ВУЗ: Не указан

Категория: Не указан

Дисциплина: Не указана

Добавлен: 30.11.2023

Просмотров: 818

Скачиваний: 2

ВНИМАНИЕ! Если данный файл нарушает Ваши авторские права, то обязательно сообщите нам.

253-модда. Иш ҳақини тўлаш муддатлари

Ходимларга иш ҳақи тўлаш муддатлари жамоа шартномасида ёки ички ҳужжатда, улар мавжуд бўлмаганда эса меҳнат шартномасида шарт қилиб кўрсатилган муддатларда белгиланади ва ҳар ярим ойда бир мартадан кам бўлиши мумкин эмас. Ходимларга ойлик иш ҳақи, қоида тариқасида, ўн олти кундан кўп бўлмаган танаффус билан икки қисмга бўлинган ҳолда (бўнакда ва қолган қисми миқдорида) тўланади.

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан иш ҳақи ойига бир марта тўланадиган ходимларнинг айрим тоифалари белгиланиши мумкин.

Иш ҳақи тўланадиган кун дам олиш кунига ёки ишланмайдиган байрам кунига тўғри келиб қолганда иш ҳақи ушбу кунлар арафасида тўланади.

Ходимга тегишли бўлган иш ҳақининг ўз вақтида тўланиши ва миқдори бошқа тўловларни амалга оширишга ҳамда уларнинг навбатига боғлиқ қилиб қўйилмаслиги керак.

Иш берувчи ходимнинг сўровига кўра уни иш берувчи томонидан ходимнинг иш ҳақини ҳисоб-китоб қилиш чоғида амалга оширилган ҳисоблашлар ва ушлаб қолишлар тўғрисида хабардор қилиши шарт.

Иш берувчи иш ҳақини тўлаш кечиктирилганлиги учун ходим олдида ушбу Кодекснинг 333-моддасида белгиланган миқдорда моддий жавобгар бўлади.

254-модда. Меҳнат шартномаси бекор қилинганда ҳисоб-китоб қилиш муддатлари

Меҳнат шартномаси бекор қилинганда иш берувчидан ходимга берилиши керак бўлган барча суммаларни тўлаш ходим билан тузилган меҳнат шартномаси бекор қилинган куни амалга оширилади. Агар ходим меҳнат шартномаси бекор қилинган куни ишламаган бўлса, тегишли суммалар ушбу ходим томонидан ҳисоб-китоб қилиш тўғрисидаги талаб тақдим этилганидан кейин уч кундан кечиктирмай тўланиши керак.

Меҳнат шартномаси бекор қилинганда ходимга тегишли бўлган суммалар миқдорлари тўғрисида низо чиққан тақдирда, иш берувчи ходимга шак-шубҳасиз тегадиган суммани ушбу модданинг биринчи қисмида кўрсатилган муддатда тўлаши шарт.

Ички ҳужжатларда назарда тутилган ҳолларда ходим, агар у ҳатто мукофот тўланаётган пайтда якка тартибдаги меҳнатга оид муносабатларда бўлмаса ҳам, бир йилдаги иш якунларига кўра мукофот олиш ҳуқуқига эга бўлади.

255-модда. Ходим вафот этган кунга қадар олинмаган иш ҳақини бериш

Ходим вафот этган кунга қадар олинмаган иш ҳақи унинг оила аъзоларига ёки ходим вафот этган кунда марҳумнинг қарамоғида бўлган шахсга берилади. Иш ҳақини тўлаш иш
берувчига тегишли ариза, ходимнинг вафот этганлиги тўғрисидаги гувоҳноманинг кўчирма нусхаси берилган ҳамда унинг асл нусхаси тақдим этилган кундан эътиборан етти кундан кечиктирмай амалга оширилади.

256-модда. Иш ҳақини тўлаш шакллари ва жойи

Иш ҳақи миллий валютада (сўмда) тўланади.

Ушбу модданинг биринчи қисмида назарда тутилган қоидалардан истиснолар қонунчиликда белгиланиши мумкин.

Иш ҳақини қарз мажбуриятлари, тилхатлар, купонлар тарзида тўлаш тақиқланади.

Меҳнатга натура шаклида ҳақ тўлаш тақиқланади, бундан Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланган ҳоллар мустасно.

