ВУЗ: Не указан

Категория: Не указан

Дисциплина: Не указана

Добавлен: 30.11.2023

Просмотров: 796

Скачиваний: 2

ВНИМАНИЕ! Если данный файл нарушает Ваши авторские права, то обязательно сообщите нам.


Ҳомиладор аёл билан меҳнат шартномаси бекор қилинганда аёлнинг ушбу Кодекс 404-моддасининг биринчи қисмида кўрсатилган давр учун ҳомиладорлик ва туғиш нафақасини олиш ҳуқуқи сақланиб қолади.

409-модда. Уч ёшгача бўлган боласи бор ходим билан меҳнат шартномасини бекор қилишдаги кафолатлар

Уч ёшгача боласи бор аёл ёхуд уч ёшгача бўлган болани ёлғиз тарбиялаётган ота (васий) билан меҳнат шартномасини иш берувчининг ташаббусига кўра бекор қилишга фақат ушбу Кодекс 161-моддаси иккинчи қисмининг 1, 4 ва 5-бандларида назарда тутилган асослар бўйича йўл қўйилади.

Ушбу модданинг биринчи қисмида кўрсатилган ходимлар билан меҳнат шартномаси бекор қилинганда уларнинг бола парваришлаш нафақасини олиш ҳуқуқи сақланиб қолади.

Боласи уч ёшга тўлгунига қадар бола парваришлаш таътилида бўлган ходим билан меҳнат шартномасини ходимнинг малакаси етарли эмаслиги оқибатида эгаллаб турган лавозимига ёки бажараётган ишига лойиқ эмаслиги муносабати билан иш берувчининг ташаббусига кўра ушбу Кодекс 161-моддаси иккинчи қисмининг 3-бандига мувофиқ бекор қилишга ходим таътилдан чиққан кундан эътиборан бир йил ичида йўл қўйилмайди.

410-модда. Оилавий вазифаларни бажариш билан машғул шахслардан бирига кафолатлар бериш шарти

Ушбу Кодексда боланинг отасига ёки оилавий вазифаларни бажариш билан машғул бошқа шахсларга (онадан ташқари) меҳнат соҳасида қўшимча кафолатлар назарда тутилган ҳолларда, улар боланинг онаси ёки оилавий вазифаларни бажариш билан машғул бошқа шахс бу кафолатлардан фойдаланмаётганлигини тасдиқловчи ҳужжатни (иш жойидан маълумотномани, ўлим тўғрисидаги гувоҳномани, она ва оилавий вазифаларни бажариш билан машғул бошқа шахс муомалага лаёқатсиз деб топилганлиги тўғрисидаги қонуний кучга кирган ёки ота-оналик ҳуқуқидан маҳрум қилиш ҳақидаги қонуний кучга кирган суд қарорини ва ҳоказоларни) иш берувчига иш жойи бўйича тақдим этиши керак.

Агар боланинг онаси ишламаса ҳамда боланинг парвариши ва тарбияси билан машғул бўлса ёхуд ишласа ҳамда ушбу параграфда назарда тутилган кафолатлардан фойдаланса
, отага ёки оилавий вазифаларни бажариш билан машғул бошқа шахсларга мазкур кафолатлар берилмайди.

2-§. Ўн саккиз ёшгача бўлган ходимларнинг меҳнатини ҳуқуқий жиҳатдан тартибга солишнинг ўзига хос хусусиятлари

411-модда. Ўн саккиз ёшгача бўлган шахсларни ишга қабул қилишдаги кафолатлар

Ўн саккиз ёшгача бўлган шахсларга «Аҳоли бандлиги тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига мувофиқ белгиланадиган энг кам иш ўринлари ҳисобидан захирадаги иш ўринларига маҳаллий меҳнат органларининг йўлланмаси билан ишга жойлашиш кафолатланади.

412-модда. Ўн саккиз ёшгача бўлган шахсларнинг меҳнатини қўллаш тақиқланадиган ишлар

Ўн саккиз ёшгача бўлган шахсларнинг меҳнатини меҳнат шароити зарарли ва (ёки) хавфли бўлган ишларда, ер ости ишларида, шунингдек бажарилиши уларнинг ҳаётига ва соғлиғига, хавфсизлигига ва маънавий жиҳатдан камол топишига зиён етказиши мумкин бўлган ишларда (тунги кафе ва клубларда, спиртли ичимликларни, тамаки маҳсулотларини, гиёҳвандлик ва психотроп моддаларни, токсик препаратларни ишлаб чиқариш, ташиш ҳамда сотиш ва бошқалар) қўллаш тақиқланади.

Ўн саккиз ёшгача бўлган ходимларнинг улар учун белгиланган йўл қўйиладиган энг кўп нормалардан ортиқ бўлган оғирликдаги юкларни кўтариши ва ташиши тақиқланади.

