ВУЗ: Не указан
Категория: Не указан
Дисциплина: Не указана
Добавлен: 30.11.2023
Просмотров: 777
Скачиваний: 2
ВНИМАНИЕ! Если данный файл нарушает Ваши авторские права, то обязательно сообщите нам.
7-боб. Жамоавий музокаралар
60-модда. Жамоавий музокаралар олиб боришга бўлган ҳуқуқ
Ижтимоий шерикликнинг ҳар қандай тарафи жамоавий музокаралар ташаббускори бўлиши мумкин.
Аввалги жамоа келишувининг, жамоа шартномасининг амал қилиш муддати тугагунига қадар уч ой ичида ёки ушбу ҳужжатларда белгиланган муддатларда ижтимоий шерикликнинг ҳар қандай тарафи бошқа тарафга янги жамоа келишувини, жамоа шартномасини тузиш юзасидан музокаралар бошлаш тўғрисида ёзма хабар юборишга ҳақлидир.
Иш берувчиларнинг манфаатларини ифода этувчи шахслар, шунингдек иш берувчилар, маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари, давлат бошқаруви органлари, сиёсий партиялар ташкил этган ёки молиялаштирадиган ташкилотлар ёхуд органлар томонидан ходимлар номидан жамоавий музокаралар олиб борилишига ҳамда жамоа келишувлари ва жамоа шартномаси тузилишига йўл қўйилмайди.
Ижтимоий шериклик тарафлари тегишли сўров олинган кундан эътиборан икки ҳафтадан кечиктирмай жамоавий музокаралар олиб бориш учун зарур бўлган ўзидаги мавжуд ахборотни бир-бирига тақдим этиши керак.
Жамоавий музокаралар иштирокчилари, жамоавий музокаралар олиб бориш билан боғлиқ бўлган бошқа шахслар олинган маълумотларни, агар ушбу маълумотлар давлат сирларига ёки қонун билан қўриқланадиган бошқа сирга тааллуқли бўлса, ошкор қилмаслиги лозим.
61-модда. Жамоавий музокаралар бошланадиган сана
Жамоавий музокаралар бошланиши тўғрисида билдиришнома олган ижтимоий шериклик тарафи етти кунлик муддатда ташаббускорга жамоавий музокаралар ўтказилиши ҳақида жавоб юборган ҳолда жамоавий музокараларга киришиши шарт. Агар тарафларнинг келишувига кўра жамоавий музокаралар бошланишининг бошқа санаси белгиланмаган бўлса, жамоавий музокаралар ўтказиш ташаббускори томонидан мазкур жавоб олинган кундан кейинги кун жамоавий музокаралар бошланадиган кун бўлади.
62-модда. Жамоавий музокаралар олиб бориш
Бирламчи, ҳудудий, тармоқ ва республика даражасидаги жамоавий музокаралар тегишли ижтимоий-меҳнат масалалари бўйича комиссиялар томонидан олиб борилади.
Жамоа келишувлари, жамоа шартномаси лойиҳаларини, уларга ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисидаги лойиҳаларни, жамоа келишувларини ва жамоа шартномасини бажариш ҳақидаги қарорлар лойиҳаларини, шунингдек жамоавий музокаралар предмети бўлган бошқа қарорлар лойиҳаларини тайёрлаш учун ижтимоий-меҳнат масалалари бўйича ҳудудий, тармоқ ва республика комиссиялари ишчи гуруҳлар тузади. Ижтимоий-меҳнат масалалари бўйича бошланғич даражадаги комиссиялар, зарурат бўлганда, ишчи гуруҳлар тузишга ҳақли.
Ишчи гуруҳлар тарафлар тенглиги асосида ижтимоий шериклик тарафларининг вакилларидан шакллантирилади. Тарафларнинг ҳар бири ишчи гуруҳдаги ўз вакилларининг шахсий таркибини мустақил равишда белгилайди. Тарафларнинг келишувига кўра ишчи гуруҳ таркибига маслаҳат овози бериш ҳуқуқига эга бўлган мустақил олимлар, экспертлар, мутахассислар шартнома асосида киритилиши мумкин.
63-модда. Жамоавий музокаралар жараёнида юзага келган ихтилофларни ҳал этиш
Агар жамоавий музокаралар жараёнида жамоавий музокаралар тарафлари музокаралар предмети бўлган айрим масалалар юзасидан келишувга эриша олмаган бўлса, улар ихтилофларга сабаб бўлмаган масалаларга доир келишувни расмийлаштиради ва бир вақтнинг ўзида келишувга эришиб бўлмаган масалалар бўйича ихтилофлар баённомасини тузади.
Агар жамоавий музокаралар жараёнида музокаралар предмети бўлган барча масалалар юзасидан келишилган қарор қабул қилинмаган бўлса ҳам музокаралар тарафлари ихтилофлар баённомасини тузади.
Ихтилофлар баённомасида тарафларнинг ихтилофларни бартараф этиш учун зарур бўлган чоралар ва жамоавий музокараларни қайта тиклаш муддатлари тўғрисидаги келишиб олинган таклифлари кўрсатилади.
