ВУЗ: Не указан
Категория: Не указан
Дисциплина: Не указана
Добавлен: 30.11.2023
Просмотров: 822
Скачиваний: 2
ВНИМАНИЕ! Если данный файл нарушает Ваши авторские права, то обязательно сообщите нам.
273-модда. Меҳнат нормасининг турлари
Меҳнат нормасининг турлари қуйидагилардан иборат:
вақт нормаси — муайян ташкилот учун энг маъқул бўлган ташкилий-техник шароитларда бир ходим ёки тегишли сон ва малакадаги ходимлар гуруҳи томонидан муайян иш бирлигини (битта маҳсулот, битта операцияни) бажариш учун зарур бўлган иш вақти миқдори. Қоида тариқасида, норма-соатда, киши-соатда, киши-дақиқада, сонияларда ҳисоблаб чиқилади.
ишлаб чиқариш нормаси — муайян ташкилий-техник шароитларда вақт бирлигида бир ходим ёки муайян ташкилий-техник шароитларда тегишли сон ва малакадаги ходимлар гуруҳи томонидан смена давомида бажарилиши керак бўлган иш ҳажми;
ходимлар сони нормаси — муайян ташкилий-техник шароитларда ишлаб чиқариш топшириғини бажариш учун зарур бўлган муайян касбий малакага эга ходимлар сони;
хизмат кўрсатиш нормаси — смена давомида муайян ташкилий-техник шароитларда бир ходим ёки тегишли сон ва малакадаги ходимлар гуруҳи томонидан хизматлар кўрсатилиши керак бўлган асбоб-ускуналар, ҳудудларнинг майдонлари ва хизмат кўрсатиш объектларининг белгиланган бирлиги сони;
алоҳида лавозимларни киритиш нормаси — тегишли давлат бошқаруви органи томонидан ташкилотнинг алоҳида вазифалари ва функцияларини бажариш учун зарур бўлган, бюджет ташкилотлари учун белгиланган ходимлар сони;
бошқарилувчанлик нормаси — бевосита битта раҳбарга бўйсуниши керак бўлган ходимлар сони;
малака нормаси — ходимнинг меҳнат вазифасини бажариши учун зарур бўлган малака (билим, маҳорат, кўникма) даражаси;
давлат касбий стандартлари (касбий фаолият стандартлари) — ходимга муайян бир касбий фаолият турини амалга ошириш, шу жумладан муайян меҳнат вазифасини бажариш учун зарур бўлган малака тавсифлари;
зарур меҳнат сарфларини белгиловчи бошқа нормалар.
Меҳнатни ташкил этиш ва ҳақ тўлашнинг жамоавий шакллари шароитларида маҳсулотнинг аниқ ҳажмига, умуман технологик жараёнга ёки муайян ишлар (хизматлар) ҳажмига нисбатан белгиланадиган йириклаштирилган меҳнат нормалари, шунингдек қабул қилинган меҳнат нормалари негизида ҳисоблаб чиқилган ўзаро боғлиқ бўлган ишлар кўламини тавсифловчи пировард йириклаштирилган ўлчов (куб метр, квадрат метр, маҳсулотнинг мингта бирлиги ва бошқалар) бўйича белгиланадиган йириклаштирилган меҳнат нормалари қўлланилиши мумкин.
Меҳнат нормалари тўлиқ иш вақти давомида тегишли малакага эга бўлган ходим меҳнат шартномасида шарт қилиб кўрсатилган меҳнат вазифасини тўлиқ бажаришга қодир бўладиган тарзда белгиланиши керак.
Бир турдаги ишлар учун Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги томонидан намунавий (тармоқ, тармоқлараро, касбий ва бошқа) меҳнат нормалари тасдиқланади.
274-модда. Меҳнат нормаларини ишлаб чиқиш, жорий этиш, алмаштириш ва қайта кўриб чиқиш
Меҳнат нормаларини ишлаб чиқиш иш берувчи томонидан меҳнатнинг аниқ ташкилий-технологик шароитларида ходимларнинг меҳнат вазифаларини бажариши учун меҳнат сарфларини таҳлил этиш асосида амалга оширилади.
Меҳнат нормаларини ишлаб чиқишда қуйидагилар таъминланиши керак:
меҳнат нормаларининг сифати, уларни зарур меҳнат сарфларига мақбул равишда яқинлаштириш;
ўхшаш ташкилий-техник шароитларда бажариладиган айни бир иш учун бир хил меҳнат нормаларини белгилаш;
фан ва техника ютуқлари асосида меҳнат нормаларининг илғорлиги;
меҳнат нормаларини белгилаш мумкин бўлган ва мақсадга мувофиқ ҳисобланадиган иш турларини меҳнатни нормалаштириш билан қамраб олиш;
меҳнат нормаларининг техник (илмий) жиҳатдан асосланганлиги.
Меҳнат нормаларини жорий этиш, алмаштириш ва қайта кўриб чиқиш жамоа шартномасида белгиланади, жамоа шартномаси бўлмаганда эса иш берувчи томонидан касаба уюшмаси қўмитаси билан келишилган ҳолда амалга оширилади.
