ВУЗ: Не указан

Категория: Не указан

Дисциплина: Не указана

Добавлен: 30.11.2023

Просмотров: 801

Скачиваний: 2

ВНИМАНИЕ! Если данный файл нарушает Ваши авторские права, то обязательно сообщите нам.


Ишни ўқиш билан бирга олиб бораётган ходимларга кафолатлар ва компенсациялар биринчи марта тегишли даражадаги таълим олаётганда берилади. Мазкур кафолатлар ва компенсациялар, шунингдек тегишли даражадаги таълим олган ҳамда иш берувчи томонидан ички ҳужжатлар, меҳнат шартномаси ёки иш берувчи ва ходим ўртасида тузилган алоҳида келишувга мувофиқ таълим олишга юборилган ходимларга ҳам берилиши мумкин.

Ишни бир вақтнинг ўзида таълим фаолиятини амалга оширувчи икки ташкилотдаги ўқиш билан бирга олиб бораётган ходимга фақат ушбу ташкилотларнинг бирида (ходимнинг танловига кўра) олаётган таълими муносабати билан кафолатлар ва компенсациялар берилади.

Ушбу Кодекс 383-моддасининг иккинчи қисмида назарда тутилган ўқув таътили иш стажига қўшиб ҳисобланади.

387-модда. Ижодий таътиллар

Меҳнат фаолиятини ёки педагогик фаолиятни илмий иш билан бирга олиб бораётган шахсларга асосий иш жойида ўртача иш ҳақи ва лавозими сақланган ҳолда қуйидаги муддатларга ижодий таътиллар берилади:

фалсафа доктори (Doctor of Philosophy (PhD) илмий даражасини олишга доир диссертацияни якунлаш учун ҳамда дарсликлар ва ўқув-услубий қўлланмалар қўлёзмаларининг муаллифларига — уч ойгача;

фан доктори (Doctor of Science (DSc) илмий даражасини олишга доир докторлик диссертацияни якунлаш учун — олти ойгача.

Муаллифлар жамоалари томонидан дарсликлар ва ўқув-услубий қўлланмаларини ёзиш чоғида муаллифлар жамоаси аъзоларидан бирига муаллифлар гуруҳининг барча аъзолари имзолаган ёзма аризага мувофиқ ижодий таътил берилади. Муаллифлар таътилни ўзаро тақсимлашга ҳам ҳақли.

Илмий даража олишга даъвогарларга, шунингдек дарсликларнинг ёки ўқув-услубий қўлланмаларининг муаллифларига навбатдаги йиллик меҳнат таътиллари улар ижодий таътиллардан фойдаланганлигидан қатъи назар берилади.

Ижодий таътиллар бериш тартиби Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланади.

VI БЎЛИМ. АЙРИМ ТОИФАДАГИ ХОДИМЛАР МЕҲНАТИНИ ҲУҚУҚИЙ ЖИҲАТДАН ТАРТИБГА СОЛИШНИНГ ЎЗИГА ХОС ХУСУСИЯТЛАРИ

24-боб. Умумий қоидалар

388-модда. Айрим тоифадаги ходимлар меҳнатини ҳуқуқий жиҳатдан тартибга солишнинг ўзига хос хусусиятлари тушунчаси

Айрим тоифадаги ходимлар меҳнатини ҳуқуқий жиҳатдан тартибга солишнинг ўзига хос хусусиятлари деганда айрим тоифадаги ходимлар учун меҳнат тўғрисидаги қонунчиликнинг умумий қоидалари қўлланилишини қисман чекловчи ёхуд қўшимча қоидаларни назарда тутувчи қоидаларни белгилаш тушунилади.


389-модда. Айрим тоифадаги ходимлар меҳнатини ҳуқуқий жиҳатдан тартибга солишнинг ўзига хос хусусиятлари таснифи

Айрим тоифадаги ходимлар меҳнатини ҳуқуқий жиҳатдан тартибга солишнинг ўзига хос хусусиятлари қуйидаги мезонлар бўйича таснифланади:

1) меҳнат муносабатларининг субъектлари (аёллар, оилавий вазифаларни бажариш билан машғул шахслар, ногиронлиги бўлган шахслар, вояга етмаганлар) бўйича;

2) меҳнат фаолиятининг соҳалари, тармоқлари ва турлари (педагоглар ва тиббиёт ходимлари, транспорт ходимлари ва бошқалар) бўйича;

3) меҳнат шароитларининг оғирлигига ва (ёки) зарарлилигига қараб;

4) табиий-иқлим шароитларига қараб;

5) ходим ва иш берувчи ўртасидаги меҳнат муносабатларининг хусусиятлари (касаначилар, масофадан туриб ишловчи ходимлар ва бошқалар) бўйича.

Меҳнат тўғрисидаги қонунчиликка ва меҳнат ҳақидаги бошқа ҳуқуқий ҳужжатларга мувофиқ айрим тоифадаги ходимлар меҳнатини ҳуқуқий жиҳатдан тартибга солишнинг ўзига хос хусусиятларини таснифлашнинг бошқа мезонлари ҳам назарда тутилиши мумкин.