Тарафлар жамоавий музокараларни қайта тиклаш чоғида ҳал қила олмаган ихтилофларни ҳал этишга (тартибга солишга) доир низолар ушбу Кодексда жамоавий меҳнат низоларини ҳал этиш учун белгиланган тартибда кўриб чиқилади.
64-модда. Жамоавий музокараларда иштирок этадиган шахсларга бериладиган кафолатлар ва компенсациялар
Жамоавий музокараларда, жамоа келишуви, жамоа шартномаси лойиҳасини тайёрлашда иштирок этадиган шахслар асосий ишидан тарафларнинг келишуви билан белгиланадиган муддатга, ўртача иш ҳақи сақланган ҳолда озод этилади.
Жамоавий музокараларда иштирок этиш билан боғлиқ бўлган барча харажатлар меҳнат тўғрисидаги қонунчиликда ва меҳнат ҳақидаги бошқа ҳуқуқий ҳужжатларда белгиланган тартибда компенсация қилинади. Агар жамоа келишувида, жамоа шартномасида бошқача қоида назарда тутилмаган бўлмаса, олимлар, экспертлар ва мутахассисларнинг хизматларига ҳақ тўлаш таклиф қилувчи тараф томонидан амалга оширилади.
Жамоавий музокараларда иштирок этадиган ходимларнинг вакиллари билан меҳнат шартномасини иш берувчининг ташаббуси билан ушбу музокаралар олиб борилаётган даврда бекор қилишга, шунингдек уларга нисбатан интизомий жазо қўллашга ёки уларни бошқа ишга ўтказишга уларнинг вакиллик қилишига ваколат берган органнинг олдиндан розилигини олмасдан йўл қўйилмайди.
8-боб. Жамоа шартномаси
65-модда. Жамоа шартномасининг тушунчаси ва шакли
Жамоа шартномаси ташкилотда ёки якка тартибдаги тадбиркорда якка тартибдаги меҳнатга оид муносабатларни ва улар билан бевосита боғлиқ бўлган ижтимоий муносабатларни тартибга солувчи ҳамда ходимлар томонидан ўз вакиллари орқали ва иш берувчи томонидан тузиладиган меҳнат тўғрисидаги ҳуқуқий ҳужжатдир.
Жамоа шартномаси умуман ташкилотда, унинг алоҳида бўлинмаларида тузилиши мумкин.
Ташкилотнинг алоҳида бўлинмасида жамоавий музокаралар ўтказиш, иш берувчи номидан жамоа шартномасини имзолаш учун иш берувчи ушбу алоҳида бўлинма раҳбарига ёки бошқа шахсга ушбу Кодекснинг 46-моддасига мувофиқ зарур ваколатлар беради.
Ташкилотнинг алоҳида бўлинмасида жамоавий музокараларни ўтказиш, жамоа шартномасини имзолаш чоғида ходимлар манфаатларини ифода этиш ҳуқуқи ушбу бўлинма ходимларининг вакилларига берилади.
Жамоа шартномаси ёзма шаклда тузилади.
66-модда. Жамоа шартномасини тузиш зарурлиги тўғрисида қарор қабул қилиш
Жамоа шартномасини тузиш зарурлиги тўғрисидаги қарор ва уни тузиш масаласи бўйича жамоавий музокаралар бошлаш тўғрисидаги таклиф исталган тарафдан берилиши мумкин.
Ушбу Кодекснинг 49-моддасида белгиланган тартибда жамоавий музокаралар олиб бориш ва жамоа шартномаси лойиҳасини тайёрлаш учун ижтимоий-меҳнат масалалари бўйича комиссия тузилади.
67-модда. Жамоа шартномасининг мазмуни ва тузилиши
Жамоа шартномасининг мазмунини ва тузилишини унинг тарафлари белгилайди.
Жамоа шартномасига иш берувчининг ва ходимларнинг қуйидаги масалалар бўйича ўзаро мажбуриятлари киритилиши мумкин:
меҳнатга ҳақ тўлаш шакли, тизими ва миқдори, пул мукофотлари, нафақалар, компенсациялар, қўшимча тўловлар;
нархларнинг ўзгаришидан, инфляция даражасидан, жамоа шартномасида белгиланган кўрсаткичларнинг бажарилишидан келиб чиққан ҳолда меҳнатга ҳақ тўлашни тартибга солиш механизми;
ходимларнинг бандлиги, уларни қайта тайёрлаш, уларнинг малакасини ошириш, уларни ишдан бўшатиш шартлари;
иш вақти ва дам олиш вақтининг, таътилларнинг давомийлиги;
ходимларнинг, шу жумладан аёлларнинг, ногиронлиги бўлган шахсларнинг ва ўн саккиз ёшга тўлмаган шахсларнинг меҳнат шароитлари ҳамда меҳнат муҳофазасини яхшилаш, экологик хавфсизликни таъминлаш;
ташкилотни, идорага қарашли уй-жойни хусусийлаштириш чоғида ходимларнинг манфаатларини ҳисобга олиш;
ишни таълим билан қўшиб олиб бораётган ходимлар учун имтиёзлар;
ихтиёрий тиббий ва ижтимоий суғурта;
иш берувчи томонидан ходимларнинг шахсий жамғариб бориладиган пенсия ҳисобварақларига қўшимча бадаллар киритиш миқдорлари ва муддатлари;
жамоа шартномасининг бажарилиши устидан назорат қилиш, тарафларнинг жавобгарлиги, касаба уюшмаси қўмитаси фаолият кўрсатиши учун нормал шароитлар билан таъминлаш.
