ВУЗ: Не указан

Категория: Не указан

Дисциплина: Не указана

Добавлен: 30.11.2023

Просмотров: 810

Скачиваний: 2

ВНИМАНИЕ! Если данный файл нарушает Ваши авторские права, то обязательно сообщите нам.
Ходимнинг тўлиқ моддий жавобгарлиги

Ходимнинг тўлиқ моддий жавобгарлиги унинг иш берувчига бевосита етказилган ҳақиқий зарарнинг ўрнини тўлиқ миқдорда қоплаш мажбуриятидан иборатдир.

Етказилган зарар учун тўлиқ миқдордаги моддий жавобгарлик ушбу Кодексда ёки бошқа қонунларда назарда тутилган ҳоллардагина ходимнинг зиммасига юклатилиши мумкин.

Ўн саккиз ёшгача бўлган ходимлар фақат қасддан етказилган зарар учун, алкоголли ичимликдан, гиёҳвандлик ёки токсик модда таъсиридан мастлик ҳолатида етказилган зарар учун, шунингдек жиноят ёки маъмурий ҳуқуқбузарлик содир этиш натижасида етказилган зарар учун тўлиқ моддий жавобгар бўлади.

342-модда. Ходимнинг тўлиқ моддий жавобгарлиги ҳоллари

Етказилган зарар учун тўлиқ миқдордаги моддий жавобгарлик қуйидаги ҳолларда ходимнинг зиммасига юклатилади:

1) тўлиқ моддий жавобгарлик тўғрисидаги шартнома асосида ўзига ишониб топширилган қимматликларнинг камомадида;

2) ходим томонидан бир марталик ҳужжат (товар-моддий қимматликларни олиш ишончномаси, қабул қилиш-топшириш далолатномаси ва ҳоказолар) бўйича олинган бойликларнинг бут сақланиши таъминланмаганда;

3) қасддан зарар етказилганда;

4) алкоголли ичимликдан, гиёҳвандлик ёки токсик модда таъсиридан мастлик ҳолатида зарар етказилганда;

5) ходимнинг суд томонидан аниқланган жиноий ҳаракатлари натижасида зарар етказилганда;

6) маъмурий ҳуқуқбузарлик натижасида зарар етказилганда, агар бу тегишли давлат органи ёки суд томонидан аниқланган бўлса;

7) давлат сирларини ёки қонун билан қўриқланадиган бошқа сирни (тижорат, хизмат сирини ёки бошқа сирларни) ташкил этувчи маълумотлар ошкор қилинганда;

8) ходим меҳнат мажбуриятларини бажармаган тақдирда зарар етказилганда.

Тўлиқ моддий жавобгарлик ушбу Кодексда ёки бошқа қонунларда назарда тутилган ўзга ҳолларда ҳам ходимнинг зиммасига юклатилиши мумкин.

Ташкилот раҳбари, унинг ўринбосарлари, ташкилот бош бухгалтери, ташкилот алоҳида тузилмаси раҳбари ушбу Кодекснинг 488-моддасига мувофиқ тўлиқ моддий жавобгар бўлади.

343-модда. Тўлиқ моддий жавобгарлик тўғрисидаги шартномалар

Пул ёки товар қимматликлари билан бевосита муомала қилаётган ходим тўлиқ моддий жавобгарлик тўғрисидаги шартнома асосида ўзига ишониб топширилган қимматликларнинг бут сақланишини таъминламаганлик учун тўлиқ моддий жавобгар бўлади. Пул ёки товар қимматликлари билан муомала қилиш ўз хизмат вазифасига кирмайдиган ходим билан тузилган тўлиқ моддий жавобгарлик тўғрисидаги шартнома ҳақиқий эмас деб ҳисобланади.


Пул ва товар қимматликлари билан муомала қилишга оид хизматлар кўрсатиш билан боғлиқ бўлган ишга қабул қилинаётган ёки ишни бажараётган ўн саккиз ёшга тўлган шахс ишга қабул қилинаётганда ёки кейинчалик меҳнат шартномасига қўшимча тариқасида ушбу шахс билан тўлиқ моддий жавобгарлик тўғрисидаги шартнома тузилиши мумкин.

