ВУЗ: Не указан

Категория: Не указан

Дисциплина: Не указана

Добавлен: 30.11.2023

Просмотров: 811

Скачиваний: 2

ВНИМАНИЕ! Если данный файл нарушает Ваши авторские права, то обязательно сообщите нам.


Ходимга у битта ташкилотда ёки тармоқда ишлаган ҳар беш йил учун давомийлиги икки календарь кун бўлган, бироқ жами саккиз календарь кундан кўп бўлмаган ҳар йилги қўшимча меҳнат таътили берилади.

Ушбу модда биринчи қисмининг қоидалари қонунчиликда ўзига иш стажи учун ҳар йилги узоқроқ қўшимча меҳнат таътиллари берилиши назарда тутилган айрим тоифадаги ходимларга нисбатан татбиқ этилмайди.

Қонунчиликда, жамоа келишувларида, шунингдек жамоа шартномасида, бошқа ички ҳужжатларда ёки меҳнат шартномасида ушбу модданинг биринчи қисмида назарда тутилган ҳар йилги қўшимча меҳнат таътилини олиш ҳуқуқини берувчи иш стажига бошқа иш берувчидаги ёхуд бошқа тармоқдаги иш стажини киритиш назарда тутилиши мумкин.

Агар ходим иш берувчининг таклифига кўра ишга қабул қилинган бўлса, ушбу модданинг биринчи қисмида назарда тутилган ҳар йилги қўшимча меҳнат таътилини олиш ҳуқуқини берувчи иш стажига бошқа иш берувчидаги иш стажи киритилади. Микрофирмалар ходимларига ушбу модданинг биринчи қисмида назарда тутилган ҳар йилги қўшимча меҳнат таътили ушбу Кодекснинг 505-моддаси учинчи қисмида назарда тутилган ўзига хос хусусиятлар ҳисобга олинган ҳолда берилади.

221-модда. Ҳар йилги меҳнат таътилларининг давомийлигини ҳисоблаб чиқариш

Ходимларнинг ҳар йилги асосий ва қўшимча меҳнат таътилларининг давомийлиги календарь кунларда ҳисоблаб чиқарилади.

Ҳар йилги меҳнат таътили даврига тўғри келадиган ишланмайдиган байрам кунлари меҳнат таътилларининг давомийлигини белгилашда ҳисобга олинмайди.

Қонунчиликда назарда тутилган ҳолларда айрим тоифадаги ходимларга бериладиган ҳар йилги асосий ва қўшимча меҳнат таътилларининг давомийлиги олти кунлик иш ҳафтаси ҳисобидан календарь бўйича иш кунларида ҳисоблаб чиқарилади.

222-модда. Ҳар йилги асосий ва қўшимча меҳнат таътилларини жамлаш тартиби

Ҳар йилги меҳнат таътилининг умумий давомийлигини ҳисоблаб чиқаришда қўшимча таътиллар ҳар йилги асосий энг кам таътил ёки ҳар йилги асосий узайтирилган таътилга қўшиб жамланади.

Барча ҳолларда қонунчилик билан белгиланган таътилларни жамлашда уларнинг давомийлиги бир иш йили учун эллик олти календарь кундан ошиб кетиши мумкин эмас.

Ушбу модданинг иккинчи қисмида назарда тутилган чеклов қонунчиликда назарда тутилмаган, жамоа келишувларида, шунингдек жамоа шартномасида, иш берувчининг касаба уюшмаси қўмитаси билан келишувга кўра қабул қилинган ички ҳужжатларида ёхуд меҳнат шартномасида белгиланган меҳнат таътилларига нисбатан татбиқ этилмайди.



223-модда. Ҳар йилги меҳнат таътили давомийлигини ишлаб берилган вақтга мутаносиб равишда ҳисоблаб чиқариш ҳоллари

Агар иш йили давомида ходимнинг ҳар йилги меҳнат таътилининг давомийлиги ўзгарган (вояга етмаган ходим ўн саккиз ёшга тўлганлиги муносабати билан у асосий узайтирилган меҳнат таътилини олиш ҳуқуқини йўқотган; ходимга I ёки II гуруҳ ногиронлиги белгиланган ва шу сабабли унда узайтирилган таътил олиш ҳуқуқи юзага келган; ходим иш йилининг бир қисмини оддий меҳнат шароитларида, бошқа қисмини эса унга қўшимча таътил олиш ҳуқуқини берадиган ноқулай меҳнат шароитларида ишлаган бўлса; ходим иш йили давомида бошқа ишга ўтказилган ва бу ишда меҳнат таътилининг ходим унга ўтказилгунига қадар бажарган ишидагига нисбатан бошқача давомийлиги назарда тутилган бўлса ва бошқалар) бўлса, ҳар йилги меҳнат таътилининг давомийлигини ишлаб берилган вақтга мутаносиб равишда ҳисоблаб чиқариш амалга оширилади.