Ходимга иш ҳақини тўлаш, қоида тариқасида, бевосита у ишни бажарган жойда амалга оширилади.

Ходимнинг ёзма розилиги билан иш ҳақини ёки унинг бир қисмини банк муассасалари ёки почта бўлимлари орқали тўлашга йўл қўйилиб, уларнинг хизматлари учун иш берувчининг ҳисобидан ҳақ тўланади.

Агар ходим иш ҳақи тўланадиган куни иш берувчининг топшириғини иш жойидан ташқарида (хизмат сафарида, малака ошириш курсларида бўлса ва бошқалар) бажараётган бўлса, ходимнинг илтимосига кўра иш берувчи ходимга тегишли иш ҳақини ўз ҳисобидан юбориши ёки ходимнинг ишончли шахсига тўлаши шарт.

257-модда. Ўртача иш ҳақи ва уни ҳисоблаб чиқариш тартиби

Ушбу Кодексда назарда тутилган барча ҳоллар учун ўртача иш ҳақи у ҳисобланадиган ойдан олдинги ўн икки ойни ташкил этувчи ҳисоб-китоб даври ёхуд агар ходим ўн икки ойдан кам ишлаган бўлса, амалда ишланган давр учун ходимга ҳисобланган иш ҳақидан келиб чиққан ҳолда белгиланади. Бунда тегишли ойнинг 1-кунидан 30 (31)-кунига қадар (февралда — 28 (29)-кунга қадар) бўлган давр охирги кунни ҳам қўшганда календарь ой деб ҳисобланади.

Ўртача иш ҳақини ҳисоблаб чиқариш учун ходимга ҳисобланган иш ҳақининг таркибига солиқ тўғрисидаги қонунчиликда назарда тутилган, солиқ солиниши лозим бўлган, иш берувчи томонидан ҳақиқатда амалга оширилган тўловларнинг барча турлари киритилади.

Меҳнатга ҳақ тўлашнинг вақтбай тизимидаги ходимларнинг ўртача иш ҳақи ходимнинг ўртача иш ҳақи сақланиб қоладиган ойдан олдинги охирги календарь ой учун тариф ставкаси (лавозим маоши) миқдоридан келиб чиқиб, ходимнинг ўртача иш ҳақи сақланиб қоладиган ойдан олдинги ўн икки календарь ой учун устамалар, мукофотлар ва бошқа тўловлар (ушбу Кодекс 248-моддасининг учинчи қисмида назарда тутилган иш ҳақининг қўшимча қисми) суммасининг ўн иккидан бир қисми ўртача иш ҳақига жамланган ҳолда белгиланади.



Меҳнатга ҳақ тўлашнинг ишбай тизимидаги ходимларнинг ўртача иш ҳақи ходимнинг ўртача иш ҳақи сақланиб қоладиган ойдан олдинги календарь ой учун ишбай баҳолар бўйича ҳақиқатда ҳисобланган иш ҳақидан келиб чиқиб, ходимнинг ўртача иш ҳақи сақланиб қоладиган ойдан олдинги ўн икки календарь ой учун устамалар, мукофотлар ва бошқа тўловлар (ушбу Кодекс 248-моддасининг учинчи қисмида назарда тутилган иш ҳақининг қўшимча қисми) суммасининг ўн иккидан бир қисми ўртача иш ҳақига жамланган ҳолда белгиланади.

Меҳнатга ҳақ тўлашнинг тарифсиз тизимларида ходимларнинг ўртача иш ҳақи қонунчиликда белгиланган меҳнатга ҳақ тўлашнинг энг кам миқдоридан келиб чиқиб, қонунчиликда белгиланган меҳнатга ҳақ тўлашнинг энг кам миқдоридан ошадиган барча тўловларнинг ўн иккидан бир қисми ўртача иш ҳақига жамланган ҳолда белгиланади.