Агар ходим талабгор бўлган иш (лавозим) тўлиқ моддий жавобгарлик тўғрисида шартнома тузишни талаб қилса, ходим эса бундай шартномани тузишга рози бўлмаса, иш берувчи уни ишга қабул қилишни рад этишга ҳақли.

Пул ёки товар қимматликлари билан бевосита муомала қилаётган ходим билан иш берувчи якка тартибдаги тўлиқ моддий жавобгарлик тўғрисида шартнома тузишга ҳақли, ходимлар ўзига топширилган қимматликларни сақлаш, уларга ишлов бериш, уларни сотиш (чиқариш), ташиш, қўллаш ёки улардан бошқача тарзда фойдаланиш билан боғлиқ бўлган алоҳида иш турларини биргаликда бажараётган, ҳар бир ходимнинг зарар етказганлик учун жавобгарлигини чегаралаш ва у билан якка тартибдаги тўлиқ моддий жавобгарлик тўғрисида шартнома тузиш имкони бўлмаган тақдирда эса иш берувчи жамоанинг (бригаданинг) тўлиқ моддий жавобгарлиги тўғрисида шартнома тузишга ҳақли.

Якка тартибдаги тўлиқ моддий жавобгарлик тўғрисидаги шартномага биноан қимматликлар уларнинг бут сақланишини таъминлаш учун шахсан жавобгар бўладиган аниқ бир ходимга топширилади. Ўзи билан мазкур шартнома тузилган ходим жавобгарликдан озод бўлиш учун ўзининг айби йўқлигини исботлаб бериши керак.

Жамоанинг (бригаданинг) тўлиқ моддий жавобгарлиги тўғрисидаги шартнома иш берувчи ва жамоанинг (бригаданинг) барча аъзолари ўртасида тузилади.

Жамоанинг (бригаданинг) тўлиқ моддий жавобгарлиги тўғрисидаги шартномага мувофиқ қимматликлар уларнинг бут сақланишини таъминлаш учун тўлиқ моддий жавобгарлик ўз зиммасига юклатиладиган, олдиндан белгиланган шахслар гуруҳига, жамоага (бригадага) топширилади. Жавобгарликдан озод бўлиш учун жамоанинг (бригаданинг) айрим аъзоси ўзининг айби йўқлигини исботлаб бериши керак.

Якка тартибдаги тўлиқ моддий жавобгарлик ёки жамоанинг (бригаданинг) тўлиқ моддий жавобгарлиги тўғрисидаги шартномада меҳнат шартномаси тарафларининг ходимга, жамоага (бригадага) ишониб топширилган қимматликларнинг бут сақланишини таъминлашга доир вазифалари аниқлаштирилади ҳамда уларнинг қўшимча ҳуқуқлари, мажбуриятлари ва жавобгарлиги белгилаб қўйилади.

Тўлиқ моддий жавобгарлик тўғрисида ўзи билан шартнома тузиладиган ходимларнинг тоифалари рўйхати

жамоа шартномасида, агар жамоа шартномаси тузилмаган бўлса, касаба уюшмаси қўмитаси билан келишувга биноан иш берувчи томонидан белгиланади. Пул ёки товар қимматликлари билан бевосита муомала қилувчи ходимлар томонидан ишлар биргаликда бажариладиган, жамоанинг (бригаданинг) тўлиқ моддий жавобгарлиги жорий этилиши мумкин бўлган бўлинмалар рўйхати ҳам худди шундай тартибда белгиланади.

Ходим билан тўлиқ якка тартибдаги моддий жавобгарлик ёки жамоанинг (бригаданинг) тўлиқ моддий жавобгарлиги тўғрисида шартнома тузиш бўйича тавсиялар, ушбу шартномаларнинг намунавий шакли, шунингдек тўлиқ моддий жавобгарлик тўғрисида ўзи билан ёзма шартномалар тузилиши мумкин бўлган ходимлар эгаллайдиган лавозимлар ва ишларнинг намунавий рўйхати Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги томонидан тасдиқланади.

