ВУЗ: Не указан

Категория: Не указан

Дисциплина: Не указана

Добавлен: 30.11.2023

Просмотров: 792

Скачиваний: 2

ВНИМАНИЕ! Если данный файл нарушает Ваши авторские права, то обязательно сообщите нам.


Ўриндошлик асосидаги иш жойидан берилган маълумотнома асосий иш жойида сақланади.

Ички ўриндошлик чоғида ходимнинг меҳнат дафтарчасига ёзув унинг ёзма аризаси асосида киритилади.

437-модда. Ўриндошлик асосида ишлаш чоғидаги иш вақтининг давомийлиги ва уни ҳисобга олиш

Ўриндошлик асосида ишлаш чоғида ўриндошлик асосида ишлашнинг давомийлиги ходимларнинг мазкур тоифаси учун белгиланган иш вақти нормасининг ярмидан ортиқ бўлиши мумкин эмас (бундан соғлиқни сақлаш тизими ташкилотларининг шифокор ходимлари мустасно).

Ходим асосий иш жойидаги меҳнат мажбуриятларини бажаришдан бўшаган кунларда ўриндошлик асосида тўлиқ иш кунида ишлаши мумкин.

Ўриндошлар учун иш вақти давомийлигининг ҳар кунлик ярим нормасига риоя этилиши мумкин бўлмаган тақдирда, иш вақтини жамлаб ҳисобга олишни юритишга йўл қўйилади. Иш вақтини жамлаб ҳисобга олишни юритиш чоғида ўриндошлик асосидаги иш вақтининг (сменанинг) умумий давомийлиги ҳисобга олинаётган давр учун ўриндошлик лавозими бўйича иш вақти нормасининг ярмидан кўп бўлмаслиги керак. Бунда ҳисобга олинадиган даврнинг чекланган давомийлиги Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги томонидан Ижтимоий-меҳнат масалалари бўйича уч томонлама республика комиссияси билан келишилган ҳолда белгиланади.

Ички ўриндошлик чоғида иш вақтини ҳисобга олиш асосий иш ва ўриндошлик асосидаги иш бўйича алоҳида-алоҳида юритилади.

438-модда. Ўриндошлик асосида ишловчи шахсларнинг меҳнатига ҳақ тўлаш

Ўриндошлик асосида ишловчи шахсларнинг меҳнатига ҳақ тўлаш ишлаб берилган вақтга мутаносиб равишда, ишлаб чиқариш натижасига ёхуд меҳнат шартномасида белгиланган бошқа шартларга қараб амалга оширилади.

Меҳнатга ҳақ тўлашнинг вақтбай шаклида ўриндошлик асосида ишловчи шахсларга нормаланган топшириқлар белгиланса, меҳнатга ҳақ тўлаш ҳақиқатда бажарилган иш ҳажми учун якуний натижалар бўйича амалга оширилади.

Иш ҳақига туман коэффициентлари белгиланган туманларда ўриндошлик асосида ишловчи шахсларга меҳнатга ҳақ тўлаш ушбу коэффициентларни ҳисобга олинган ҳолда амалга оширилади.

Ўриндошлик асосида ишлаш учун меҳнатга ҳақ тўлашнинг энг кам миқдори ишлаб берилган вақтга мутаносиб равишда, ишлаб чиқариш натижасига ёки меҳнат шартномасида назарда тутилган бошқа шартларга қараб қонун ҳужжатларида белгиланган меҳнатга ҳақ тўлашнинг энг кам миқдори асосида ҳисоб-китоб қилинган миқдордан кам бўлмаслиги керак.


Ходимнинг ўртача иш ҳақини ҳисоблаб чиқаришда, ушбу ҳисоблаб чиқаришнинг мақсадларидан қатъи назар, асосий иш жойи бўйича иш учун ва ўриндошлик асосида иш учун иш ҳақи алоҳида-алоҳида ҳисоб-китоб қилинади.

Агар жамоа шартномасида ёхуд иш берувчи томонидан касаба уюшма қўмитаси билан келишилган ҳолда қабул қилинган ўзга ички ҳужжатда бошқача тартиб назарда тутилмаган бўлса, ўриндошлик асосида ишловчилар меҳнатига ҳақ тўлаш шакллари ва тизимлари, мукофотлар, қўшимча ҳақ, устамалар, рағбатлантирувчи тўловлар тўлаш мазкур иш ўзи учун асосий иш бўлган ходимларга белгиланган тартибда амалга оширилади.