Ўртача иш ҳақи ҳисоблаб чиқарилаётганда ҳисоб-китоб давридан вақт, шунингдек ушбу вақтда ҳисобланган суммалар чиқариб ташланади, агар:

қонунчиликка мувофиқ ходимнинг ўртача иш ҳақи сақланиб қолган бўлса, бундан ушбу Кодекснинг 407-моддасида назарда тутилган болани овқатлантириш учун танаффуслар мустасно;

ходим вақтинча меҳнатга қобилиятсизлик нафақасини ёки ҳомиладорлик ва туғиш нафақасини олган бўлса;

ходим иш берувчига ва ходимга боғлиқ бўлмаган сабабларга кўра бекор туриб қолиш муносабати билан ишламаган бўлса;

ходимга ушбу Кодекснинг 399-моддасига мувофиқ ногиронлиги бўлган болаларни ва болаликдан ногиронлиги бўлган шахсларни парваришлаш учун қўшимча ҳақ тўланадиган дам олиш кунлари берилган бўлса;

ходим қонунчиликда белгиланган бошқа ҳолларда иш ҳақи тўлиқ ёки қисман сақланадиган ёки ҳақ тўланмайдиган ишдан озод этилган бўлса.

Агар ходим ҳисоб-китоб даври учун ва ҳисоб-китоб даври бошлангунига қадар ҳақиқатда ҳисобланган иш ҳақига ёки ишлаб берилган кунларга эга бўлмаган бўлса, ўртача иш ҳақи ходим томонидан ўртача иш ҳақининг сақланиб қолиши билан боғлиқ бўлган ҳодиса юз берган ойда ҳақиқатда ишлаб берилган кунлар учун ҳисобланган иш ҳақи миқдоридан келиб чиққан ҳолда белгиланади.

Агар ходим ҳисоб-китоб даври учун, ҳисоб-китоб даври бошлангунига қадар ва ўртача иш ҳақининг сақланиб қолиши билан боғлиқ бўлган ҳодиса юз бергунига қадар ҳақиқатда ҳисобланган иш ҳақига ёки ҳақиқатда ишлаб берилган кунларга эга бўлмаган бўлса, ўртача иш ҳақи унга белгиланган тариф ставкасидан (маошидан) келиб чиққан ҳолда аниқланади.


Агар ҳисоб-китоб даврининг бир ойи ёки бир неча ойи тўлиқ ишлаб берилмаган ёки ушбу модданинг еттинчи қисмига мувофиқ ундан вақт чиқариб ташланган бўлса, ўртача кунлик иш ҳақи ҳисоб-китоб даври учун ҳақиқатда ҳисобланган иш ҳақи суммасини тўлиқ календарь ойлар сонига ҳамда тўлиқ бўлмаган календарь ойлардаги календарь кунлар сонига кўпайтирилган иш кунларининг ўртача ойлик сонининг (25,3) суммасига бўлиш орқали ҳисоблаб чиқарилади. Тўлиқ бўлмаган календарь ойдаги иш кунларининг сони иш кунларининг ўртача ойлик сонини (25,3) ушбу ойдаги иш кунларининг ҳақиқий сонига бўлиш ҳамда мазкур ойда ишлаб берилган вақтга тўғри келадиган иш кунлари сонига кўпайтириш орқали ҳисоблаб чиқилади.

Ўртача кунлик иш ҳақи уни ҳисоблаб чиқаришнинг барча ҳолларида ушбу модданинг учинчи, тўртинчи ва бешинчи қисмларига мувофиқ ҳисоблаб чиқарилган ўртача иш ҳақи суммасини иш кунларининг ўртача ойлик сонига (25,3) бўлиш орқали белгиланади.

Ўртача соатлик иш ҳақи уни ҳисоблаб чиқаришнинг барча ҳолларида ушбу модданинг учинчи, тўртинчи ва бешинчи қисмларига мувофиқ ҳисоблаб чиқарилган ўртача иш ҳақи суммасини ходимнинг ўртача иш ҳақи сақланиб қоладиган ойдан олдинги охирги календарь ойда ишлаб берилган соатлар сонига бўлиш орқали белгиланади.

Алоҳида ҳоллар (иш вақти жамлаб ҳисобга олинганда, уни ҳисоблаб чиқариш учун қабул қилинган даврда иш вақти тўлиқ ишлаб берилмаганда, ушбу даврда иш ҳақи бўлмаганда ва бошқа ҳолларда) учун ходимларнинг ўртача иш ҳақини ҳисоблаб чиқаришнинг ўзига хос хусусиятлари Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланади.

Барча ҳолларда иш вақтининг ойлик нормасини ишлаб берган ва меҳнат шартномасида белгиланган меҳнат вазифасини бажарган ходимнинг ўртача ойлик иш ҳақи қонунчиликда белгиланган ҳисоблаш кунидаги меҳнатга ҳақ тўлашнинг энг кам миқдоридан кам бўлиши мумкин эмас.

