ВУЗ: Не указан

Категория: Не указан

Дисциплина: Не указана

Добавлен: 30.11.2023

Просмотров: 824

Скачиваний: 2

ВНИМАНИЕ! Если данный файл нарушает Ваши авторские права, то обязательно сообщите нам.


ишларни йўлда бажариш билан боғлиқ сафар чоғида — йўлда ўтган ҳар бир кун учун ойлик тариф ставкасининг (маошнинг) бир ярим фоизи, йўловчи поездларига, почта-багаж поездларига, йўловчи поездлари ва почта вагонларининг ресторан-вагонларида (кафе-буфетларда) хизмат кўрсатувчи ходимларга эса уч фоизи миқдорида;

агар ходимлар бир ойда ўн икки ва ундан ортиқ кун сафарда бўлса, — қонунчиликда белгиланган суткалик норманинг йигирма фоизигача, агар бир ойда ўн икки кундан кам сафарда бўлса, — сайёр хусусиятга эга шароитлардаги ишнинг бир суткаси учун ойлик тариф ставкасининг (маошнинг) ўн беш фоизигача миқдорда.

Кўчиб юриш хусусиятига эга иш учун устама қуйидаги энг кам миқдорларда белгиланади:

олис объектларда бўлиш кунларида — ҳар бир тўлиқ ишланган иш куни (смена) учун ходим кунлик ставкасининг ўттиз фоизигача;

объект жойлашган ерга бориш ва орқага қайтиш кунларида — ходимнинг кунлик тариф ставкаси миқдорида.

Дала шароитларидаги иш учун дала нафақаси қуйидаги миқдорлардан кам бўлмаган миқдорда тўланади:

бевосита дала ишлари ўтказиладиган объектларда, ташкилотнинг даладаги базавий шаҳарчасидан ташқарида ишлаганда — кунлик меҳнатга ҳақ тўлаш энг кам миқдорининг етти фоизи;

ташкилотларнинг даладаги базавий шаҳарчаларида бажариладиган иш учун — кунлик меҳнатга ҳақ тўлаш энг кам миқдорининг икки фоизи.

Вахта усулидаги иш учун ойлик меҳнатга ҳақ тўлаш энг кам миқдорининг эллик фоизидан кам бўлмаган миқдорда устама белгиланади.

Жамоа шартномаси ёки касаба уюшмаси қўмитаси билан келишилган ички ҳужжат ёхуд ходим ва иш берувчи ўртасидаги келишув билан ушбу модданинг иккинчи, учинчи ва тўртинчи қисмларида назарда тутилганидан кўпроқ миқдорда компенсациялар белгиланиши мумкин. Бунда ушбу моддада белгиланган миқдорлардан ортиқ бўлган тўловларга солиқ тўғрисидаги қонунчиликка мувофиқ солиқ солиниши лозим.

289-модда. Ходим бошқа жойдаги ишга кўчиб ўтаётганда компенсация тўловлари

Иш берувчи билан олдиндан келишув бўйича бошқа жойга ишга кўчиб ўтган ходимларга, шунингдек тақсимот бўйича яшаш жойларидан ташқарида иш жойи берилган таълим ташкилотларининг битирувчиларига қуйидагилар компенсация қилинади:

ходим ва оила аъзолари (эр, хотин, улар билан бирга яшайдиган, уларнинг қарамоғида бўлган оила аъзолари) йўлкирасининг йўл чипталарини олиш учун қилинган ҳақиқий харажатлари миқдоридаги қиймати;


темир йўл ёки автомобиль транспортида ходимнинг ўзига беш юз килограммгача ва у билан бирга кўчиб ўтаётган оила аъзоларига жами беш юз килограммгача бўлган мол-мулкни ташиш харажатлари;

йўлда бўлишнинг ҳар бир кунига хизмат сафарлари учун назарда тутилган миқдорда суткалик тўловлар;

агар кўчиб ўтаётган ходимнинг ушбу жойда шахсий уй-жойи мавжуд бўлмаса ҳамда иш берувчи ушбу ходимга ва унинг оила аъзоларига тегишли уй-жой тақдим этмаса, уй-жой ижараси билан боғлиқ харажатлар;

янги иш жойи бўйича бир ойлик тариф ставкаси (маош) миқдорида бир марталик нафақа (кўтарма пул), шунингдек ходим билан бирга кўчиб ўтаётган ҳар бир оила аъзосига кўчиб ўтаётган ходим тариф ставкасининг (маошнинг) учдан бир қисми, башарти ушбу оила аъзолари ходимга алоҳида уй-жой берилган кундан эътиборан ўн икки ой ичида кўчиб ўтса.

Агар ходим бошқа жойдаги ишга келмаса, худди шунингдек меҳнат шартномасида белгиланган муддатларда узрли сабабсиз ишга киришмаса, шунингдек, агар ходим билан тузилган меҳнат шартномаси унинг ташаббуси билан ёки иш берувчининг ташаббуси билан ходимнинг айбли ҳаракатлари (ҳаракатсизлиги) билан боғлиқ асосларга кўра бекор қилинган бўлса, ходим (битирувчи) олинган маблағни қайтариб бериши шарт.

