ВУЗ: Не указан

Категория: Не указан

Дисциплина: Не указана

Добавлен: 30.11.2023

Просмотров: 814

Скачиваний: 2

ВНИМАНИЕ! Если данный файл нарушает Ваши авторские права, то обязательно сообщите нам.


Меҳнат шартномаси тарафларининг моддий жавобгарлиги меҳнат шартномаси тарафининг бошқа тарафга етказилган зиённинг ўрнини ушбу Кодексда ва бошқа қонунларда белгиланган тартибда қоплаш мажбуриятини ифодалайдиган юридик жавобгарликдир.

Зарар етказилгандан кейин меҳнат шартномасининг бекор қилиниши ушбу шартнома тарафини моддий жавобгарликдан озод этмайди.

317-модда. Меҳнат шартномаси тарафларининг моддий жавобгарлигини аниқлаштириш

Меҳнат шартномаси ёки унга ёзма шаклда тузиладиган қўшимча келишув, шунингдек жамоа шартномаси меҳнат шартномаси тарафларининг моддий жавобгарлигини аниқлаштириши мумкин. Бунда иш берувчининг ходим олдидаги шартномавий жавобгарлиги ушбу Кодексда назарда тутилганидан кам бўлмаслиги, ходимнинг иш берувчи олдидаги жавобгарлиги эса ушбу Кодексда назарда тутилганидан юқори бўлмаслиги керак.

318-модда. Меҳнат шартномаси тарафининг моддий жавобгарлиги юзага келиши шартлари

Меҳнат шартномаси тарафининг моддий жавобгарлиги, агар ушбу Кодексда ёки бошқа қонунларда бошқача тартиб назарда тутилмаган бўлса, меҳнат шартномаси тарафининг айбли ғайриқонуний қилмиши (ҳаракати ёки ҳаракатсизлиги) натижасида ушбу шартноманинг бошқа тарафига етказилган зарар учун ҳамда айбли ғайриқонуний қилмиш ва етказилган зарар ўртасидаги сабаб-оқибат алоқаси мавжудлиги учун юзага келади.

Меҳнат шартномаси тарафларидан ҳар бири ўзига етказилган моддий зиённинг миқдорини исботлаши шарт.

2-§. Иш берувчининг ходимга етказилган зиён учун моддий жавобгарлиги

319-модда. Ходимга ўрни қопланиши лозим бўлган зиён

Иш берувчи қуйидаги ҳолларда ходимга етказилган зиённинг ўрнини қоплаши шарт:

ходим меҳнат қилиш имкониятидан ғайриқонуний равишда маҳрум қилинганда;

ходимнинг ҳаёти ёки соғлиғига зиён етказилганда;

ходимга иш ҳақи тўлаш ва унга тўланиши лозим бўлган бошқа тўловлар кечиктирилганда;

ходимнинг мол-мулкига зиён етказилганда.

Агар иш берувчининг қонунга хилоф ҳаракатлари (ҳаракатсизлиги) билан ходимга жисмоний ёки маънавий азоб етказилган бўлса, ходимга етказилган маънавий зиён компенсация қилиниши лозим.


320-модда. Иш берувчининг ходимни меҳнат қилиш имкониятидан ғайриқонуний равишда маҳрум қилганлиги натижасида унга етказилган зиённинг ўрнини қоплаш мажбурияти

Иш берувчи ходимни меҳнат қилиш имкониятидан ғайриқонуний равишда маҳрум этишнинг барча ҳолларида у олмаган иш ҳақининг ўрнини унга қоплаши шарт. Агар иш ҳақи қуйидагилар натижасида олинмаган бўлса, шундай мажбурият юзага келади:

ишга қабул қилиш ғайриқонуний равишда рад этилганлиги;

ходим ғайриқонуний равишда бошқа ишга ўтказилганлиги;

ходим ишдан ғайриқонуний равишда четлаштирилганлиги;

ходим билан меҳнат шартномаси ғайриқонуний равишда бекор қилинганлиги;

ходимга меҳнат дафтарчаси ёхуд электрон меҳнат дафтарчаси кўчирмаси берилиши иш берувчи томонидан кечиктирилганлиги;

меҳнат низоларини кўриб чиқиш бўйича органнинг ходимни аввалги ишига тиклаш тўғрисидаги қарорини ўз вақтида бажармаганлиги;

ходимнинг бошқа ишга киришига тўсқинлик қиладиган, унинг шаънига, қадр-қимматига ёки ишчанлик обрўсига путур етказадиган маълумотлар ҳар қандай усул билан тарқатилганлиги;

қонунлар ҳамда жамоа келишувларида ва (ёки) жамоа шартномасида назарда тутилган бошқа ҳоллар.

321-модда. Иш берувчининг ходимнинг ҳаётига ёки соғлиғига етказилган зиённинг ўрнини қоплаш мажбурияти

Иш берувчи ходимнинг меҳнатда майиб бўлиши ва (ёки) касб касаллиги туфайли ҳаётига ёки соғлиғига етказилган зиённинг ўрнини қоплаши шарт.