Ушбу Кодекснинг 346-моддасига мувофиқ зиённинг ўрни ихтиёрий равишда қопланганда жамоа (бригада) ҳар бир аъзосининг айбдорлик даражаси жамоанинг (бригаданинг) барча аъзолари ва иш берувчи ўртасидаги келишувга биноан белгиланади. Суд тартибида зиённи ундиришда жамоа (бригада) ҳар бир аъзосининг айбдорлик даражаси суд томонидан белгиланади.

Қимматбаҳо буюмлар билан муомала қилишга оид хизматлар кўрсатиш (уларни сақлаш, реализация қилиш, ташиш, қайта ишлаш) билан шуғулланувчи ташкилотларда иш берувчи ва касаба уюшмаси қўмитаси ўртасидаги келишувга биноан камомадларнинг ўрнини қоплашга йўл қўйиладиган таваккалчилик фонди тузилиши мумкин.

Ходим билан тўлиқ моддий жавобгарлик тўғрисида ёзма шартнома тузилмаган, шунингдек бундай шартнома пул ёки товар қимматликлари билан муомала қилиш ўз функционал мажбуриятларига кирмайдиган ходим, ўн саккиз ёшга тўлмаган шахс билан ёхуд ушбу модданинг тўққизинчи қисмида кўрсатилган ходимлар тоифаси рўйхатига кирмайдиган шахс билан тузилган ҳолларда иш берувчига етказилган зарар учун ходимнинг зиммасига чекланган моддий жавобгарлик юклатилиши мумкин. Бундай ҳолларда тўлиқ моддий жавобгарлик ходимнинг зиммасига фақат ушбу Кодекс 342-моддаси биринчи қисмининг 2 — 8-бандларида назарда тутилган асослар мавжуд бўлган, ўн саккиз ёшга тўлмаган ходимларнинг зиммасига эса фақат ушбу Кодекснинг 341-моддаси учинчи қисмида кўрсатилган ҳоллардагина юклатилиши мумкин.

344-модда.
Иш берувчининг етказилган зарар миқдорини ва унинг келиб чиқиш сабабини аниқлаш мажбурияти

Муайян ходимлар томонидан етказилган зарарнинг ўрнини қоплаш тўғрисида қарор қабул қилишдан олдин иш берувчи етказилган зарарнинг миқдорини ва унинг келиб чиқиш сабабларини аниқлаш учун ушбу Кодекснинг 302 — 311-моддаларида назарда тутилган тартибда хизмат текшируви ўтказиши шарт.

Зарарнинг келиб чиқиш сабабларини аниқлаш учун ходимдан ёзма тушунтириш талаб қилиш мажбурийдир. Ходимнинг тушунтириш беришдан бош тортиши унинг иш берувчига зарар етказганлик учун моддий жавобгарликка тортилишига монелик қилмайди ва ҳозир бўлган гувоҳлар кўрсатилган ҳолда далолатнома билан расмийлаштирилади.

345-модда. Етказилган зарарнинг миқдорини аниқлаш

Иш берувчига етказилган зарар миқдори бухгалтерия ҳисоби маълумотлари асосидаги ҳақиқий йўқотишлар бўйича белгиланади.

Иш берувчининг асосий фондларга (воситаларга) тааллуқли бўлган мол-мулкига етказилган зарар миқдори белгиланган нормаларга кўра эскириш чегириб ташланган, моддий қимматликларнинг баланс қийматидан (таннархидан) келиб чиққан ҳолда ҳисоблаб чиқарилади.

Иш берувчининг асосий фондларга (воситаларга) тааллуқли мол-мулки ўғирланган, камомад бўлган, қасддан йўқ қилинган ёки қасддан бузилган тақдирда зарарнинг миқдори зарар аниқланган кунда ушбу ҳудудда амалда бўлган бозор нархлари бўйича ҳисоблаб чиқарилади. Бошқа ҳолларда зарарнинг миқдори у етказилган куни мазкур ҳудудда амалда бўлган бозор нархлари бўйича ҳисоблаб чиқарилади.

