ВУЗ: Не указан
Категория: Не указан
Дисциплина: Не указана
Добавлен: 30.11.2023
Просмотров: 815
Скачиваний: 2
ВНИМАНИЕ! Если данный файл нарушает Ваши авторские права, то обязательно сообщите нам.
Боқувчи вафот этганлиги муносабати билан етказилган зиённинг ўрни қуйидагича қопланади:
вояга етмаган шахсларга — ўн саккиз ёшга тўлгунига қадар;
ўн саккиз ёшдан ошган ўқувчиларга — кундузги таълимни тугатгунига, лекин кўпи билан йигирма уч ёшга тўлгунига қадар;
эллик беш ёшдан ошган аёлларга ва олтмиш ёшдан ошган эркакларга — умрбод;
ногиронлиги бўлган шахсларга — ногиронлик муддатига;
марҳумнинг қарамоғида бўлган болаларини, набираларини, ака-укалари ва опа-сингилларини парваришлаш билан банд бўлган ота-онасидан бирига, эрига (хотинига) ёки бошқа оила аъзосига — қарамоғидаги шахслар ўн тўрт ёшга тўлгунига қадар.
329-модда. Боқувчи вафот этганлиги муносабати билан етказилган зиённинг ўрни иш берувчи томонидан қопланган тақдирда амалга ошириладиган тўловлар
Боқувчи вафот этганлиги муносабати билан етказилган зарарнинг ўрнини иш берувчи томонидан қоплаш боқувчи вафот этганлиги муносабати билан етказилган зарарнинг ўрни иш берувчи томонидан қопланишига доир ҳуқуққа эга бўлган шахсларга қуйидагиларни тўлашни ўз ичига олади:
бир йўла бериладиган нафақани;
боқувчининг йўқотилган иш ҳақи ўрнини қоплаш учун амалга ошириладиган ҳар ойлик тўловларни;
қўшимча харажатларни компенсация қилишни.
330-модда. Меҳнатда майиб бўлганлик ёки касб касаллиги туфайли боқувчи вафот этганлиги муносабати билан бир йўла бериладиган нафақанинг миқдори
Меҳнатда майиб бўлганлик ёки касб касаллиги туфайли боқувчи вафот этганлиги муносабати билан бир йўла бериладиган нафақанинг миқдори жамоа шартномасида, агар у тузилмаган бўлса, иш берувчи ва касаба уюшмаси қўмитаси ўртасидаги келишувга биноан белгиланади.
Боқувчи вафот этганлиги муносабати билан бир йўла бериладиган нафақанинг миқдори марҳумнинг ўртача йиллик иш ҳақининг олти бараваридан кам бўлмаслиги керак.
331-модда. Боқувчининг йўқотилган иш ҳақи ўрнини қоплаш учун амалга ошириладиган ҳар ойлик тўловлар миқдори
Вафот этган боқувчининг қарамоғида бўлган ва унинг вафоти муносабати билан етказилган зиённинг ўрни қопланишига доир ҳуқуққа эга бўлган меҳнатга қобилиятсиз шахсларга нисбатан зиённинг миқдори марҳумнинг ўртача ойлик иш ҳақи миқдорида, унинг ўзига тегишли бўлган улушни ва унинг қарамоғида бўлган, аммо зиённинг ўрни қопланишига доир ҳуқуққа эга бўлмаган меҳнатга қобилиятли шахсларнинг улуши чегириб ташланган ҳолда белгиланади.
Зиённинг ўрни қопланишига доир ҳуқуққа эга бўлган шахсларнинг ҳар бирига нисбатан зиённинг ўрнини қоплаш миқдорини аниқлаш учун боқувчи иш ҳақининг ушбу шахсларнинг барчасига тўғри келадиган қисми уларнинг сонига бўлинади.
Марҳумнинг қарамоғида бўлмаган, аммо зиённинг ўрни қопланишига доир ҳуқуққа эга бўлган меҳнатга қобилиятсиз шахслар учун унинг миқдори қуйидаги тартибда белгиланади, агар:
таъминот маблағи суд тартибида ундирилган бўлса, у ҳолда зиённинг ўрнини қоплаш суд томонидан тайинланган миқдорда белгиланади;
таъминот маблағи суд тартибида ундирилмаган бўлса, у ҳолда зиённинг ўрнини қоплаш уларнинг моддий аҳволи ҳамда марҳумнинг ҳаётлик вақтида уларга ёрдам кўрсатиш имконияти ҳисобга олинган ҳолда белгиланади.
Агар марҳумнинг қарамоғида бўлган шахслар ҳам, унинг қарамоғида бўлмаган шахслар ҳам зиённинг ўрни қопланишига доир ҳуқуққа эга бўлса, аввало марҳумнинг қарамоғида бўлмаган шахсларга зиённинг ўрнини қоплаш миқдори белгиланади. Улар учун белгиланган зиённинг ўрнини қоплаш суммаси боқувчининг иш ҳақидан чегириб ташланади, сўнгра иш ҳақининг қолган миқдоридан келиб чиқиб, марҳумнинг қарамоғида бўлган шахсларга зиённинг ўрнини қоплаш миқдори ушбу модданинг биринчи ва иккинчи қисмларида назарда тутилган тартибда белгиланади.