Иш берувчи ўз ҳудудида ҳам, унинг ташқарисида ҳам меҳнат вазифаларини бажаришда, шунингдек иш берувчи томонидан берилган транспортда иш жойига бориш ёки ишдан қайтиш вақтида меҳнатда майиб бўлиши туфайли ходимнинг ҳаётига ёки соғлиғига етказилган зиён учун моддий жавобгар бўлади.

Иш берувчи, агар зиён унинг айби билан етказилмаганлигини исботлаб беролмаса, меҳнатда майиб бўлиш ва (ёки) касб касаллиги туфайли ходимга етказилган зиённинг ўрнини қоплаши шарт.

Ўз меҳнат вазифаларини бажараётган вақтида юқори хавф манбаидан ходимнинг ҳаётига ёки соғлиғига етказилган зиённинг ўрнини иш берувчи, агар зиён уни бартараф этиш мумкин бўлмаган кучлар туфайли ёки жабрланувчи қасддан қилганлиги оқибатида келиб чиққанлигини исботлаб беролмаса, қоплаши шарт.



322-модда. Ходимнинг соғлиғига зиён етказилганлиги муносабати билан иш берувчи томонидан амалга ошириладиган тўловлар

Ходимнинг соғлиғига етказилган зиённинг ўрнини иш берувчи томонидан қоплаш қуйидагиларни ўз ичига олади:

ходимга бир марталик нафақа тўлаш;

ходимга йўқотилган иш ҳақи учун етказилган зиённинг ўрнини қоплаш тарзида амалга ошириладиган ҳар ойлик тўловлар;

ходимнинг қўшимча харажатларини компенсация қилиш.

323-модда. Ходимнинг соғлиғига зиён етказилганлиги муносабати билан бир йўла бериладиган нафақа миқдори

Ходимнинг соғлиғига зиён етказилганлиги муносабати билан иш берувчи томонидан бир йўла тўланадиган нафақа миқдори жамоа шартномасида, агар у тузилмаган бўлса, иш берувчи ва касаба уюшмаси қўмитаси ўртасидаги келишувга биноан белгиланади. Бунда ходимнинг соғлиғига зиён етказилганлиги муносабати билан бир йўла тўланадиган нафақа миқдори жабрланган ходимнинг ўртача ойлик иш ҳақи асосида ҳисобланган йиллик иш ҳақидан кам бўлмаслиги керак.

324-модда. Ходимнинг соғлиғига зиён етказилганлиги муносабати билан йўқотилган иш ҳақининг ўрнини қоплаш учун амалга ошириладиган ойлик тўловлар миқдори

Ходимнинг соғлиғига зиён етказилганлиги муносабати билан йўқотилган иш ҳақининг ўрнини қоплаш учун амалга ошириладиган ойлик тўловлар миқдори жабрланувчи меҳнатда майиб бўлгунига қадар олган ўртача ойлик иш ҳақига нисбатан унинг касбий меҳнат қобилиятининг йўқотилиши даражасига мувофиқ бўлган фоизли нисбатда белгиланади.

Касбий меҳнат қобилиятини йўқотиш даражаси тиббий-ижтимоий эксперт комиссияси томонидан белгиланади.

Зиённинг ўрнини қоплашга оид тўловни тайинлашда жабрланувчи оладиган иш ҳақи, стипендия, пенсия ва бошқа даромадлар ҳисобга олинмайди. Бунда меҳнатда майиб бўлган жабрланганларга — ногиронлиги бўлган шахсларга етказилган зиённинг ўрнини қоплаш суммаси қонунчиликда белгиланган меҳнатга ҳақ тўлаш энг кам миқдорининг эллик фоизидан кам бўлмаслиги керак.

325-модда.
Ходимнинг соғлиғига зиён етказилганда қўшимча харажатларни компенсация қилиш

Ходимнинг соғлиғига зиён етказилганлиги учун жавобгар бўлган иш берувчи ушбу Кодекснинг 323-моддасида ва 324-моддасининг биринчи қисмида назарда тутилган тўловлардан ташқари жабрланувчига меҳнатда майиб бўлганлик ёки касб касаллиги туфайли келиб чиққан қўшимча харажатларнинг ўрнини қоплаши шарт. Даволаниш, протезлаш, қўшимча овқатланиш, дори воситаларини сотиб олиш, санаторий-курортда даволаниш харажатлари, шу жумладан жабрланувчининг, зарур ҳолларда эса уни кузатиб борувчи шахснинг ҳам даволаниш жойига бориш ва қайтиш йўлкираси ҳақини тўлаш, ўзгаларнинг парвариши, махсус транспорт воситаларини сотиб олиш ва бошқа турдаги ёрдам учун харажатлар, агар у тиббий-ижтимоий эксперт комиссияси томонидан ушбу турдаги ёрдамга муҳтож деб топилса ҳамда уларни тегишли ташкилотлардан бепул олиш ҳуқуқига эга бўлмаса, шунингдек жабрланувчи ва иш берувчи ўртасида зиённинг ўрнини қоплаш бўйича низо юзага келган тақдирда ҳамда низо жабрланувчининг фойдасига ҳал бўлган тақдирда кўрсатилган юридик ёрдам учун адвокатга ҳақ тўлаш харажатларининг ўрни қопланиши лозим.