Ўн саккиз ёшгача бўлган ходимлар меҳнатининг қўлланилиши тақиқланадиган ва бажарилиши вояга етмаганларнинг соғлиғига ва маънавий жиҳатдан камол топишига зиён етказиши мумкин бўлган ишлар рўйхати, шунингдек уларнинг оғир юкларни кўтариши ва ташиши чоғида йўл қўйиладиган энг кўп нормалар Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги ҳамда Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан Ижтимоий-меҳнат масалалари бўйича уч томонлама республика комиссияси билан келишилган ҳолда тасдиқланади.

413-модда. Ўн саккиз ёшгача бўлган шахсларнинг меҳнат ҳуқуқлари

Ўн саккиз ёшгача бўлган шахслар меҳнатга оид якка тартибдаги ҳуқуқий муносабатларда катта ёшдаги ходимлар билан тенг ҳуқуқларга эга бўлади, меҳнатни муҳофаза қилиш, иш вақти, таътиллар ва бошқа меҳнат шарт-шароитлари соҳасида эса улар учун меҳнат тўғрисидаги қонунчиликда ҳамда меҳнат ҳақидаги бошқа ҳуқуқий ҳужжатларда белгиланган қўшимча имтиёзлардан фойдаланади.



414-модда. Ўн саккиз ёшгача бўлган шахсларнинг мажбурий тиббий кўриклари

Ўн саккиз ёшгача бўлган шахслар фақат дастлабки мажбурий тиббий кўрикдан ўтганидан кейин ишга қабул қилинади ва кейинчалик улар ўн саккиз ёшга тўлгунига қадар ҳар йили мажбурий тиббий кўрикдан ўтиши лозим.

Ушбу Кодекснинг 360-моддасида назарда тутилган мажбурий тиббий кўриклар иш берувчининг маблағлари ҳисобидан амалга оширилади.

415-модда. Ўн саккиз ёшгача бўлган ходимлар учун қисқартирилган иш вақти давомийлиги

Иш вақтининг давомийлиги ўн олтидан ўн саккиз ёшгача бўлган ходимлар учун ҳафтасига ўттиз олти соатдан ошмайдиган, ўн бешдан ўн олти ёшгача бўлган шахслар учун эса ҳафтасига йигирма тўрт соатдан ошмайдиган қилиб белгиланади.

Ўқув йили давомида ўқишдан бўш вақтида ишлаётган ўқувчиларнинг иш вақти давомийлиги ушбу модданинг биринчи қисмида тегишли ёшдаги шахслар учун назарда тутилган иш вақти энг кўп давомийлигининг ярмидан ошиши мумкин эмас.

416-модда. Ўн саккиз ёшгача бўлган ходимлар учун ҳар кунлик ишнинг (сменанинг) давомийлиги

Ҳар кунлик ишнинг (сменанинг) давомийлиги қуйидагилардан ошиши мумкин эмас:

ўн бешдан ўн олти ёшгача бўлган ходимлар учун — олти кунлик иш ҳафтасида — тўрт соатдан, беш кунлик иш ҳафтасида — беш соатдан, ўн олтидан ўн саккиз ёшгача бўлган ходимлар учун эса олти кунлик иш ҳафтасида — олти соатдан, беш кунлик иш ҳафтасида — етти соату ўттиз дақиқадан;

ўқув йили давомида ишни ўқиш билан бирга олиб борувчи умумий ўрта, ўрта махсус ва касб-ҳунар таълими ташкилотларининг ўн бешдан ўн олти ёшгача бўлган ўқувчилари учун — олти кунлик иш ҳафтасида — икки соатдан, беш кунлик иш ҳафтасида — икки соату ўттиз дақиқадан, ўн олтидан ўн саккиз ёшгача бўлган ўқувчилари учун эса олти кунлик иш ҳафтасида — уч соатдан, беш кунлик иш ҳафтасида — тўрт соатдан.

417-модда. Ўн саккиз ёшгача бўлган ходимларни хизмат сафарига юборишни, иш вақтидан ташқари ишларга, тунги ишларга, дам олиш кунларидаги ва ишланмайдиган байрам кунларидаги ишларга жалб қилишни тақиқлаш

Ўн саккиз ёшгача бўлган ходимларни хизмат сафарига юбориш, тунги ишларга, дам олиш кунларидаги ва ишланмайдиган байрам кунларидаги ишларга жалб қилиш тақиқланади.


Маданий-томоша ташкилотларининг, телевидение, радиоэшиттириш ташкилотларининг ва бошқа оммавий ахборот воситаларининг ижодий ходимлари, профессионал спортчилар, шунингдек асарлар яратишда ва (ёки) ижро этишда (намойиш этишда) иштирок этувчи бошқа шахслар Ижтимоий-меҳнат масалалари бўйича республика уч томонлама комиссияси билан келишган ҳолда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан тасдиқланадиган ишлар, касблар, лавозимлар рўйхатларига мувофиқ ушбу модданинг биринчи қисмида назарда тутилган қоидадан мустаснодир.