390-модда. Айрим тоифадаги ходимлар меҳнатини ҳуқуқий жиҳатдан тартибга солишнинг ўзига хос хусусиятларини белгилаш чоғида кафолатларнинг сақланиб қолиши

Ходимларнинг меҳнат соҳасидаги ҳамда муайян меҳнат турига хос бўлган талаблар ёки юқори ижтимоий ҳимояга муҳтож бўлган шахсларга алоҳида ғамхўрлик қилиш (меҳнатни ҳуқуқий жиҳатдан тартибга солишнинг ўзига хос хусусиятлари) билан ўзаро боғлиқ бўлган машғулотлар соҳасидаги ҳуқуқларининг асослантирилган тафовутлари, истиснолари, афзалликлари, шунингдек чекловларини белгилаш чоғида тегишли тоифадаги ходимларнинг ушбу Кодексда ва меҳнат тўғрисидаги бошқа ҳуқуқий ҳужжатларда назарда тутилган барча кафолатлари сақланади, бундан ушбу бўлимда белгиланган, ходимларнинг мазкур тоифаси учун айрим кафолатларни бериш имкони йўқлиги билан боғлиқ алоҳида истиснолар мустасно.

391-модда. Айрим тоифадаги ходимлар меҳнатини ҳуқуқий жиҳатдан тартибга солишнинг ўзига хос хусусиятларини белгилаш тартиби



Айрим тоифадаги ходимларга бериладиган кафолатлар даражасининг пасайишига, уларнинг ҳуқуқлари чекланишига, интизомий ва (ёки) моддий жавобгарлиги ошишига олиб келадиган меҳнатни ҳуқуқий жиҳатдан тартибга солишнинг ўзига хос хусусиятлари фақат ушбу Кодексда назарда тутилган ҳолларда ва тартибда белгиланиши мумкин.

25-боб. Ижтимоий ва ҳуқуқий жиҳатдан кучли ҳимоя қилинишга муҳтож шахсларнинг меҳнатини ҳуқуқий жиҳатдан тартибга солишнинг ўзига хос хусусиятлари

1-§. Аёлларнинг ва оилавий вазифаларни бажариш билан машғул шахсларнинг меҳнатини ҳуқуқий жиҳатдан тартибга солишнинг ўзига хос хусусиятлари

392-модда. Ҳомиладорлиги ёки фарзандлари борлиги сабабли ишга қабул қилишни рад этишни ёки иш ҳақи миқдорини камайтиришни тақиқлаш

Ҳомиладорлиги ёки фарзанди борлиги билан боғлиқ сабабларга кўра ишга қабул қилишни рад этиш ёки меҳнатга ҳақ тўлаш миқдорини камайтириш тақиқланади.

Иш берувчи ишга қабул қилишни рад этган тақдирда, рад этиш сабабларининг ишга қабул қилиш ҳуқуқига эга бўлган мансабдор шахс томонидан имзоланган ёзма асосини ҳомиладор аёл ёки фарзандлари бор шахс талабига кўра уч кун ичида тақдим этиши шарт. Ишга қабул қилишни рад этиш сабабларининг ёзма асосини тақдим этмаганлик ишга қабул қилишни рад этганлик устидан шикоят қилишга монелик қилмайди.

393-модда. Аёллар меҳнатини муҳофаза қилиш бўйича қўшимча чоралар

Иш берувчи касаба уюшма қўмитаси билан келишувга кўра, Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги ҳамда Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан Ижтимоий-меҳнат масалалари бўйича республика уч томонлама комиссияси билан келишувга кўра тасдиқланадиган тавсияларни инобатга олиб, ноқулай меҳнат шароитларига эга бўлган, аёлларнинг меҳнатидан фойдаланиш чекланадиган айрим ишлар рўйхатини белгилашга ҳақли.

Аёллар томонидан улар учун йўл қўйиладиган энг кўп нормадан ортиқ бўлган оғир юкларни кўтариш ва ташиш тақиқланади.


Аёлларнинг оғир юкларни кўтариши ва ташиши чоғида улар учун йўл қўйиладиган энг кўп юкламалар Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги ҳамда Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан Ижтимоий-меҳнат масалалари бўйича республика уч томонлама комиссияси билан келишилган ҳолда белгиланади.

394-модда. Ҳомиладор аёлларни енгилроқ ишга ёки ноқулай ишлаб чиқариш омиллари таъсиридан холи бўлган ишга ўтказиш

Тиббий хулосага мувофиқ ҳомиладор аёлларнинг ишлаб чиқариш нормалари, хизмат кўрсатиш нормалари аввалги ишларидаги ўртача ойлик иш ҳақи сақланган ҳолда камайтирилади ёки улар енгилроқ ишга ёхуд ноқулай ишлаб чиқариш омилларининг таъсиридан холи бўлган ишга ўтказилади. Ишлаб чиқариш нормаларини камайтириш, шунингдек вақтинча бошқа ишга ўтказиш муддатлари тиббий хулосага мувофиқ белгиланади.