Меҳнат нормаларининг жорий этилиши, алмаштирилиши ва қайта кўриб чиқилиши тўғрисида ходим улар жорий этиладиган, алмаштириладиган, қайта кўриб чиқиладиган кундан камида икки ой олдин огоҳлантирилган бўлиши керак.
Меҳнат нормалари иш ўринларининг рационализация қилинишига, меҳнат унумдорлигининг ўсишини таъминловчи янги техника, технологияларнинг жорий этилишига ва ташкилий-техник тадбирлар ўтказилишига қараб алмаштирилиши ва қайта кўриб чиқилиши мумкин.
Айрим ходимлар ёки уларнинг жамоавий тузилмалари (бригадалари) томонидан ўз ташаббуси билан меҳнатнинг янги йўллари ва усуллари қўлланилиши ҳамда иш ўринларини такомиллаштириш ҳисобига маҳсулот ишлаб чиқаришнинг (хизматлар кўрсатишнинг) юқори даражасига эришиш илгари белгиланган меҳнат нормаларини қайта кўриб чиқиш учун асос бўла олмайди.
Намунавий меҳнат нормаларини алмаштириш ва қайта кўриб чиқиш уларни ишлаб чиқиш ва тасдиқлаш учун белгиланган тартибда амалга оширилади.
275-модда.
Меҳнат нормаларининг амал қилиш муддати
Меҳнат нормалари доимий бўлиши мумкин, бунда улар номуайян муддатга белгиланади ва ушбу Кодекснинг 274-моддасига мувофиқ алмаштирилгунига ва қайта кўриб чиқилгунига қадар амал қилади, меҳнат нормалари вақтинчалик ҳам бўлиши мумкин, бунда улар маҳсулот ишлаб чиқаришни, техника, технологияларни ўзлаштириш даври учун ёки ишлаб чиқаришни ва меҳнатни ташкил этиш даври учун уч ойгача бўлган муддатга белгиланади. Мазкур муддат тугаганидан кейин вақтинчалик нормалар доимий нормалар билан алмаштирилиши лозим.
Айрим ҳолларда вақтинчалик нормаларнинг амал қилиш муддати иш берувчи томонидан касаба уюшмаси қўмитаси билан келишилган ҳолда узайтирилиши мумкин.
Технология ўзгартирилганда, бахтсиз ҳодисалар ва авариялар юзага келиши хавфи билан боғлиқ ишларни бажаришда, шунингдек бир марталик хусусиятга эга бошқа шунга ўхшаш ишларни бажаришда меҳнат нормалари ҳар бир аниқ ҳолатда тегишли ишларни бажариш даври учун белгиланади.
276-модда. Иш берувчининг меҳнат нормаларини бажариш учун зарур меҳнат шарт-шароитларини таъминлаш мажбуриятлари
Иш берувчи меҳнат нормаларининг бажарилиши учун зарур шарт-шароитларни таъминлаши шарт. Бундай шарт-шароитлар жумласига қуйидагилар киради:
бинолар, иншоотлар, машиналар, технологик жиҳозлар ва бошқа асбоб-ускуналарнинг соз ҳолатда бўлиши;
ишларни бажариш учун зарур бўлган техник ҳужжатлар ва бошқа зарур ҳужжатлар билан ўз вақтида таъминлаш;
меҳнат шартномасида шартлашилган ишларни бажариш учун зарур бўлган материаллар, асбоблар, бошқа воситалар ва буюмларнинг лозим даражада сифатли бўлиши, уларнинг ходимга ўз вақтида тақдим этилиши;
меҳнат муҳофазаси ва ишлаб чиқариш хавфсизлиги талабларига жавоб берадиган меҳнат шарт-шароитлари.
277-модда. Меҳнатга ҳақ тўлашнинг ишбай тизимида нархларни аниқлаш
Меҳнатга ҳақ тўлашнинг ишбай тизимида нархлар белгиланган иш разрядларидан, меҳнатга ҳақ тўлаш разрядларидан, тариф ставкаларидан (маошлардан) ва ишлаб бериш нормаларидан (вақт нормаларидан) келиб чиққан ҳолда аниқланади.
Ишбай нарх бажариладиган ишнинг разрядига мувофиқ бўлган кунбай тариф ставкасини ёки соатбай тариф ставкасини кунбай ёки соатбай ишлаб бериш нормасига бўлиш йўли билан аниқланади. Ишбай нарх бажариладиган ишнинг разрядига мувофиқ бўлган кунбай тариф ставкасини ёхуд соатбай тариф ставкасини белгиланган кунбай ёки соатбай вақт нормасига кўпайтириш йўли билан ҳам аниқланиши мумкин.
Кунбай тариф ставкаси (маош) ёки соатбай тариф ставкаси меҳнатга ҳақ тўлашнинг разрядига мувофиқ бўлган ойлик тариф ставкасини ёки лавозим маошини иш кунларининг ёхуд иш соатларининг ойлик нормасига бўлиш йўли билан аниқланади.