Дориларни сотиб олиш харажатлари даволовчи шифокор ёзиб берган белгиланган шаклдаги рецепт ва сотиб олинган дорилар кўрсатилган ҳолдаги тўлов чеки тақдим этилганидан кейин иш берувчи томонидан тўланади.

I гуруҳ ногиронлиги бўлган шахслар учун тиббий-ижтимоий эксперт комиссиясининг уй шароитида парваришлаш зарурати тўғрисидаги хулосаси талаб этилмайди (бундан улар махсус тиббий ёрдамга муҳтож бўлган ҳоллар мустасно).

Ушбу моддада кўрсатилган бир неча ёрдам турига муҳтож бўлган жабрланувчига ҳар бир ёрдам турини олиш билан боғлиқ харажатларнинг ўрни қопланади.

326-модда. Ходимнинг соғлиғига зиён етказилганда меҳнат шартномаси тарафларининг аралаш жавобгарлиги

Агар жабрланувчининг қўпол эҳтиётсизлиги зиённинг келиб чиқишига ёки кўпайишига сабаб бўлса, ўрни қопланиши лозим бўлган зиён миқдори жабрланувчи айбининг даражасига қараб, мувофиқ равишда камайтирилади.

Жабрланувчи томонидан қўпол эҳтиётсизлик қилинган ва иш берувчининг айби бўлмаган ҳамда иш берувчининг жавобгарлиги у айблилигидан ёки айбсизлигидан қатъи назар юзага келадиган ҳолларда, ўрни қопланиши лозим бўлган зарар миқдори суд томонидан ҳам камайтирилиши мумкин. Бунда зиённинг ўрнини қоплашни рад этишга йўл қўйилмайди.


Аралаш жавобгарлик ходимнинг соғлиғига етказилган зиённинг ўрнини қоплаш чоғидаги қўшимча харажатларнинг ўрнини қоплашга, бир йўла бериладиган нафақани тўлашга, шунингдек боқувчи бўлган ходим вафот этганлиги муносабати билан етказилган зиённинг ўрнини қоплашга татбиқ этилмайди.

327-модда. Боқувчи бўлган ходим вафот этганлиги муносабати билан етказилган зиённинг ўрни иш берувчи томонидан қопланишига доир ҳуқуққа эга бўлган шахслар доираси

Боқувчи бўлган ходим (бундан буён матнда боқувчи деб юритилади) меҳнат мажбуриятларини бажариши билан боғлиқ бўлган меҳнатда майиб бўлганлиги, касб касаллиги ёки соғлиққа етказилган бошқа шикаст туфайли вафот этган тақдирда иш берувчи қуйидаги шахсларга зиённинг ўрнини қоплаши шарт:

марҳумнинг қарамоғида бўлган меҳнатга қобилиятсиз шахсларга, шунингдек ўн саккиз ёшга тўлмаган шахсларга ёки унинг вафот этган кунига қадар ундан таъминот олиш ҳуқуқига эга бўлган шахсларга;

марҳумнинг вафотидан кейин туғилган фарзандига;

ота-онасидан бирига (ота-онанинг ўрнини босувчи шахсга), эрига (хотинига) ёки бошқа оила аъзосига, агар у ишламаётган бўлса ҳамда марҳумнинг ўн тўрт ёшга тўлмаган ёки бу ёшга тўлган бўлса-да, аммо тиббий муассасаларнинг хулосасига кўра соғлиғи ҳолати бўйича ўзгаларнинг парваришига муҳтож бўлган болаларини, ака-укаларини, опа-сингилларини ёки набираларини парвариш қилиш билан банд бўлса.

Болаларнинг қарамоқда эканлиги тахмин қилинади ва далиллар талаб қилмайди.

Қуйидагилар меҳнатга қобилиятсиз деб ҳисобланади:

ўн саккиз ёшдан ошган шахслар, агар уларга шу ёшга тўлгунига қадар ногиронлик белгиланган бўлса;

олтмиш ёшга тўлган эркаклар ва эллик беш ёшга тўлган аёллар;

ўзига нисбатан ногиронлик белгиланган шахслар.

Оила аъзосининг меҳнатга қобилиятсизлиги юз берган вақт (боқувчининг вафотидан олдин ёки кейин) унинг зиённинг ўрни қопланишига бўлган ҳуқуқига таъсир қилмайди.

Ўн саккиз ёшга тўлган ва ундан катта ўқувчилар кундузги таълим ташкилотларида ўқишни тугатгунига, лекин кўпи билан йигирма уч ёшга тўлгунига қадар зиённинг ўрни қопланишига бўлган ҳуқуққа эгадир.

328-модда. Боқувчи вафот этганлиги муносабати билан етказилган зиённинг ўрнини иш берувчи томонидан қоплаш муддати