ВУЗ: Не указан

Категория: Не указан

Дисциплина: Не указана

Добавлен: 30.11.2023

Просмотров: 817

Скачиваний: 2

ВНИМАНИЕ! Если данный файл нарушает Ваши авторские права, то обязательно сообщите нам.


Жамоа келишувларида, жамоа шартномасида, меҳнат ҳақидаги бошқа ҳуқуқий ҳужжатларда белгиланган меҳнатга ҳақ тўлаш шартлари меҳнат тўғрисидаги қонунчиликда белгиланганига нисбатан ёмонлаштирилиши мумкин эмас.

Жамоа шартномасида, ички ҳужжатларда белгиланган меҳнатга ҳақ тўлаш шартлари жамоа келишувида белгиланганига нисбатан ёмонлаштирилиши мумкин эмас.

245-модда. Меҳнатга ҳақ тўлашнинг энг кам миқдорини белгилаш

Меҳнатга ҳақ тўлашнинг энг кам миқдори Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан Ижтимоий-меҳнат масалалари бўйича республика уч томонлама комиссияси томонидан ишлаб чиқилган таклифлар ҳисобга олинган ҳолда Ўзбекистон Республикасининг бутун ҳудудида бир вақтнинг ўзида белгиланади ҳамда ташкилий-ҳуқуқий шаклларидан, мулкчилик шаклларидан ва идоравий бўйсунувидан қатъи назар, барча иш берувчилар учун мажбурийдир.

Иш вақтининг ойлик нормасини ишлаб берган ва меҳнат шартномасида белгиланган меҳнат вазифасини бажарган ходимнинг меҳнатига ҳақ тўлашнинг ойлик миқдори қонунчиликда белгиланган меҳнатга ҳақ тўлашнинг энг кам миқдоридан кам бўлиши мумкин эмас.

Ўз меҳнат мажбуриятларини бажарган ходимнинг меҳнатига соатбай ҳақ тўлашнинг энг кам миқдори тегишли календарь йилда олти кунлик иш ҳафтасидаги иш соатларининг ўртача ойлик миқдорига бўлинган, бир ойда меҳнатга ҳақ тўлашнинг қонунчиликда белгиланган энг кам миқдоридан кам бўлиши мумкин эмас.

Меҳнатга ҳақ тўлаш тизимида назарда тутилган мукофотлар, иш ҳақига устамалар, бошқа рағбатлантирувчи тўловлар, шунингдек иш вақтидан ташқари иш, дам олиш кунларидаги ва ишланмайдиган байрам кунларидаги иш, тунги вақтдаги иш учун тўловлар, туман коэффициентларига доир тўловлар ҳамда бошқа компенсацияга оид ва ижтимоий тўловлар меҳнатга ҳақ тўлашнинг энг кам миқдорига киритилмайди.

246-модда. Меҳнатга ҳақ тўлаш шартларини ва миқдорини белгилаш

Меҳнатга ҳақ тўлаш шартлари ва миқдори иш берувчи ҳамда ходим ўртасидаги келишувга кўра, бажариладиган ишнинг мураккаблиги ва шартлари, ходимнинг касбий-малакавий ва ишчанлик сифатлари, унинг меҳнати ҳамда ташкилотнинг хўжалик фаолияти натижалари ҳисобга олинган ҳолда ушбу иш берувчида амалда бўлган меҳнатга ҳақ тўлаш тизимларига мувофиқ белгиланади.

Меҳнатга ҳақ тўлаш тизимлари, шу жумладан тариф ставкалари, маошлар, компенсация хусусиятига эга қўшимча тўловлар ва устамалар, шу жумладан нормал шароитлардан четга чиқувчи шароитлардаги иш учун шундай қўшимча тўловлар ҳамда устамалар миқдорлари, рағбатлантирувчи хусусиятга эга қўшимча тўловлар ва устамалар тизимлари ҳамда
мукофотлаш тизимлари жамоа келишувларида, жамоа шартномасида, шунингдек иш берувчи томонидан касаба уюшмаси қўмитаси билан келишувга кўра қабул қилинадиган ички ҳужжатларда, меҳнат тўғрисидаги қонунчиликка мувофиқ меҳнат шартномасида белгиланади.

Меҳнатга ҳақ тўлаш миқдори бирор-бир энг кўп миқдор билан чекланмайди.

247-модда. Меҳнатга ҳақ тўлаш шартларини ўзгартириш

Меҳнатга ҳақ тўлаш шартлари қандай тартибда белгиланган бўлса, худди шундай тартибда ўзгартирилади.

Меҳнатга ҳақ тўлаш шартларини ходим учун ноқулай томонга ўзгартиришга ходимнинг розилигисиз йўл қўйилмайди. Истисно тариқасида:

технологияда, ишлаб чиқариш ва меҳнатни ташкил этишда ўзгаришлар юз берганда, ишлар (маҳсулот, хизматлар) ҳажми қисқарганда, башарти меҳнатга ҳақ тўлашнинг аввалги шартларини сақлаб қолиш мумкин бўлмаса;

қонунчиликка мувофиқ бошқа ҳолларда шундай ўзгартириш мумкин.

