ВУЗ: Не указан

Категория: Не указан

Дисциплина: Не указана

Добавлен: 30.11.2023

Просмотров: 821

Скачиваний: 2

ВНИМАНИЕ! Если данный файл нарушает Ваши авторские права, то обязательно сообщите нам.

Иш вақтидан ташқари иш учун камида икки ҳисса миқдорида ҳақ тўланади.

Жамоа шартномасида, касаба уюшмаси қўмитаси билан келишувга кўра иш берувчи томонидан қабул қилинган ички ҳужжатда, меҳнат шартномасида иш вақтидан ташқари иш учун қўшимча тўловларнинг юқорироқ миқдорлари назарда тутилиши мумкин.

Ходимнинг хоҳишига кўра иш вақтидан ташқари иш учун оширилган ҳақ тўлаш ўрнига иш вақтидан ташқари ишлаб берилган вақтнинг давомийлигига мувофиқ келадиган қўшимча дам олиш вақтини бериш билан компенсация қилиниши мумкин. Бундай ҳолда иш вақтидан ташқари иш учун бир ҳисса миқдорида ҳақ тўланади, дам олиш вақти учун эса ҳақ тўланмайди.

263-модда. Дам олиш кунларида ёки ишланмайдиган байрам кунларида меҳнатга ҳақ тўлаш

Дам олиш кунларидаги ёки ишланмайдиган байрам кунларидаги иш учун қуйидагиларга камида икки ҳисса миқдорида ҳақ тўланади:

ишбай ишловчиларга — камида икки ҳиссали ишбай баҳолар бўйича;

меҳнатига кунбай ва соатбай тариф ставкалари бўйича ҳақ тўланадиган ходимларга — кунбай ёки соатбай тариф ставкасининг камида икки ҳиссаси миқдорида;

маош оладиган ходимларга — ҳар бир ишланган кун ёки соат учун маошдан ташқари кунбай ёки соатбай ставкасининг камида бир ҳиссаси миқдорида.

Жамоа шартномасида, иш берувчи томонидан касаба уюшмаси қўмитаси билан келишувга кўра қабул қилинган ички ҳужжатда, меҳнат шартномасида дам олиш кунларидаги ёки ишланмайдиган байрам кунларидаги иш учун қўшимча тўловларнинг юқорироқ миқдорлари назарда тутилиши мумкин.

Дам олиш кунидаги ёки ишланмайдиган байрам кунидаги иш ходимнинг хоҳишига кўра бошқа дам олиш кунини бериш билан компенсация қилиниши мумкин. Дам олиш кунидаги ёки ишланмайдиган байрам кунидаги иш бошқа дам олиш кунини бериш билан компенсация қилинган тақдирда, бундай иш учун ҳақ тўлаш камида бир ҳисса миқдорида амалга оширилади, дам олиш куни учун эса ҳақ тўланмайди.

Агар ходим жадвалга ёки меҳнат шартномасига мувофиқ умумий белгиланган дам олиш кунларида (беш кунлик иш ҳафтасида шанба ёки якшанба кунлари ёки олти кунлик иш ҳафтасида якшанба куни) меҳнат қилган бўлса, дам олиш кунлари эса унга иш ҳафтасининг бошқа кунларида берилган бўлса, умумий белгиланган дам олиш кунларидаги иш учун бир ҳисса миқдорида ҳақ тўланади.

Ишланмайдиган байрам кунларидаги иш учун
, ушбу иш жадвалга биноан амалга оширилганлигидан ёки ходим мазкур Кодекснинг 210-моддасига мувофиқ ишланмайдиган байрам куни ишга жалб этилганлигидан қатъи назар, камида икки ҳисса миқдорида ҳақ тўланади ёхуд ходимнинг хоҳишига кўра бошқа дам олиш кунини бериш ва бир ҳисса миқдорида ҳақ тўлаш орқали компенсация қилинади.