Боқувчини йўқотганлиги муносабати билан зиённинг ўрни қопланишига доир ҳуқуққа эга бўлган шахсларга тайинланган боқувчисини йўқотганлик пенсияси, худди шунингдек бошқа пенсия, иш ҳақи, стипендия ва ўзга даромадлар зиённинг ўрнини қоплаш ҳисобига киритилмайди. Бунда қарамоқдаги ҳар бир шахсга тегишли зиённинг ўрнини қоплаш суммаси қонунчиликда белгиланган меҳнатга ҳақ тўлаш энг кам миқдорининг эллик фоизидан кам бўлмаслиги керак.
Қонунчиликда белгиланган меҳнатга ҳақ тўлашнинг энг кам миқдори ошиши билан қарамоқдаги ҳар бир шахс учун зиённинг ўрнини қоплаш суммаси ҳам мутаносиб равишда ошади.
332-модда. Боқувчи вафот этганлиги муносабати билан қўшимча харажатларни компенсация қилиш
Ходим меҳнатда майиб бўлганлиги муносабати билан вафот этган тақдирда иш берувчи дафн этиш учун зарур бўлган харажатларни қилган шахсга ушбу харажатларнинг ўрнини қўшимча равишда қоплаши шарт.
Дафн этиш учун зарур бўлган харажатлар зарарнинг ўрнини қоплаш ҳисобига кирмайди.
Ушбу модданинг биринчи қисмида назарда тутилган харажатлардан ташқари қўшимча харажатларни компенсация қилиш вафот этган ходимнинг жасадини ташиш, иш берувчининг боқувчи вафот этганлиги муносабати билан етказилган зиённинг ўрнини қоплаш рад этилганлиги тўғрисидаги қарори устидан шикоят қилиш ёки низо мазкур харажатларни қилган шахс фойдасига ҳал бўлган тақдирда тўланиши лозим бўлган тўловларнинг миқдори хусусида низолашиш билан боғлиқ харажатларни (мутахассисларнинг маслаҳатлари, кўрсатилган юридик хизмат учун адвокатга ҳақ тўлаш харажатлари ва бошқалар) ўз ичига олади.
333-модда. Ходимга иш ҳақи тўлашни ва унга тўланиши лозим бўлган бошқа тўловларни кечиктирганлик учун иш берувчининг моддий жавобгарлиги
Иш берувчи иш ҳақини, таътил тўловларини, меҳнат шартномаси бекор қилингандаги тўловларни ва (ёки) ходимга тўланиши лозим бўлган бошқа тўловларни тўлаш муддатини бузган тақдирда, уларни тўлов муддатидан кейинги кундан эътиборан то ҳақиқатда ҳисоб-китоб қилинган кунни ўз ичига олган муддатгача ҳар бир кечиктирилган кун учун Ўзбекистон Республикаси Марказий банкининг ўша вақтда амалда бўлган қайта молиялаштириш ставкасидан келиб чиққан ҳолда фоизлар (пулли компенсация) билан бирга тўлаши шарт.
Ходимга тўланиши лозим бўлган пулли компенсациянинг миқдори Ўзбекистон Республикаси Марказий банки қайта молиялаш ставкасининг ўн фоизи миқдорида белгиланади.
Ушбу модданинг иккинчи қисмида белгиланган, ходимга тўланадиган пулли компенсациянинг миқдори жамоа шартномаси, ички ҳужжат ёки меҳнат шартномаси билан оширилиши мумкин. Мазкур пулли компенсацияни тўлаш мажбурияти иш берувчининг ойлик иш ҳақини ёки ходимга тўланиши лозим бўлган бошқа тўловларни тўлашнинг кечиктирилишида айби бор-йўқлигидан қатъи назар юзага келади.
334-модда.
Ходимнинг мол-мулкига етказилган зарар учун иш берувчининг моддий жавобгарлиги
Ходимнинг мол-мулкига зарар етказган иш берувчи, агар у ўзининг айби йўқлигини исботлаб беролмаса, ушбу зарарнинг ўрнини тўлиқ ҳажмда қоплайди. Зарарнинг миқдори зарарнинг ўрнини қоплаш куни мазкур ҳудудда амалда бўлган бозор нархлари бўйича ҳисоблаб чиқарилади.
Ходимнинг мол-мулкига етказилган зарарнинг ўрни ходимнинг розилиги билан натура тарзида қопланиши мумкин.
335-модда. Ходимга етказилган маънавий зиённи компенсация қилиш
Иш берувчининг ғайриқонуний ҳаракатлари ёки ҳаракатсизлиги туфайли ходимга етказилган маънавий зиён ходимга меҳнат шартномаси тарафларининг келишувида белгиланган миқдорларда пул шаклида компенсация қилинади.