Иш берувчи меҳнатга ҳақ тўлашга доир амалдаги шартларнинг ёмонлаштириш томонга қаратилган янги ёки келгусидаги ўзгаришлари ҳақида ходимни улар киритилишидан камида икки ой олдин имзо қўйдириб огоҳлантириши керак.

248-модда. Иш ҳақининг тузилиши

Иш ҳақи асосий (базавий) ва қўшимча (ўзгарувчан) қисмлардан иборат бўлади.

Иш ҳақининг асосий (базавий) қисми ушбу иш берувчида амалда бўлган меҳнатга ҳақ тўлаш тизими асосида белгиланади ва қонунчиликда белгиланган меҳнатга ҳақ тўлашнинг энг кам миқдоридан кам бўлмаслиги керак. Иш ҳақининг асосий (базавий) қисми унинг доимий таркибий қисми бўлиб, ходимга белгиланган меҳнат нормаларига (тариф ставкаларига, маошларга) кўра ҳақиқатда ишлаб берилган вақт ёки ҳақиқатда бажарилган иш учун ҳисобланади.

Иш ҳақининг қўшимча (ўзгарувчан) қисмини қўшимча тўловлар, устамалар, шунингдек мукофотлар ва компенсация ёки рағбатлантириш хусусиятига эга бошқа тўловлар ташкил этади.

249-модда. Меҳнатга ҳақ тўлаш тизими ва уни белгилаш тартиби

Меҳнатга ҳақ тўлаш тизими ходимлар иш ҳақи миқдорининг меҳнатнинг миқдори ва сифатига, уларнинг шахсий ва жамоавий натижаларига боғлиқлигини белгилаш усулидир.

Ходимлар меҳнатига ҳақ тўлаш тизими иш берувчи томонидан касаба уюшмаси қўмитаси билан келишувга кўра белгиланади, бундан ушбу Кодексда айрим тоифадаги ходимларга нисбатан назарда тутилган ҳоллар мустасно.



Ташкилотда айрим тоифадаги ходимларга ёки таркибий бўлинмаларга нисбатан меҳнатга ҳақ тўлашнинг бир нечта тизими қўлланилиши мумкин.

Ходимлар меҳнатига вақтбай, ишбай ёки меҳнатга ҳақ тўлаш тизимида назарда тутилган бошқа мезонларга кўра ҳақ тўланади.

Фаолиятнинг ўзига хос хусусиятларига ва муайян иқтисодий шароитларга қараб меҳнатга ҳақ тўланишини ташкил этиш учун ходимлар меҳнатига ҳақ тўлашнинг тарифли ва (ёки) тарифсиз тизимлари қўлланилиши мумкин.

Бюджет ташкилотлари ходимларининг меҳнатига ҳақ тўлаш тизимлари ва турлари қонунчиликда белгиланади.

250-модда. Меҳнатга ҳақ тўлашнинг тарифли тизими

Меҳнатга ҳақ тўлашнинг тарифли тизими турли тоифадаги ходимларнинг иш ҳақини дифференциялашнинг тарифли тизимига асосланган меҳнатга ҳақ тўлаш тизимидир.

Тарифли тизим тариф сеткасини, тариф ставкаларини (маошларни), тариф разрядларини, тариф коэффициентларини ўз ичига олади.

Тариф сеткаси ишнинг мураккаблигига ва ходимларнинг малакасига доир талабларга қараб тариф коэффициентлари ёрдамида белгиланган ишлар (касблар, лавозимлар) тариф разрядларининг мажмуидир.

Тариф разряди ишларнинг мураккаблигини ва ходимнинг малака даражасини акс эттирадиган қийматдир.

Тариф ставкаси (маош) компенсацияга оид, рағбатлантирувчи ва ижтимоий тўловлар ҳисобга олинмаган ҳолда вақт бирлиги учун муайян мураккабликдаги (малакадаги) меҳнат нормаси (меҳнат мажбуриятлари) бажарилганлиги учун ходимнинг меҳнатига ҳақ тўлашнинг қатъий белгиланган миқдоридир.

Тариф коэффициенти кейинги разрядлар тариф ставкасининг биринчи разряд тариф ставкасига нисбатан каррали кўпайтирилишини акс эттирадиган, ходимлар малака даражасининг разрядлар бўйича нисбатидир.

Малака разряди ходимнинг касбий тайёргарлиги даражасини акс эттирадиган қийматдир.

Ишларни тарификациялаш меҳнат турларини ишларнинг мураккаблигига қараб тариф разрядларига ёки малака тоифаларига киритишдир.

Бажариладиган ишларнинг мураккаблиги уларни тарификациялаш асосида аниқланади.

Ишларни тарификациялаш ва ходимларга тариф разрядлари бериш касбга оид стандартлар ҳисобга олинган ҳолда амалга оширилади.