278-модда. Нормалаштирилган топшириқларни ва хизмат кўрсатиш нормаларини белгилаш
Меҳнатга ҳақ тўлашнинг вақтбай тизимида нормалаштирилган топшириқларни, шу жумладан алоҳида вазифаларни ва иш ҳажмини бажариш мақсадида ходимларга нисбатан хизмат кўрсатиш нормаси ва ходимлар сони нормаси белгиланиши мумкин.
Муайян ишлаб чиқариш шароитларида нормалаштирилган топшириқлар ва хизмат кўрсатиш нормаларини белгилашда маҳсулот бирлигига қилинган меҳнат сарфлари нормаларидан, ходимлар сони нормаларидан, иш вақтининг режали фондларидан ва бошқа маълумотлардан фойдаланилади.
Бюджет ташкилотларида хизмат кўрсатиш нормаларини ва лавозимларни жорий этиш нормаларини белгилаш Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги, шунингдек тегишли тармоқ касаба уюшмаси қўмитаси билан келишилган ҳолда ваколатли давлат бошқаруви органи томонидан амалга оширилади.
17-боб. Кафолатли тўловлар ва компенсация тўловлари
1-§. Кафолатли тўловлар ва кафолатли қўшимча тўловлар
279-модда. Кафолатли тўловлар ва кафолатли қўшимча тўловлар тушунчалари
Кафолатли тўловлар ходим ушбу Кодексга, бошқа қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ меҳнат мажбуриятларини бажаришдан озод қилинган ёхуд ўз ихтиёрига зид тарзда ишлаш имкониятидан маҳрум бўлган вақт учун ўртача иш ҳақи ёки тариф ставкаси (маош) миқдоридаги пул тўловларидир.
Кафолатли қўшимча тўловлар ушбу Кодексда ва меҳнат тўғрисидаги қонунчиликда белгиланган бошқа ҳолларда ходимга у муайян сабабларга кўра ўз меҳнат вазифаларини тўлиқ ҳажмда бажара олмаганда, ушбу ходимнинг ўртача иш ҳақини сақлаб қолиш мақсадида тўланадиган пул суммаси ҳисобланади.
280-модда. Иш берувчининг ходимга кафолатли тўловларни амалга ошириш мажбурияти
Иш берувчи ходимга:
ходим жамоавий музокараларда, жамоа шартномаси лойиҳасини тайёрлашда иштирок этган давр;
ходимларнинг вакиллари бўлган ва ишлаб чиқариш ишларидан озод қилинмаган шахслар томонидан ходимларнинг вакиллиги ва уларнинг манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича вазифалар бажарилган давр;
меҳнат низолари бўйича комиссия аъзоси ушбу комиссия ишида иштирок этган давр;
ходим меҳнатни муҳофаза қилиш соҳасида ўқувдан ҳамда билим ва кўникмалар текширувидан ёки мажбурий тиббий кўрикдан ўзининг айбисиз ўтмаганлиги сабабли ишдан четлаштирилган давр;
ходим ўзига нисбатан хизмат текшируви ўтказилганлиги туфайли ишдан четлатилган давр;
ходим йиллик меҳнат таътилида бўлган давр;
иш берувчининг айби билан бекор туриб қолинган ва нуқсонга йўл қўйилган давр;
иш берувчининг айби билан меҳнат нормалари бажарилмаган, меҳнат (лавозим) мажбуриятлари ижро этилмаган давр;
ушбу Кодекснинг 364-моддасига мувофиқ соғлиғининг ҳолатига кўра енгилроқ ишга ёки ноқулай ишлаб чиқариш омилларининг таъсиридан холи бўлган ишга ўтказилган давр;
меҳнатни муҳофаза қилиш бўйича ваколатли шахс томонидан ўз зиммасига юклатилган вазифалар бажарилган давр;
ходим хизмат сафарида бўлган давр;
ходим иш берувчи билан биргаликда ёки иш берувчининг таклифига биноан ўз розилигига кўра бошқа жойга кўчганида унга янги жойга кўчиш ва жойлашиш учун зарур бўлган, лекин олти иш кунидан кўп бўлмаган вақт;
ходим ишдан ажралган ҳолда ўзи ва иш берувчи учун мажбурий бўлган қайта тайёрлашдан ёки мажбурий малака оширишдан ўтган давр;
ходим ўқув таътилларида бўлган давр;
ходим ижодий таътилларда бўлган давр;
алоҳида асосларга кўра меҳнат шартномаси бекор қилинганда ишга жойлаштириш даври;
ходимлар мажбурий тиббий кўриклардан ўтган давр;
ҳомиладор аёл енгилроқ ёхуд ноқулай ишлаб чиқариш омилларининг таъсиридан холи бўлган ишга ўтказилган давр;
икки ёшга тўлмаган боласини парвариш қилаётган ота-онадан бири (васий) енгилроқ ёки ноқулай ишлаб чиқариш омилларининг таъсиридан холи бўлган ишга ўтказилган давр;