264-модда. Тунги вақтдаги меҳнат учун ҳақ тўлаш

Қуйидаги ҳолларда тунги вақтдаги меҳнат учун ҳақ тўлаш камида бир ярим баравар миқдорида амалга оширилади:

меҳнатга ҳақ тўлашнинг вақтбай тизимида — тунги вақтдаги ишнинг ҳар бир соати учун 1,5 ёки ундан ортиқ коэффициентни қўллаган ҳолда;

меҳнатга ҳақ тўлашнинг ишбай тизимида — тегишли разрядга (малакага) эга бўлган вақтбай ишловчининг соатлик тариф ставкасининг (маошининг) эллик фоизи ёки ундан ортиқ миқдорида ишбай иш ҳақи ва қўшимча тўлов тўлиқ тўланади.

Тунги вақтдаги иш учун оширилган миқдорда ҳақ тўлаш тариф ставкаларига (маошларга) киритилмайди.

Тунги вақтдаги, шунингдек кўп сменали режимдаги иш учун иш ҳақига доир қўшимча тўловнинг аниқ миқдори жамоа шартномасида, иш берувчи томонидан касаба уюшмаси қўмитаси билан келишувга кўра қабул қилинадиган ички ҳужжатларда ёхуд меҳнат шартномасида белгиланади.

265-модда. Меҳнат нормалари, меҳнат (лавозим) мажбуриятлари бажарилмаганда меҳнатга ҳақ тўлаш

Иш берувчининг айби билан меҳнат нормалари, меҳнат (лавозим) мажбуриятлари бажарилмаганда, меҳнатга ҳақ тўлаш ходимнинг ҳақиқатда ишлаб берилган вақтига мутаносиб равишда ҳисобланган ўртача иш ҳақидан кам бўлмаган миқдорда амалга оширилади.

Иш берувчига ва ходимга боғлиқ бўлмаган сабабларга кўра меҳнат нормалари, меҳнат (лавозим) мажбуриятлари бажарилмаганда, ходимнинг ҳақиқатда ишлаб берилган вақтига мутаносиб равишда ҳисобланган тариф ставкасининг (маошининг) камида учдан икки қисми сақланиб қолади.

Ходимнинг айби билан меҳнат нормалари, меҳнат (лавозим) мажбуриятлари бажарилмаганда, иш ҳақининг нормалаштирилган қисмига ҳақ тўлаш бажарилган иш ҳажмига мувофиқ амалга оширилади.

266-модда. Бекор туриб қолинган вақт учун ҳақ тўлаш

Иш берувчининг айби билан бекор туриб қолинган вақт учун (иқтисодий, технологик, техник ёки ташкилий сабабларга кўра ишни вақтинча тўхтатиб туриш) ходимнинг ўртача иш ҳақи миқдорида ҳақ тўланади.



Иш берувчига ва ходимга боғлиқ бўлмаган сабабларга кўра бекор туриб қолинган вақт учун бекор туриб қолинган вақтга мутаносиб равишда ҳисобланган тариф ставкасининг (маошининг) камида учдан икки қисми миқдорида ҳақ тўланади.

Ходимнинг айби билан бекор туриб қолинган вақт учун ҳақ тўланмайди.

Асбоб-ускунанинг бузилиши ва ходим томонидан ўз меҳнат вазифаларини бажаришни давом эттиришни имконсиз қиладиган бошқа сабаблар юзага келтирган бекор туриб қолинган вақт бошланганлиги ҳақида ходим дарҳол ўзининг бевосита раҳбарига, иш берувчининг бошқа вакилига хабар бериши шарт.

267-модда. Яроқсиз бўлган маҳсулот тайёрланганда меҳнатга ҳақ тўлаш

Ишлов бериладиган материалдаги яширин нуқсон туфайли пайдо бўлган яроқсиз маҳсулот учун, шунингдек ходимнинг айбисиз тайёрланган яроқсиз маҳсулот учун яроқли маҳсулотлар билан тенг равишда ҳақ тўланади.