251-модда. Меҳнатга ҳақ тўлашнинг тарифсиз тизими

Меҳнатга ҳақ тўлашнинг тарифсиз тизими меҳнатга ҳақ тўлашни дифференциялаш усулини ифодалайди
, бунда ходимнинг меҳнатига ҳақ тўлаш миқдори унинг ишининг ва жамоа ишининг охирги натижаларига боғлиқ бўлади ҳамда ушбу ходим ишининг натижадорлиги баҳосини акс эттирадиган, ходимга берилган коэффициент асосида белгиланадиган, ходимнинг бутун жамоа томонидан ишлаб топилган меҳнатга ҳақ тўлаш жамғармасидаги улушини ифодалайди.

Ходимнинг шахсий касбий ютуқларини баҳолаш мезонлари ва нормалари иш берувчи томонидан касаба уюшмаси қўмитаси билан келишувга кўра белгиланади. Ходимнинг шахсий касбий ютуқларини баҳолаш иш берувчи томонидан амалга оширилади.

Меҳнатга ҳақ тўлашнинг тарифсиз тизими қўлланилганда меҳнатга ҳақ тўлашнинг қонунчилик билан кафолатланган энг кам миқдоридан кам бўлган ҳақ тўлаш даражасини белгилашга йўл қўйилмайди.

252-модда. Рағбатлантирувчи хусусиятга эга тўловлар

Рағбатлантирувчи хусусиятга эга тўловлар жумласига ходимларга меҳнатдаги юксак ютуқлари, касбий маҳорати, энергия ресурсларини, материалларни тежаганлиги, олдиндан белгиланган бошқа кўрсаткичларга эришганлиги учун бериладиган мукофотлар, иш ҳақига қўшимча тўловлар, устамалар ва бошқа тўловлар киради.

Меҳнатга ҳақ тўлаш тизимида назарда тутилган мукофот ходимни олдиндан белгиланган кўрсаткичлар ва шартларга эришишга ундаш мақсадида иш ҳақининг таркибига киритилган ҳамда ходимга асосий маошидан (тариф ставкасидан) ташқари тўланадиган пул мукофотидир.

Меҳнатга ҳақ тўлаш тизимида назарда тутилмаган рағбатлантирувчи мукофот бир марта бериладиган хусусиятга эга бўлган ҳамда иш берувчининг қарорига кўра ходимнинг олдиндан белгиланган кўрсаткичлар ва шартларга эришганлиги учун эмас, балки муайян воқеалар (юбилейлар, байрам саналари ва бошқалар) юз берганлиги ёки ходим томонидан муайян ҳаракатлар амалга оширилганлиги (иш берувчининг алоҳида муҳим топшириғини бажариш, рационализаторлик таклифини киритиш ва бошқалар) муносабати билан тўланадиган пул мукофотидир.

Устама ходим томонидан меҳнат шартномасида шарт қилиб кўрсатилган иш бажарилганлиги учун амалга ошириладиган ва рағбатлантирувчи (касбий маҳорат, узоқ муддат хизмат қилганлик, муайян ташкилотдаги ёки тармоқдаги иш стажи учун устамалар ва бошқалар) ёхуд компенсация хусусиятига эга (ишнинг кўчма ёхуд сайёр хусусияти, ноқулай табиий-иқлим шароитларидаги иш ёхуд зарарли ёки оғир меҳнат шароитларидаги иш, меҳнатнинг жадаллиги учун устамалар ва бошқалар) пул тўловидир.


Иш ҳақига қўшимча тўлов ходим томонидан унинг тўғридан-тўғри мажбуриятларига кирмайдиган қўшимча вазифалар бажарилишини компенсация қилиш (бир неча касбда (лавозимда) ишлаганлик, бажариладиган иш ҳажмининг кўпайганлиги, хизмат кўрсатиш доирасининг кенгайганлиги, йўқ бўлган ходимнинг мажбуриятларини бажарганлик учун қўшимча тўлов ва бошқалар) учун ҳисобланадиган ёки кафолатли хусусиятга эга бўлган ҳамда меҳнатнинг нормал шароитларидан четга чиқилган ҳолларда ёхуд иш ҳақи ходимнинг айбисиз камайтирилган тақдирда ходимга иш ҳақининг бир қисмини сақлаб қолиш мақсадида амалга ошириладиган (тунги вақтдаги, дам олиш кунларидаги ва ишланмайдиган байрам кунларидаги иш, иш вақтидан ташқари иш учун қўшимча тўловлар, соғлиғининг ҳолатига кўра, бекор туриб қолиш, ишлаб чиқариш зарурияти муносабати билан кам ҳақ тўланадиган ишга ўтказилган ходимларга қўшимча тўловлар ва бошқалар) пул тўловидир.

Мукофотлаш, иш ҳақи асосий қисмига доир қўшимча тўловлар ва устамалар, бошқа рағбатлантирувчи тўловлар тизимлари иш берувчи томонидан касаба уюшмаси қўмитаси билан келишувга кўра белгиланади.

Бюджет ташкилотларида рағбатлантирувчи тўловларни қўллаш тартиби ва шартлари қонунчиликда белгиланади.