Ишлаб чиқариш зарурияти ёки бекор туриб қолиш муносабати билан иш берувчининг ташаббусига кўра ходимни вақтинча бошқа ишга ўтказиш ҳар йилги меҳнат таътили давомийлигининг меҳнат шартномасида назарда тутилган асосий иш бўйича белгиланган меҳнат таътили давомийлигига нисбатан камайишига олиб келмаслиги керак.

Ишнинг биринчи йили учун ҳар йилги меҳнат таътили қуйидаги тоифадаги ходимларга ишлаб берилган вақтига мутаносиб равишда ҳақ тўланган ҳолда тўлиқ давомийликда берилади:

ҳар йилги меҳнат таътили ўқувчиларнинг ёзги таътили даврида бериладиган таълим ташкилотларининг ўқитувчилар таркибига ва услубиётчиларига. Ушбу тоифадаги ходимларнинг иккинчи ва кейинги иш йиллари учун ҳар йилги меҳнат таътилига тўлиқ ҳажмда ҳақ тўланади;

биринчи иш йилида олти ойдан кам ишлаган ўриндошларга — асосий иши бўйича ҳар йилги меҳнат таътили билан бир вақтда меҳнат таътили берилганда. Биринчи иш йилида ўриндошлик асосидаги ишда олти ойдан кўп ишлаган ходимларга бундай ишда бериладиган меҳнат таътили, шунингдек кейинги иш йилларидаги ҳар йилги меҳнат таътиллари учун тўлиқ ҳақ тўланади.

Ходим билан меҳнат шартномаси бекор қилинганда жорий иш йилида фойдаланилмаган ҳар йилги меҳнат таътили учун ходимга тегишли бўлган компенсациянинг миқдори, шунингдек жорий иш йилида ишлаб берилмаган таътил кунлари учун ушлаб қолинадиган ҳақ миқдори ходимнинг охирги иш йилида ишлаб берган вақтига мутаносиб равишда ҳисоблаб чиқарилади.

224-модда.
Ҳар йилги меҳнат таътили давомийлигини ишлаб берилган вақтга мутаносиб равишда ҳисоблаб чиқариш тартиби

Ҳар йилги меҳнат таътилининг давомийлигини ишлаб берилган вақтга мутаносиб равишда ҳисоблаб чиқаришда унинг давомийлиги ҳар йилги асосий ва қўшимча меҳнат таътилининг тўлиқ миқдорини ўн иккига бўлиш ҳамда тўлиқ ишланган ойлар сонига кўпайтириш йўли билан аниқланади. Бунда ўн беш календарь кунга тенг ва ундан кўп бўлган ортиқча кунлар бир ой деб яхлитланади, ўн беш календарь кундан ками эса ҳисобга олинмайди. Ишлаб берилган вақтга мутаносиб равишда меҳнат таътили кунлари умумий давомийлигини ҳисоблашда олинган 0,5 га тенг ва ундан кўп ўнликлар бир кун деб яхлитланади, 0,5 дан ками эса ҳисобдан чиқариб ташланади.

225-модда. Иш йили

Иш йили деганда ходимнинг муайян иш берувчида ўн икки ойга тенг бўлган ва ҳақиқатда иш бошланган санадан эътиборан ҳисоблаб чиқариладиган иш даври тушунилади.

Агар ушбу Кодекснинг 226-моддасига мувофиқ иш йилига киритиладиган даврларнинг суммаси тўлиқ ўн икки календарь ойдан кам бўлса, ходимнинг иш йили етишмаётган вақтга сурилади.