418-модда. Ўн саккиз ёшгача бўлган ходимларга йиллик узайтирилган меҳнат таътили бериш

Ўн саккиз ёшгача бўлган ходимларга давомийлиги камида ўттиз календарь кун бўлган йиллик меҳнат таътили берилади ва улар бу таътилдан йилнинг ўзлари учун қулай бўлган исталган вақтида фойдаланиши мумкин.

Агар йиллик меҳнат таътили берилаётган иш йили ходим ўн саккиз ёшга тўладиган ва тўлиб бўлганидан кейинги даврларни қамраб олса, таътилнинг давомийлиги ходим ўн саккиз ёшга тўлгунига қадар ва ўн саккиз ёшга тўлганидан кейинги ишланган вақтга мутаносиб равишда ҳисоблаб чиқарилади.

Ўн саккиз ёшгача бўлган ходимларни йиллик меҳнат таътилидан чақириб олишга йўл қўйилмайди.

419-модда. Ўн саккиз ёшгача бўлган ходимлар учун ишлаб чиқариш нормалари

Ўн саккиз ёшгача бўлган ходимлар учун ишлаб чиқариш нормалари умумий ишлаб чиқариш нормаларидан келиб чиққан ҳолда ушбу ходимлар учун белгиланган қисқартирилган иш вақтига мутаносиб равишда белгиланади.

Умумий ўрта таълим ёки ўрта махсус, профессионал таълим олганидан кейин ишга кираётган ўн саккиз ёшгача бўлган ходимлар учун, шунингдек ишлаб чиқариш таълими шартномаси бўйича таълим олган ходимлар учун меҳнат тўғрисидаги қонунчиликка ва меҳнат ҳақидаги бошқа ҳуқуқий ҳужжатларга, меҳнат шартномасига мувофиқ пасайтирилган ишлаб чиқариш нормалари белгиланиши мумкин.

420-модда. Ўн саккиз ёшгача бўлган ходимларнинг иш вақтининг қисқартирилган давомийлигида меҳнатига ҳақ тўлаш

Ўн саккиз ёшгача бўлган ходимларнинг меҳнатига иш вақтининг қисқартирилган давомийлигида ҳақ тўлаш, худди иш вақти давомийлиги тўлиқ бўлганда ходимларнинг тегишли тоифалари учун тўланадиган миқдорда амалга оширилади.


Ўн саккиз ёшгача бўлган ходимлар меҳнатига вақтбай ҳақ тўлашда ҳар кунги ишнинг тўлиқ давомийлигида тегишли тоифадаги ходимларнинг меҳнатига ҳақ тўлаш даражасига қадар қўшимча ҳақ тўланади.

Ишбай ишларга қўйилган ўн саккиз ёшга тўлган ходимлар меҳнатига катта ёшдаги ходимлар учун белгиланган ишбай нархлар бўйича ҳақ тўланиб, бунда ўн саккиз ёшгача бўлган ходимларнинг ҳар кунги иш вақти давомийлиги ўн саккиз ёшга тўлган ходимларнинг ҳар кунги иш вақти давомийлигига нисбатан қисқартирилган вақт учун тариф ставкаси бўйича қўшимча ҳақ тўланади.

Ўқув йили давомида ўқишдан бўш вақтида ишлаётган ўн саккиз ёшгача бўлган ходимлар меҳнатига ишлаган вақтидан келиб чиқиб ёки ишлаб чиқариш натижасига қараб ҳақ тўланади.

421-модда. Меҳнат шартномасини бекор қилишда ўн саккиз ёшгача бўлган ходимлар учун қўшимча кафолатлар

Ўн саккиз ёшгача бўлган ходимлар билан меҳнат шартномасини иш берувчининг ташаббусига кўра бекор қилишга, меҳнат шартномасини бекор қилишнинг умумий тартибига риоя этишдан ташқари, маҳаллий меҳнат органининг розилиги билан йўл қўйилади.

422-модда. Меҳнат шартномасини ота-онадан бирининг (ота-она ўрнини босувчи шахснинг) ва ваколатли органларнинг талабига кўра бекор қилиш

Олдинги таҳрирга қаранг.

Ота-онадан бири (ота-она ўрнини босувчи шахс), шунингдек меҳнатни муҳофаза қилиш талабларига риоя этилиши устидан давлат назорати ва текширувини амалга оширувчи органлар ҳамда болалар масалалари бўйича комиссиялар, агар ишни давом эттириш ўн саккиз ёшга тўлмаган шахсларнинг ҳаётига ва соғлиғига, хавфсизлигига ҳамда маънавий жиҳатдан камол топишига таҳдид солаётган бўлса ёки уларга бошқача тарзда зиён етказиши мумкин бўлса, бундай шахслар билан меҳнат шартномасини бекор қилишни талаб қилишга ҳақли.

(422-модданинг матни Ўзбекистон Республикасининг 2023 йил 11 апрелдаги ЎРҚ-829-сонли Қонуни таҳририда — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 12.04.2023 й., 03/23/829/0208-сон)

3-§. Ногиронлиги бўлган шахсларнинг меҳнатини ҳуқуқий жиҳатдан тартибга солишнинг ўзига хос хусусиятлари