Ташкилотнинг иқтисодий имкониятлари ҳисобга олинган ҳолда, жамоа шартномасида бошқа шартлар, шу жумладан меҳнат тўғрисидаги қонунчиликда ва меҳнат ҳақидаги бошқа ҳуқуқий ҳужжатларда белгиланган нормалар ҳамда қоидаларга нисбатан имтиёзлироқ меҳнат шартлари ва ижтимоий-иқтисодий шартлар (қўшимча таътиллар, пенсияларга устамалар, муддатидан олдин пенсияга чиқиш, транспорт ва хизмат сафари харажатларини компенсация қилиш, ходимларни ишлаб чиқаришда ҳамда уларнинг фарзандларини умумий ўрта таълим ташкилотларида ва мактабгача таълим ташкилотларида бепул ёки қисман ҳақ тўланадиган тарзда овқатлантириш, уяли алоқа, Интернет жаҳон ахборот тармоғи учун ҳақ тўлаш, олий таълим ташкилотларида ўқитиш учун ссудалар тўлаш ва ҳақ тўлаш, бошқа қўшимча имтиёзлар ва компенсациялар) ҳам бўлиши мумкин.
Агар қонунчиликда қоидалар жамоа шартномасида албатта мустаҳкамлаб қўйилиши шартлиги тўғрисидаги тўғридан-тўғри кўрсатма мавжуд бўлса, ушбу қоидалар жамоа шартномасига киритилади.
68-модда.
Жамоа шартномаси шартларининг ҳақиқий эмаслиги
Жамоа шартномасида қуйидаги шартлар бўлмаслиги керак:
ходимларнинг ҳолатини мазкур ходимларга татбиқ этиладиган қонунчиликка ёки жамоа келишувларига нисбатан ёмонлаштирадиган;
меҳнат ва машғулотлар соҳасида камситишни тақиқлаш ҳақидаги талабларни бузадиган;
мажбурий меҳнатни тақиқлаш тўғрисидаги талабларни бузадиган;
ички даражада ҳал этилиши мумкин бўлган масалалардан ташқарига чиқадиган.
Агар жамоа шартномасида ушбу модданинг биринчи қисмида назарда тутилган шартлар бўлса, бундай шартлар ҳақиқий эмасдир. Жамоа шартномаси айрим шартларининг ҳақиқий эмаслиги жамоа шартномасининг умуман ҳақиқий эмаслигига сабаб бўлмайди.
69-модда. Жамоа шартномасининг лойиҳасини муҳокама қилиш
Жамоа шартномасининг лойиҳаси ташкилотнинг бўлинмаларида ходимлар томонидан муҳокама қилиниши лозим ҳамда келиб тушган таклифлар ва мулоҳазалар ҳисобга олинган ҳолда ижтимоий-меҳнат масалалари бўйича комиссия томонидан маромига етказилади.
Жамоа шартномасининг лойиҳаси жамоатчилик экспертизасини ўтказиш учун тегишли касаба уюшмаларига, уларнинг бирлашмаларига, бўлинмаларга ва касаба уюшмалари қўмиталарига тақдим этилиши мумкин.
Жамоа шартномасининг маромига етказилган лойиҳаси меҳнат жамоасининг умумий йиғилишига (конференциясига) кўриб чиқиш учун киритилади.
70-модда. Жамоа шартномасини тузиш тартиби
Жамоа шартномаси, агар меҳнат жамоасининг умумий йиғилишида (конференциясида) ҳозир бўлганларнинг эллик фоизидан кўпроғи уни ёқлаб овоз берган бўлса, маъқулланган ҳисобланади. Агар жамоа шартномасининг лойиҳаси маъқулланмаса, ижтимоий-меҳнат масалалари бўйича комиссия уни умумий йиғилишнинг (конференциянинг) таклифлари ва мулоҳазаларига мувофиқ маромига етказади ҳамда ўн беш кун ичида умумий йиғилишда (конференцияда) кўриб чиқиш учун такроран тақдим этади.
Тарафлар жамоа шартномаси лойиҳасини кўриб чиқиш чоғида ҳал қила олмаган ихтилофларни ҳал этиш бўйича низолар жамоавий меҳнат низоларини ҳал этиш (тартибга солиш) учун белгиланган тартибда кўриб чиқилади.
Жамоа шартномаси меҳнат жамоасининг умумий йиғилишида (конференциясида) маъқулланганидан кейин тарафларнинг вакиллари уч кун ичида жамоа шартномасини имзолайди.