Қонунчиликда иш берувчига ўғрилик, мол-мулкнинг айрим турлари ва бошқа моддий қимматликлар камомади ёки йўқотилганлиги туфайли етказилган зарар миқдорини аниқлашнинг алоҳида тартиби, шу жумладан иш берувчига етказилган зарарнинг ҳақиқий миқдори унинг номинал миқдоридан кўп бўлган ҳолларда зарарни бир неча карра баравар ҳисоблаб чиқаришнинг алоҳида тартиби белгиланиши мумкин.

346-модда. Ходим томонидан зарарнинг ўрнини ихтиёрий равишда қоплаш

Иш берувчига зарар етказганликда айбдор бўлган ходим зарарнинг ўрнини ихтиёрий равишда тўлиқ ёки қисман қоплашга ҳақли.

Зарарнинг ўрнини ихтиёрий равишда қоплаш ушбу Кодексда назарда тутилган доирада амалга оширилади.

Ходимнинг ва иш берувчининг келишувига биноан зарарнинг ўрнини бўлиб-бўлиб тўлаш асосида қоплашга йўл қўйилади. Бундай ҳолда ходим иш берувчига зарарнинг ўрнини қоплаш тўғрисидаги ёзма мажбуриятни тўловларнинг аниқ муддатларини кўрсатган ҳолда тақдим этади. Агар зарарнинг ўрнини ихтиёрий равишда қоплаш тўғрисида нотариал тасдиқланган мажбуриятни берган ходим меҳнат муносабатларини тугатган бўлса ва зарарнинг ўрнини қоплашдан бош тортса, қопланмаган қарз нотариуснинг ижро хатларига асосан ундирилади.


Ходим етказилган зарарнинг ўрнини қоплаш учун иш берувчига унинг розилиги билан баҳоси тенг бўлган мол-мулк бериши ёки шикастланган мол-мулкни тузатиб бериши мумкин.

347-модда. Ходимдан иш берувчига етказилган зарарни ундириш тартиби

Иш берувчига ўртача ойлик иш ҳақидан ортиқ бўлмаган миқдорда етказилган зарар суммасини айбдор ходимдан ундириш иш берувчининг зарар аниқланган кундан эътиборан бир ойдан кечиктирилмай қабул қилинган буйруғига мувофиқ амалга оширилади.

Агар етказилган зарарнинг ходимдан ундирилиши лозим бўлган суммаси унинг ўртача ойлик иш ҳақидан ошиб кетса ёки зарар аниқланган кундан эътиборан бир ойлик муддат ўтган бўлса, ундириш суд тартибида амалга оширилади.

348-модда. Ходимни ўқитиш билан боғлиқ харажатларнинг ўрнини қоплаш

Ходим меҳнат шартномасини шартномада ёки иш берувчининг ҳисобидан ўқитиш тўғрисидаги келишувда шартлашилган муддатдан олдин узрли сабабларсиз бекор қилинган тақдирда, ходим иш берувчи уни ўқитиш учун қилган, ўқиш вақти тугаганидан кейин ҳақиқатда ишлаб бермаган вақтига мутаносиб тарзда ҳисоблаб чиқарилган харажатларнинг ўрнини, агар меҳнат шартномасида ёки ўқитиш тўғрисидаги келишувда бошқача қоида назарда тутилмаган бўлса, қоплаши шарт.

349-модда. Ташкилотга унинг раҳбари томонидан етказилган зарарнинг ўрнини қоплаш

Ташкилотга унинг меҳнат шартномаси бўйича ишлайдиган раҳбари томонидан етказилган зарарнинг ўрни ушбу Кодексда белгиланган қоидаларга риоя этилган ҳолда ташкилот мулкдорининг ёки у ваколат берган органнинг қарори асосида қопланади.

Раҳбар зарарнинг ўрнини ихтиёрий тартибда қоплашни рад этган тақдирда, етказилган зарар суд тартибида ундирилади.