтдан эътиборан ҳамда ушбу иш кунида (сменада) ишдан ҳақиқатда озод бўлган пайтга қадар ҳисобга олинади.

Яшаш жойидан доимий иш жойига (доимий йиғилиш жойига) бориш ва қайтиб келиш вақти, иш жойига кираверишдан то иш жойигача бўлган йўл учун, иш бошланишидан олдин ва иш тугаганидан кейин кийим-бош алмаштириш учун
, ишдан кетаётганда рўйхатдан ўтиш учун зарур бўлган вақт ходим томонидан меҳнат мажбуриятларининг ҳақиқатда бажарилган вақтига киритилмайди ҳамда ҳисобга олинмайди.

14-боб. Дам олиш вақти

1-§. Умумий қоидалар

201-модда. Дам олиш вақти тушунчаси ва турлари

Дам олиш вақти ходим меҳнат мажбуриятларини бажаришдан озод бўлган ва ўз ихтиёрига кўра фойдаланиши мумкин бўлган вақтдир.

Дам олиш вақтининг турлари қуйидагилардан иборат:

иш куни (смена) давомидаги танаффуслар;

ҳар кунги (сменалар оралиғидаги) дам олиш;

дам олиш кунлари (ҳар ҳафталик узлуксиз дам олиш);

ишланмайдиган байрам кунлари;

ҳар йилги асосий ва қўшимча меҳнат таътиллари;

ходимнинг истагига кўра дам олиш кунида ёки ишланмайдиган байрам кунида ишлаганлик учун компенсация сифатида тақдим этиладиган ишдан бўш бўлган қўшимча кунлар, шунингдек қон ва унинг таркибий қисмлари топширилган ҳар бир кундан кейин донорларга бериладиган дам олиш куни.

202-модда. Ходимни меҳнат мажбуриятларини бажаришдан озод этишнинг дам олиш вақти бўлмаган даврлари

Ходимга дам олиш учун эмас, балки бошқа мақсадларда бериладиган, ходимни меҳнат мажбуриятларини бажаришдан озод этиш даврлари дам олиш вақтига кирмайди. Бундай даврлар жумласига қуйидагилар киради:

меҳнат шартномаси иш берувчининг ташаббусига кўра бекор қилиниши тўғрисидаги огоҳлантириш муддати даврида ходимга ишга жойлашиш учун бериладиган ишдан бўш бўлинадиган қўшимча кунлар;

ўн олти ёшга тўлгунига қадар ногиронлиги бўлган болани тарбиялаётган ота-онадан бирига (ота-онанинг ўрнини босувчи шахсга) бериладиган ишдан бўш бўлинадиган қўшимча кунлар;

ҳомиладор аёлларга бериладиган ишдан бўш бўлинадиган кунлар;

донорларнинг тиббий текширув кунида ҳамда қон ва унинг таркибий қисмлари топшириладиган кунда ишдан озод этилиши;

ижтимоий таътиллар: ҳомиладорлик ва туғиш таътиллари, болани парваришлаш таътиллари, ўқув таътиллари ва ижодий таътиллар;

ходим томонидан давлат ёки жамоат мажбуриятлари бажариладиган даврлар;

иш берувчининг ва меҳнат жамоасининг манфаатларини кўзлаб мажбуриятлар бажариладиган даврлар;



ходимнинг вақтинча меҳнатга қобилиятсизлик даврлари;

ходимга дам олиш учун эмас, балки меҳнат тўғрисидаги қонунчиликда ва меҳнат ҳақидаги бошқа ҳуқуқий ҳужжатларда белгиланган ўзга мақсадларда бериладиган, ходимни меҳнат мажбуриятларини бажаришдан озод этишнинг бошқа даврлари.


203-модда. Ходимнинг қонунчилик билан кафолатланган дам олиш ҳуқуқини чеклайдиган ҳужжатлар қоидаларининг ҳақиқий эмаслиги

Ходимнинг қонунчилик билан кафолатланган дам олиш ҳуқуқини чеклайдиган, шу жумладан меҳнат тўғрисидаги қонунчиликда белгиланган дам олиш вақтининг давомийлигини қисқартиришни назарда тутадиган жамоа келишувларининг, шунингдек жамоа шартномасининг ва иш берувчининг бошқа ички ҳужжатларининг қоидалари, меҳнат шартномасининг шартлари ҳақиқий эмас.

2-§. Ишдаги танаффуслар. Дам олиш кунлари ва ишланмайдиган байрам кунлари

204-модда. Дам олиш ва овқатланиш учун танаффуслар

Иш куни (смена) давомида ходимга дам олиш ва овқатланиш учун давомийлиги кўпи билан икки соат ва камида ўттиз дақиқа бўлган, иш вақтига киритилмайдиган танаффус берилиши керак. Ички меҳнат тартиби қоидаларида ёки меҳнат шартномасида, агар ходим учун белгиланган кунлик ишнинг (сменанинг) давомийлиги тўрт соатдан ошмаса, унга мазкур танаффус берилмаслиги назарда тутилиши мумкин.