Низо юзага келган тақдирда, ходимга маънавий зиён етказилганлиги факти ва уни компенсация қилиш миқдорлари, ўрни қопланиши лозим бўлган моддий зарардан қатъи назар, суд томонидан белгиланади.
336-модда. Ходимнинг ҳаётига ва соғлиғига етказилган зиённинг ўрнини қоплаш тўғрисидаги аризаларни кўриб чиқиш тартиби
Ҳаётига ва соғлиғига етказилган зиённинг ўрнини қоплаш тўғрисидаги ариза иш берувчига жабрланган ходим томонидан, у вафот этган тақдирда эса зиённинг ўрни қопланишига доир ҳуқуққа эга бўлган манфаатдор шахслар томонидан берилади. Иш берувчи ариза келиб тушган кундан эътиборан ўн кун ичида аризани кўриб чиқиши ва тегишли қарор қабул қилиши шарт.
Иш берувчининг ходимга ҳаётига ва соғлиғига етказилган зиённинг ўрнини қоплаш тўғрисидаги буйруғининг кўчирма нусхаси ёки иш берувчининг асослантирилган ёзма рад жавоби ходимга ёки зиённинг ўрни қопланишига доир ҳуқуққа эга бўлган манфаатдор шахсларга ушбу буйруқ қабул қилинган кундан эътиборан уч кунлик муддатда топширилади.
Ходим ёки зиённинг ўрни қопланишига доир ҳуқуққа эга бўлган манфаатдор шахслар иш берувчининг қароридан рози бўлмаган ёки ушбу модданинг биринчи ва иккинчи қисмларида белгиланган муддатда жавоб олмаган тақдирда, улар ушбу низони ҳал қилиш учун судга мурожаат қилиши мумкин.
3-§. Ходимнинг иш берувчига етказилган зарар учун моддий жавобгарлиги
337-модда. Ходимнинг иш берувчига етказилган зарарнинг ўрнини қоплаш мажбурияти
Ходим иш берувчига тўғридан-тўғри етказилган ҳақиқий зарарнинг ўрнини қоплаши шарт.
Олинмаган даромадлар (бой берилган фойда) ходимдан ундирилмайди.
Тўғридан-тўғри етказилган ҳақиқий зарар деганда иш берувчининг мавжуд мол-мулки (шу жумладан учинчи шахсларнинг иш берувчидаги мол-мулки, агар иш берувчи мазкур мол-мулкни бут сақланиши учун жавобгар бўлса) амалда камайганлиги ёки ёмон ҳолатга келганлиги, шунингдек иш берувчи учун мол-мулкни сотиб олиш, тиклаш ёхуд ходим томонидан учинчи шахсларга етказилган зарарнинг ўрнини қоплаш учун ортиқча харажатлар қилиш ва тўловларни амалга ошириш зарурати тушунилади.
338-модда. Ходимнинг моддий жавобгарлигини истисно этувчи ҳолатлар
Зарар уни бартараф этиб бўлмайдиган куч, оқланган хўжалик таваккалчилиги, охирги зарурат ёки зарурий мудофаа ёхуд иш берувчининг ходимга ишониб топширилган мол-мулкни сақлаш учун зарур шарт-шароитларни таъминлаш бўйича мажбуриятини бажармаганлиги оқибатида юзага келган ҳолларда ходимнинг моддий жавобгарлиги истисно этилади.
Оқланган хўжалик таваккалчилиги деганда қўйилган мақсадга бошқача тарзда эришиш мумкин бўлмаганда, ходимнинг ўз зиммасига юклатилган лавозим мажбуриятларини лозим даражада бажарган, муайян даражада ғамхўрлик кўрсатган ва эҳтиёткорлик қилган, зарарни бартараф этиш чораларини кўрган ҳолда ҳамда хўжалик таваккалчилигининг объекти одамларнинг ҳаёти ва соғлиғидан эмас, балки моддий бойликлардан иборат бўлган ҳолларда замонавий билим ва тажрибага мувофиқ қилган ҳаракатлари тушунилади.
339-модда. Иш берувчининг ходимдан зарарни ундиришдан воз кечиш ҳуқуқи
Иш берувчи моддий зарар етказилган аниқ шароитларни ҳисобга олган ҳолда зарарни айбдор ходимдан тўлиқ ёки қисман ундиришдан воз кечиш ҳуқуқига эга. Ташкилот мулкдори иш берувчининг мазкур ҳуқуқини қонунчиликда, шунингдек ташкилотнинг таъсис ҳужжатларида назарда тутилган ҳолларда чеклаши мумкин.
340-модда. Ходимнинг моддий жавобгарлиги доираси
Агар ушбу Кодексда бошқача қоида назарда тутилмаган бўлса, ходим ўзининг ўртача ойлик иш ҳақи доирасида моддий жавобгар бўлади.
341-модда.