Ходимнинг айби билан тайёрланган қисман яроқсиз маҳсулот учун маҳсулотнинг яроқлилиги даражасига қараб камайтирилган ишбай баҳолар бўйича ҳақ тўланади.

Ходимнинг айби билан тайёрланган тўлиқ яроқсиз маҳсулот учун ҳақ тўланмайди.

268-модда. Айрим тоифадаги ходимларнинг меҳнатига ҳақ тўлашнинг ўзига хос хусусиятлари

Айрим тоифадаги ходимлар (ташкилот раҳбарлари, уларнинг ўринбосарлари, бош бухгалтерлар, зарарли ва (ёки) хавфли меҳнат шароитларидаги ишларда, ноқулай табиий-иқлим шароитларидаги ишларда банд бўлган ходимлар, ўриндошлик асосида ишлайдиганлар ва бошқалар) учун ушбу Кодекснинг VI бўлимига мувофиқ меҳнатига ҳақ тўлашнинг ўзига хос хусусиятлари белгиланади.


3-§. Иш ҳақидан ушлаб қолиш

269-модда. Иш ҳақидан ушлаб қолишни чеклаш

Умумий қоидага кўра ходимнинг ёзма розилиги билан, ходимнинг розилиги бўлмаган тақдирда эса ушбу модданинг иккинчи қисмига мувофиқ иш ҳақидан ушлаб қолиниши мумкин.

Қуйидаги ҳолларда, ходимнинг ёзма розилигидан қатъи назар, иш ҳақидан ушлаб қолиш амалга оширилади:

1) солиқлар ва йиғимларни ундириш учун;

2) «Суд ҳужжатлари ва бошқа органлар ҳужжатларини ижро этиш тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунида белгиланган суд қарорларини ва бошқа ижро ҳужжатларини ижро этиш учун, шунингдек ваколатли органларнинг қонуний талабларини бажариш учун;

3) иш ҳақи ҳисобига берилган бўнакни ушлаб қолиш учун, бошқа жойдаги ишга кўчиб ўтганлиги муносабати билан хўжалик эҳтиёжларига, хизмат сафарларига берилган, сарфланмаган ва ўз вақтида қайтарилмаган бўнакни ушлаб қолиш учун ҳамда ҳисоб-китобдаги хатолар оқибатида ортиқча тўланган суммаларни қайтариб олиш учун. Бундай ҳолларда иш берувчи бўнакни қайтариш, қарздорликни тўлаш учун белгиланган муддат тамом бўлган кундан ёки тўлов нотўғри ҳисоблаб чиқарилган кундан эътиборан бир ойдан кечиктирмай ушлаб қолиш ҳақида буйруқ чиқаришга ҳақли. Агар бу муддат ўтиб кетган бўлса ёки ходим бўнакни тўлаш учун ушлаб қолиш асосларига ёхуд миқдорига эътироз билдираётган бўлса, қарзни тўлаш суд тартибида амалга оширилади;

4) ходим томонидан иш берувчига етказилган зарарнинг ўрнини қоплаш учун, агар етказилган зарарнинг миқдори ходимнинг ўртача ойлик иш ҳақидан ошмаса;

5) ушбу Кодекс 312-моддаси биринчи қисмининг 2-бандида назарда тутилган жаримани ундириш учун;

6) ходим қайси иш йили ҳисобига таътил олиб бўлган бўлса, ўша йил тугагунига қадар меҳнат шартномаси бекор қилинганда таътилнинг ишлаб берилмаган кунлари учун.