Агар ходим узрли сабабга кўра (ишнинг давом этишига тўсқинлик қиладиган касаллик, иш жойи жойлашган ҳудуддан ташқарида истиқомат қилувчи ўз қарамоғидаги шахсларга ғамхўрлик қилиш зарурати ва бошқалар) иш бошламаган бўлса ёки иш бошлаган кунидан эътиборан бир йил ўтгунига қадар меҳнат шартномасини бекор қилса, олинган маблағларни иш берувчига қайтариши керак, бундан йўлкира қиймати мустасно.

Жамоа шартномасида ёки иш берувчи томонидан тасдиқланадиган касаба уюшмаси қўмитаси билан келишилган ҳолда қабул қилинган ички ҳужжатда бошқа жойда ишлаш учун кетаётган ходимлар учун тўловларнинг ушбу модда биринчи қисмида назарда тутилганидан юқорироқ миқдорлари белгиланиши мумкин.

290-модда. Иш берувчининг йўлланмаси бўйича касбий тайёргарлик, қайта тайёрлаш, малака ошириш ва стажировкадан ўтишда ходимлар учун компенсация тўловлари

Агар иш берувчининг йўлланмаси бўйича ходимнинг касбий тайёргарлик, қайта тайёрлаш, малака ошириш ва стажировкадан ўтиши бошқа жойга кўчишни талаб қилса, ходимга ўқиш жойига бориш ва қайтиб келиш, шунингдек уй-жойни ижарага олиш харажатларининг ўрни қопланади.



Жамоа шартномасида ёки иш берувчи томонидан касаба уюшма қўмитаси билан келишилган ҳолда тасдиқланган ички ҳужжатда касбий тайёргарлик, қайта тайёрлаш, малака ошириш ва стажировкага юборилган ходимларга яшаш жойидан ташқарида яшаганлик учун компенсация (суткалик) тўлови белгиланиши мумкин.

291-модда. Ишлаб чиқаришдаги бахтсиз ҳодиса ёки касб касаллиги натижасида ходимда вақтинча меҳнатга қобилиятсизлик юз берган тақдирда харажатларни компенсация қилиш

Агар вақтинча меҳнатга қобилиятсизлик ишлаб чиқаришдаги бахтсиз ҳодиса ёки касб касаллиги натижасида юз берса, иш берувчи ходимга вақтинча меҳнатга қобилиятсизлик нафақасини тўлаш билан бирга унинг тиббий, ижтимоий ва касбий реабилитация учун қилган харажатларининг ўрнини тегишли ҳужжатлар (чеклар, маълумотномалар ва бошқалар) билан тасдиқланган, ҳақиқатда қилинган харажатлар миқдоридан кам бўлмаган миқдорда қоплайди.

292-модда. Ходимнинг мажбурий тиббий кўрикдан ўтиши билан боғлиқ харажатларни компенсация қилиш

Ходимнинг мажбурий тиббий кўрикдан у дастлабки (ишга қабул қилиш чоғида) ёки даврий (иш жараёнида) хусусиятга эга бўлишидан қатъи назар, ўтиши билан боғлиқ харажатларни компенсация қилиш иш берувчининг ҳисобидан амалга оширилади.

293-модда. Ходимга тегишли мол-мулкдан иш берувчининг манфаатларини кўзлаб фойдаланилганда харажатларни компенсация қилиш

Иш жараёнида ходимга тегишли ёхуд унинг томонидан учинчи шахслардан ижарага олинган мол-мулкдан иш берувчининг розилиги билан фойдаланилганда, иш берувчи транспорт воситаларининг амортизацияси (эскириши) ва улардан фойдаланиш харажатларининг, шунингдек асбоб-ускуналар, бошқа техник воситалар ёки ўзга мол-мулк амортизацияси (эскириши) ўрнини қоплайди. Ушбу харажатларнинг ўрнини қоплаш миқдорлари ва тартиби ходим ҳамда иш берувчи ўртасидаги келишувга кўра белгиланади.

294-модда.
Компенсация тўловларини молиялаштириш манбалари

Ушбу Кодекснинг 286-моддасида санаб ўтилган компенсация тўловларини молиялаштириш манбалари иш берувчининг маблағларидан, бюджет ташкилотларида эса бюджет маблағларидан иборатдир.

18-боб. Меҳнат интизоми

1-§. Умумий қоидалар

295-модда. Меҳнат интизоми тушунчаси ва уни таъминлаш усуллари

Меҳнат интизоми барча ходимларнинг меҳнат тўғрисидаги қонунчиликка, жамоа келишувларига, жамоа шартномасига, шунингдек ички меҳнат тартиби қоидаларига, бошқа ички ҳужжатларга ва меҳнат шартномасига мувофиқ белгиланган хулқ-атвор қоидаларига мажбурий бўйсунишидир.

Иш берувчи меҳнат тўғрисидаги қонунчиликка ва меҳнат ҳақидаги бошқа ҳуқуқий ҳужжатларга, меҳнат шартномасига мувофиқ ходимларнинг меҳнат интизомига риоя этиши учун зарур шарт-шароитлар яратиши шарт.