Ҳисоб-китоб даврида тарифларни қайта кўриб чиқиш чоғида ўртача ойлик иш ҳақи ўзгартирилган тарифни ҳисобга олган ҳолда қайта ҳисоб-китоб қилиниши лозим.

2-§. Меҳнатга ҳақ тўлашнинг алоҳида шартлари

258-модда. Қисқартирилган ва тўлиқсиз иш вақтида меҳнатга ҳақ тўлаш

Қисқартирилган иш вақти шароитларида банд бўлган ходимларнинг иш ҳақи нормал иш вақти учун белгиланган тўлиқ ҳажмда тўланади.

Ушбу модданинг биринчи қисмида назарда тутилган қоида мазкур Кодекс 415-моддасининг иккинчи қисмида назарда тутилган, ўқув йили давомида ўқишдан бўш вақтида ишлайдиган ўн саккиз ёшга тўлмаган шахсларнинг меҳнатига ҳақ тўлаш ишлаб берилган вақтга мутаносиб равишда ёки ишлаб чиқарган маҳсулотига қараб амалга ошириладиган ҳолларга нисбатан татбиқ этилмайди.


Тўлиқсиз иш вақтида (тўлиқсиз иш куни, тўлиқсиз иш ҳафтаси, тўлиқсиз иш кунининг ва тўлиқсиз иш ҳафтасининг қўшилиши) ишлайдиган ходимларнинг меҳнатига ҳақ тўлаш ишлаб берилган вақтига мутаносиб равишда ёки ҳақиқатда ишлаб чиқарган маҳсулотига қараб амалга оширилади.

259-модда. Бир неча касбда (лавозимда) ишлаганда, хизмат кўрсатиш доираси кенгайганда ва иш ҳажми кўпайганда меҳнатга ҳақ тўлаш

Бир неча касбда (лавозимда) ишлаганда, хизмат кўрсатиш доираси кенгайганда, иш ҳажми кўпайганда ходимнинг асосий лавозимдаги иш ҳақига қуйидагилар учун қўшимча тўлов белгиланади ва тўланади:

бюджетдан молиялаштирилмайдиган ташкилот ходимлари учун — бир неча касбда (лавозимда) ҳақиқатда бажарилган ишга доир иш ҳақи миқдорида;

бюджет ташкилотлари ходимлари учун — бир неча лавозимда ишлаганлик учун тариф ставкасининг (маошининг) эллик фоизидан кўп бўлмаган миқдорда.

Вақтинча йўқ бўлган ходимнинг мажбуриятларини бажариш вазифаси унинг штатдаги ўринбосари зиммасига асосий ишдан озод этилмаган ҳолда юклатилганда қўшимча тўлов амалга оширилмайди.

260-модда. Ҳар хил малака талаб этиладиган ишлар бажарилганда меҳнатга ҳақ тўлаш

Меҳнатига вақтбай ҳақ тўланадиган ходим томонидан ҳар хил малака талаб этиладиган ишлар бажарилганда унинг меҳнатига юқорироқ малакали иш бўйича ҳақ тўланади.

Меҳнатига ишбай ҳақ тўланадиган ходим томонидан ҳар хил малака талаб этиладиган ишлар бажарилганда унинг меҳнатига у бажарган ишнинг баҳолари бўйича ҳақ тўланади.

Ишлаб чиқариш хусусиятини ҳисобга олган ҳолда меҳнатига ишбай ҳақ тўланадиган ходимларга ўзига берилган разрядлардан пастроқ тарификация қилинаётган ишларни бажариш топшириладиган ҳолларда иш берувчи уларга разрядлар ўртасидаги фарқни тўлаши шарт.

261-модда. Янги ишлаб чиқаришлар (маҳсулот) ўзлаштирилганда меҳнатга ҳақ тўлаш

Жамоа шартномасида ёки меҳнат шартномасида янги ишлаб чиқариш (маҳсулот) ўзлаштириладиган даврда ходимнинг олдинги иш ҳақини сақлаб қолиш назарда тутилиши мумкин.

262-модда. Иш вақтидан ташқари иш учун ҳақ тўлаш