Ҳомиладор аёлга енгилроқ иш ёки ноқулай ишлаб чиқариш омиллари таъсиридан холи бўлган иш бериш масаласи ҳал этилгунига қадар, у бунинг оқибатида қолдирилган барча иш кунлари учун ўртача иш ҳақи сақланган ҳолда ишдан озод этилиши лозим.

395-модда. Икки ёшга тўлмаган бола парваришини амалга ошираётган ота-онадан бирини (васийни) бошқа ишга ўтказиш

Икки ёшга тўлмаган бола парваришини амалга ошираётган ота-онадан бири (васий) аввалги ишини бажариши мумкин бўлмаган тақдирда, ўз аризасига кўра бажариладиган иши учун ҳақ тўланадиган, бироқ аввалги иши бўйича ўртача иш ҳақидан кам бўлмаган миқдорда бола икки ёшга тўлгунига қадар иш ҳақи тўланадиган бошқа ишга ўтказилади.

Иш берувчида бошқа иш мавжуд бўлмаган тақдирда, икки ёшга тўлмаган бола парваришини амалга ошираётган ходимга қонунчиликда белгиланган тартибда бола парвариши бўйича нафақа тўланади.

Якка тартибдаги меҳнатга доир низо юзага келган тақдирда, икки ёшга тўлмаган бола парваришини амалга ошираётган ходимни бошқа ишга ўтказиш мумкин эмаслигини исботлаш вазифаси иш берувчининг зиммасига юклатилади.

396-модда. Тунги ишларда, иш вақтидан ташқари ишларда, дам олиш кунларидаги ҳамда ишланмайдиган байрам кунларидаги ишларда ҳомиладор аёллар ва болалари бор шахслар меҳнати қўлланилишининг ҳамда уларни хизмат сафарига юборишнинг ўзига хос хусусиятлари


Ҳомиладор аёллар, ўн тўрт ёшга тўлмаган боланинг (ўн олти ёшга тўлмаган ногиронлиги бўлган боланинг) ота-онасидан бири (ота-онасининг ўрнини босувчи шахс) фақат ўз ёзма розилиги билан тунги ишларга, иш вақтидан ташқари ишларга, дам олиш кунларидаги ва ишланмайдиган байрам кунларидаги ишларга жалб қилиниши, шунингдек хизмат сафарига юборилиши мумкин. Бунда иш берувчи мазкур ходимларни тунги ишлардан, иш вақтидан ташқари ишлардан, дам олиш кунларидаги ва ишланмайдиган байрам кунларидаги ишлардан ёки хизмат сафаридан воз кечиш борасидаги ҳуқуқи тўғрисида хабардор қилиши шарт.

Ҳомиладор аёлларни ва уч ёшга тўлмаган боласи бор аёлларни тунги ишларга жалб қилишга бундай иш ҳомиладор аёлнинг ҳамда боланинг ҳаётига ва соғлиғига хавф туғдирмаслигини тасдиқловчи тиббий хулоса мавжуд бўлган тақдирдагина йўл қўйилади.

397-модда. Уч ёшга тўлмаган боланинг ота-онасидан бирининг (васийсининг) қисқартирилган иш вақти давомийлигига бўлган ҳуқуқи

Уч ёшга тўлмаган боланинг бюджетдан молиялаштириладиган ташкилотларда ишлайдиган ота-онасидан бирига (васийсига) ҳафтасига ўттиз беш соатдан ошмайдиган иш вақти давомийлиги белгиланади.

Иш вақтининг қисқартирилган давомийлигида ушбу модданинг биринчи қисмида кўрсатилган ходимлар меҳнатига ҳақ тўлаш ҳар кунги тўлиқ иш давомийлигида ишлайдиган ходимлар учун белгиланган миқдорда амалга оширилади.

Уч ёшга тўлмаган боланинг бюджетдан молиялаштирилмайдиган иш берувчиларда ишлайдиган ота-онасидан бирига, васийсига қисқартирилган иш вақти давомийлиги жамоа келишувларида, шунингдек жамоа шартномасида ёки иш берувчи томонидан касаба уюшмаси қўмитаси билан келишилган ҳолда қабул қилинадиган ички ҳужжатларда белгиланиши мумкин.

398-модда. Ҳомиладор аёллар ва оилавий вазифаларни бажариш билан машғул шахсларга тўлиқсиз иш вақти белгилаш

Иш берувчи ҳомиладор аёлнинг, ўн тўрт ёшга тўлмаган боланинг (ўн олти ёшга тўлмаган ногиронлиги бўлган боланинг) ота-онасидан бирининг (ота-она ўрнини босувчи шахснинг), шунингдек оиланинг бетоб аъзосини парваришлашни амалга ошираётган шахснинг илтимосига кўра уларга тиббий хулосага мувофиқ тўлиқсиз иш вақти белгилаши шарт.