Дам олиш ва овқатланиш учун танаффус бериш вақти ва унинг аниқ давомийлиги ички меҳнат тартиби қоидаларида ёки ходим ва иш берувчи ўртасидаги келишувга кўра белгиланади.

Дам олиш ва овқатланиш учун танаффус вақти умуман барча ходимлар учун ёки таркибий бўлинмалар, бригадалар ва ходимларнинг айрим гуруҳлари учун алоҳида белгиланиши мумкин.

Ходимлар дам олиш ва овқатланиш учун танаффусдан ўз ихтиёрига кўра фойдаланади. Бу вақтда улар иш жойидан чиқиб кетиши мумкин.

Агар иш кунининг (сменанинг) давомийлиги саккиз соатдан ошган ҳолларда ходимлар учун иш вақтини жамлаб ҳисобга олиш белгиланган бўлса, ходимга дам олиш ва овқатланиш учун иккита танаффус берилиши керак.

Ишлаб чиқариш (иш) шароитларига кўра дам олиш ва овқатланиш учун танаффус бериш имкони бўлмаган ишларда иш берувчи ходимга иш вақтида дам олиш ва овқат ейиш имкониятини таъминлаши шарт. Бундай ишларнинг рўйхати, шунингдек дам олиш ва овқат ейиш учун жойлар ички меҳнат тартиб қоидалари билан белгиланади.

Қонунчиликда, санитария нормалари ва қоидаларида айрим тоифадаги ходимларга дам олиш ва овқатланиш учун танаффус беришнинг ўзига хос хусусиятлари назарда тутилиши мумкин.

205-модда.
Иш куни (смена) давомидаги қўшимча танаффуслар

Иш куни (смена) давомида дам олиш ва овқатланиш учун танаффусдан ташқари ходимларга қуйидаги қўшимча танаффуслар берилади:

қонунчиликда, санитария нормалари ва қоидаларида ёки меҳнат ҳақидаги бошқа ҳуқуқий ҳужжатларда белгиланган, технология ҳамда ишлаб чиқариш ва меҳнатни ташкил этиш ёхуд ушбу меҳнат фаолияти турининг ўзига хос хусусиятлари билан боғлиқ танаффуслар;

йилнинг иссиқ ёки совуқ мавсумида очиқ ҳавода ёхуд совитилмайдиган ёки иситилмайдиган ёпиқ хоналарда ишлайдиган, шунингдек юк ортиш-тушириш ишларида банд бўлган шахслар учун махсус танаффуслар. Иш берувчи иситиш, совитиш учун асбоб-ускуналар билан жиҳозланган ва ходимларнинг дам олиши учун яроқли бўлган хоналарни таъминлаши шарт. Бундай танаффуслар тақдим этиладиган ишларнинг рўйхати, ҳарорат кўрсаткичлари, шунингдек ушбу танаффусларнинг даврийлиги ва давомийлиги иш ўринларини меҳнат шароитлари ҳамда асбоб-ускуналарнинг жароҳатлаш хавфи бўйича аттестациядан ўтказиш асосида белгиланади;

болани овқатлантириш учун танаффуслар.

Ушбу модданинг биринчи қисмида санаб ўтилган танаффуслар иш вақтига киритилади.

Меҳнат тўғрисидаги қонунчиликда ва меҳнат ҳақидаги бошқа ҳуқуқий ҳужжатларда ходимларга иш куни давомида иш вақтига киритиладиган ёки киритилмайдиган бошқа танаффуслар бериш назарда тутилиши мумкин.

206-модда. Ҳар кунги (сменалар оралиғидаги) дам олишнинг давомийлиги

Ишнинг тугаши ва унинг кейинги куни (сменада) бошланиши ўртасидаги ҳар кунги (сменалар оралиғидаги) дам олиш давомийлиги, шу жумладан дам олиш ва овқатланиш учун танаффус ўн икки соатдан кам бўлиши мумкин эмас.

207-модда. Дам олиш кунлари (ҳар ҳафталик узлуксиз дам олиш)

Ходимларга ҳар ҳафтада дам олиш кунлари берилади.

Беш кунлик иш ҳафтасида ходимларга ҳафтада икки дам олиш куни, олти кунлик иш ҳафтасида эса бир дам олиш куни берилади. Айнан битта иш берувчида меҳнат шартномаси асосида меҳнат фаолиятини амалга ошираётган ходимлар учун бажариладиган ишнинг ўзига хос хусусиятларига қараб иш ҳафтасининг ҳар хил турлари белгиланиши мумкин.

Беш кунлик ва олти кунлик иш ҳафтасида умумий дам олиш куни якшанбадир. Беш кунлик иш ҳафтасидаги иккинчи дам олиш куни жамоа шартномасида ёки ички меҳнат тартиб қоидаларида ёхуд сменаларга бўлиниб ишлаш жадвалларида, улар мавжуд бўлмаганда эса меҳнат шартномасида белгиланади.