Меҳнат интизоми нормал иш учун зарур ижтимоий-иқтисодий ва ташкилий-техник шарт-шароитларни яратиш, ҳалол меҳнати учун рағбатлантириш ва мукофотлаш усуллари, меҳнат (лавозим) мажбуриятларини бузган ходимларга нисбатан жазо чораларини қўллаш орқали таъминланади.

296-модда. Ички меҳнат тартиби қоидалари

Ички меҳнат тартиби қоидалари меҳнат тўғрисидаги қонунчиликка мувофиқ ишга қабул қилиш ва ходимлар билан тузилган меҳнат шартномасини бекор қилиш тартиби, меҳнат шартномаси тарафларининг ҳуқуқлари, мажбуриятлари ва жавобгарлиги, иш режими, дам олиш вақти, ходимларга нисбатан қўлланиладиган имтиёзлар ва жазо чоралари, шунингдек ушбу иш берувчида меҳнат муносабатларини тартибга солишга оид бошқа масалаларни тартибга солувчи ички ҳужжатдир.

Ички меҳнат тартиби қоидалари ушбу Кодекснинг 15-моддасига мувофиқ иш берувчи томонидан касаба уюшмаси қўмитаси билан келишилган ҳолда тасдиқланади.

Ички меҳнат тартиби қоидалари интизом тўғрисидаги уставлар ва низомларнинг амал қилиши ўзига нисбатан татбиқ этиладиган ходимларга ушбу уставлар ва низомларга зид бўлмаган қисми бўйича қўлланилади.

297-модда. Интизом тўғрисидаги уставлар ва низомлар

Интизом тўғрисидаги уставлар ва низомлар иқтисодиётнинг муайян тармоқлари ходимларининг айрим тоифаларига, шунингдек айрим давлат органларининг ходимларига нисбатан татбиқ этиладиган норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар ҳисобланади, ушбу ходимлар томонидан меҳнат интизомининг бузилиши ўта оғир оқибатларга олиб келиши мумкин.


Интизом тўғрисидаги уставлар ва низомлар Ўзбекистон Республикасининг қонунлари, Президентининг фармонлари, қарорлари, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг қарорлари билан тасдиқланади.

Интизом тўғрисидаги уставлар ва низомларда уларнинг амал қилиши ўзига нисбатан татбиқ этиладиган ходимларнинг доираси белгиланади, ходимларнинг, шунингдек интизомий жазо чораларини қўллаш ҳуқуқига эга бўлган мансабдор шахсларнинг ҳуқуқ ва мажбуриятлари, рағбатлантиришларнинг, интизомий жазоларнинг турлари, уларни қўллаш тартиби назарда тутилади.

298-модда. Меҳнат тартибини тартибга солувчи ички ҳужжатлар қоидаларининг ҳақиқий эмаслиги

Ходимнинг ҳолатини меҳнат тўғрисидаги қонунчилик, жамоа келишувлари ёки жамоа шартномасига нисбатан ёмонлаштирувчи меҳнат тартибини тартибга солувчи ички ҳужжатлар қоидалари ҳақиқий эмасдир.

299-модда. Меҳнат учун рағбатлантириш

Ишдаги ютуқлар учун ходимга нисбатан рағбатлантириш чоралари қўлланилиши мумкин. Рағбатлантириш турлари, уларни қўллаш тартиби жамоа келишувларида, жамоа шартномасида, ички меҳнат тартиби қоидалари ҳамда меҳнат тўғрисидаги бошқа ҳуқуқий ҳужжатларда ва меҳнат шартномасида белгиланади.

Ўзига нисбатан интизом ҳақидаги уставлар ва низомларнинг амал қилиши татбиқ этиладиган ходимларга нисбатан рағбатлантириш турлари, уларни қўллаш тартиби интизом тўғрисидаги тегишли уставлар ва низомларда белгиланади.

Ходимлар меҳнат соҳасида жамият ва давлат олдидаги алоҳида хизматлари учун давлат мукофотларига тақдим этилиши мумкин.

Иш ҳақи, мукофотлар, қўшимча тўловлар, устамалар ва меҳнатга ҳақ тўлаш тизимида назарда тутилган бошқа тўловлар рағбатлантириш турлари жумласига кирмайди. Интизомий жазонинг амал қилиш муддати ичида интизомий жавобгарликка тортилган ходимларга меҳнатга ҳақ тўлаш тизимида назарда тутилган мукофотларни тўлаш тўғрисидаги масала мукофотлаш ҳақидаги тегишли низомларда ҳал қилинади.

Интизомий жазонинг амал қилиш муддати ичида ходимга нисбатан рағбатлантириш чоралари, шу жумладан меҳнатга ҳақ тўлаш тизимига кирмайдиган ва меҳнат натижаларига асосланмаган мукофотлар ҳам (байрамлар, шу жумладан касб байрамлари, юбилейлар муносабати билан ва ҳоказолар) қўлланилмайди.