Ҳар йилги меҳнат таътилининг ишлаб берилмаган кунлари учун ушлаб қолишлар меҳнат шартномаси ушбу Кодекс 137-моддасининг тўртинчи қисмида, 143-моддасининг иккинчи қисмида, 146-моддасининг бешинчи қисмида, 161-моддаси иккинчи қисмининг 1, 2 ва 3-бандларида, 168-моддаси биринчи қисмининг 1, 2, 6, 8 ва 9-бандларида назарда тутилган асосларга кўра, шунингдек ходимнинг ташаббуси билан ушбу Кодекс 160-моддасининг саккизинчи қисмида кўрсатилган узрли сабаблар мавжуд бўлганда бекор қилинган тақдирда амалга оширилмайди. Башарти ишга қабул қилишга доир белгиланган қоидаларнинг бузилиши ёхуд якка тартибдаги меҳнатга оид муносабатнинг давом этишига монелик қилувчи ҳолатларнинг юзага келиши ходимнинг айбли ҳаракатлари (ҳаракатсизлиги) билан боғлиқ бўлмаса, меҳнат шартномаси ушбу Кодекс 168-моддасининг 4 ва 5-бандларига кўра бекор қилинганда ҳам бундай ушлаб қолиш амалга оширилмайди.


Ходимга ортиқча тўланган иш ҳақи (шу жумладан меҳнат тўғрисидаги қонунчилик ёки меҳнат ҳақидаги бошқа ҳуқуқий ҳужжатлар нотўғри қўлланилганда) ундан ундирилиши мумкин эмас, бундан қуйидаги ҳоллар мустасно:

ҳисоблашдаги хатолик;

агар якка тартибдаги меҳнат низоларини кўриб чиқувчи орган томонидан ходимнинг меҳнат нормаларини бажармаганликдаги айби эътироф этилган бўлса;

ходимнинг суд томонидан белгиланган ғайриқонуний ҳаракатлари (ҳаракатсизлиги) сабабли ходимга ортиқча иш ҳақи тўланган бўлса.

Ўзбекистон Республикасининг Солиқ кодексига мувофиқ солиқ солинмайдиган тўловлардан ушлаб қолишлар амалга оширилиши мумкин эмас.

270-модда. Иш ҳақидан ушлаб қолиш миқдорларини чеклаш

Ҳар бир тўлов чоғида иш ҳақидан ушлаб қолинган маблағларнинг умумий суммаси ходимга ҳақиқатда ҳисобланган иш ҳақининг эллик фоизидан ошиши мумкин эмас.

Ушбу модданинг биринчи қисмида белгиланган чеклов алимент мажбуриятлари бўйича қарздорликни, шунингдек ахлоқ тузатиш ишлари тарзида жазо тайинланган ходимнинг иш ҳақини ушлаб қолишга нисбатан татбиқ этилмайди. Бундай ҳолларда жазодан ва алимент мажбуриятлари бўйича қарздорликдан ушлаб қолиш миқдори ходимга ҳақиқатда ҳисобланган иш ҳақининг етмиш фоизидан ошиши мумкин эмас.

271-модда. Ходимнинг хоҳишига кўра амалга ошириладиган иш ҳақини тасарруф этиш

Ходимнинг хоҳишига кўра иш ҳақи ёки унинг муайян қисми ходимнинг ёзма аризасида кўрсатилган миқдорларда ва муддатларда кредиторларга банк муассасаларидан олинган ссудалар, кредитлар, коммунал тўловлар ва бошқа харажатларни тўлаш учун юборилиши мумкин.

Ушбу Кодекснинг 270-моддасида назарда тутилган чекловлар мазкур модданинг биринчи қисмида кўрсатилган ҳолларга нисбатан татбиқ этилмайди.

16-боб. Меҳнатни нормалаштириш

272-модда. Меҳнатни нормалаштириш тушунчаси

Меҳнатни нормалаштириш муайян ишлаб чиқариш шароитларида аниқ ишни ёки операцияни бажариш учун энг кўп йўл қўйиладиган вақт миқдорини аниқлаш, шунингдек ходимларнинг турли тоифалари (гуруҳлари) сони ва асбоб-ускуналар сони ўртасидаги мақбул ўзаро нисбатни аниқлаш имконини берадиган, меҳнат натижалари ва меҳнатга ҳақ тўлаш ўлчови ўртасидаги тенглаштирилган ўзаро нисбатларни белгилаш ҳисобланади.