226-модда. Ҳар йилги меҳнат таътилини олиш ҳуқуқини берадиган иш стажини ҳисоблаб чиқариш

Ҳар йилги асосий меҳнат таътилини ва битта ташкилотда ёки тармоқда кўп йиллик иш стажи учун қўшимча таътил олиш ҳуқуқини берувчи иш стажи жумласига қуйидагилар киради:

иш йили давомида ҳақиқатда ишланган вақт;

ходим ҳақиқатда ишламаган, лекин меҳнат тўғрисидаги қонунчиликка ва меҳнат ҳақидаги бошқа ҳуқуқий ҳужжатларга, меҳнат шартномасига мувофиқ унинг иш ўрни (лавозими) сақланган вақт, шу жумладан ҳар йилги меҳнат таътили вақти, дам олиш кунлари, ишланмайдиган байрам кунлари ҳамда қонунчиликда белгиланган бошқа даврлари;

меҳнат шартномаси қонунга хилоф равишда бекор қилинганда, ходим бошқа ишга ўтказилганда ёки у ишдан четлаштирилганда ва келгусида ходим аввалги ишига тикланганда мажбурий прогул вақти;

агар тиббий кўрикдан ўтмаслик ёки меҳнатни муҳофаза қилиш соҳасида билим ва кўникмалар текширувидан ўтмаслик ходимнинг айбисиз юз берган бўлса, мажбурий тиббий кўрикдан ўтмаган ёки меҳнатни муҳофаза қилиш соҳасида ўқувдан ўтмаган ҳамда билим ва кўникмалари текширувдан ўтмаган ходим ишдан четлаштирилган давр;

агар хизмат текшируви натижаларига кўра, меҳнат мажбуриятларининг бузилишидаги ходимнинг айби тасдиқланмаса ёхуд меҳнат мажбуриятларини бузиш фактининг ўзи тасдиқланмаса, ушбу хизмат текширувини ўтказиш вақтида ходим ишдан четлаштирилган давр;


ходимнинг илтимосига кўра бериладиган, иш йили давомида икки ҳафтадан ошмайдиган иш ҳақи сақланмайдиган таътиллар вақти;

жамоа келишувларида, шунингдек жамоа шартномасида ва ички ҳужжатларда, меҳнат шартномасининг шартларида назарда тутилган бошқа вақт даврлари.

Ҳар йилги асосий меҳнат таътилини олиш ҳуқуқини берадиган иш стажи жумласига қуйидагилар киритилмайди:

ходим узрли сабабларсиз ишда бўлмаган вақт;

ходим ишдан четлаштирилган даврлар, бундан ушбу модда биринчи қисмининг тўртинчи, бешинчи ва олтинчи хатбошиларида назарда тутилган ҳоллар мустасно;

ушбу Кодекс 405-моддасининг биринчи ва иккинчи қисмларида назарда тутилган болани парваришлаш учун бериладиган таътиллар вақти.

Зарарли ва (ёки) хавфли меҳнат шароитларидаги, шунингдек ноқулай табиий-иқлим шароитларидаги иш учун ҳар йилги қўшимча меҳнат таътилларини олиш ҳуқуқини берадиган иш стажига фақат мазкур шароитларда ҳақиқатда ишлаб берилган вақт киритилади.

227-модда. Биринчи иш йили учун ҳар йилги меҳнат таътилини бериш тартиби

Биринчи иш йили учун ҳар йилги меҳнат таътилидан фойдаланиш ҳуқуқи ходимда у ушбу иш берувчида узлуксиз ишлаган олти ой ўтганидан кейин юзага келади. Меҳнат шартномаси тарафларининг келишувига кўра ходимга ишлаган олти ой ўтгунига қадар ҳам меҳнат таътили берилиши мумкин.

Биринчи бор ташкил этилган ташкилотлар учун ходимларга биринчи иш йили учун ҳар йилги меҳнат таътили биринчи иш йили тугагунига қадар ушбу таътилни бериш шарти билан олти ой ишламасидан илгари ёки ундан кейин берилиши мумкин.

Олти ой ўтгунига қадар ходимнинг хоҳишига кўра қуйидагиларга ҳар йилги меҳнат таътили берилади:

аёлларга — ҳомиладорлик ва туғиш таътилидан олдин ёки ундан кейин;

ўн тўрт ёшга тўлмаган битта ёки ундан ортиқ болани (ўн олти ёшга тўлмаган ногиронлиги бўлган болани) тарбиялаётган шахсларга (ёлғиз ота-онага, шу жумладан бева аёлларга, бева эркакларга, никоҳдан ажралганларга, муддатли ҳарбий хизматдаги ҳарбий хизматчиларнинг хотинларига, ота-онанинг ўрнини босувчи шахсларга);

ўн саккиз ёшдан кичик бўлган шахсларга;

резервга бўшатилганидан кейин уч ойдан кечиктирмай ишга кирган муддатли ҳарбий хизматни ўтаган собиқ ҳарбий хизматчиларга;

1941 — 1945 йиллардаги уруш қатнашчиларига ва имтиёзлари бўйича уларга тенглаштирилган шахсларга