439-модда. Ўриндошлик асосида ишловчи шахсларга йиллик меҳнат таътиллари

Ўриндошлик асосида ишловчи шахсларга йиллик асосий таътиллар, шунингдек ўриндошлар ҳақли бўлган қўшимча меҳнат таътиллари асосий иш жойидаги йиллик меҳнат таътили билан бир вақтда берилади.

Агар ўриндошлик асосида ишнинг биринчи иш йилида ходим олти ойдан кам ишлаган бўлса, ўриндошлик асосида ишда йиллик меҳнат таътили учун ишланган вақтга мутаносиб равишда ҳақ тўланади.

Биринчи иш йилида олти ой ишлаган ўриндошларнинг йиллик меҳнат таътилига, шунингдек ишнинг кейинги йиллари учун йиллик меҳнат таътилига ўриндошлик асосида ишнинг ўртача иш ҳақидан келиб чиққан ҳолда одатдаги тартибда ҳақ тўланади.

Асосий иш жойи бўйича йиллик меҳнат таътилининг давомийлиги ўриндошлик асосидаги ишдаги меҳнат таътилининг давомийлигидан кўп бўлган ҳолларда, иш берувчи ўриндошнинг илтимосига кўра унга ўриндошлик асосидаги ишдаги йиллик меҳнат таътилидан ташқари асосий ишидаги йиллик меҳнат таътили ва ўриндошлик асосидаги ишнинг йиллик меҳнат таътили давомийлиги ўртасидаги фарқни ташкил этувчи кунларга иш ҳақи сақланмайдиган таътил ҳам бериши шарт.

440-модда. Ўриндошлик асосида ишда кафолатли тўловларни ва компенсация тўловларини амалга оширишнинг ўзига хос хусусиятлари

Ишни таълим олиш билан бирга олиб борувчи шахсларга кафолатли тўловлар ва компенсация тўловлари фақат асосий иш жойида берилади.

Меҳнат шартномасини алоҳида асосларга кўра бекор қилиш чоғида ходимларнинг ишга жойлашиш даври учун ўртача иш ҳақи фақат асосий иш жойидаги меҳнат шартномаси бекор қилинганда сақланади. Ўриндошлик асосида ишловчи шахсларга меҳнат тўғрисидаги қонунчиликда ҳамда меҳнат ҳақидаги бошқа ҳуқуқий ҳужжатларда назарда тутилган ўзга кафолатли тўловлар ва компенсация тўловлари тўлиқ ҳажмда берилади.



441-модда. Ўриндошлик асосида ишловчи шахслар билан меҳнат шартномасини бекор қилишнинг қўшимча асослари

Ўриндошлик асосида ишловчи шахс билан тузилган меҳнат шартномаси ушбу Кодексда ва бошқа қонунларда назарда тутилган асослардан ташқари қуйидаги ҳолларда бекор қилиниши мумкин:

1) мазкур ишга ўзи учун асосий иш жойи бўлган ходим қабул қилинган тақдирда, иш берувчи бу ҳақда ўриндошни меҳнат шартномаси бекор қилингунига қадар камида икки ҳафта олдин ёзма шаклда огоҳлантиради ёхуд мутаносиб миқдорда пулли компенсация тўлайди;

2) қонунчиликда ёки ушбу Кодекс 433-моддасининг иккинчи қисмига мувофиқ ўриндошлик асосида ишлашга чекловлар жорий этилганлиги муносабати билан.

442-модда. Ўриндошлик асосида ишлаш тўғрисидаги меҳнат шартномасини бекор қилиш чоғида ишдан бўшатиш нафақасини тўлаш

Ўриндошлик (ички ёки ташқи) асосида ишлаш тўғрисидаги меҳнат шартномаси ушбу Кодекс 173-моддасининг иккинчи қисмида ҳамда 441-моддасида назарда тутилган қўшимча асослар бўйича бекор қилинганида ходимга ишдан бўшатиш нафақаси икки ҳафталик ўртача иш ҳақи миқдорида тўланади.

2-§. Касаначиларнинг меҳнатини ҳуқуқий жиҳатдан тартибга солишнинг ўзига хос хусусиятлари

443-модда. Касаначилик тушунчаси

Касаначилик тузиладиган меҳнат шартномасига мувофиқ жисмоний шахс (касаначи) томонидан ўз яшаш жойи бўйича ёки касаначига ёхуд унинг оила аъзоларига тегишли бўлган ёки касаначи томонидан ижарага олинган бошқа хоналарда иш берувчининг буюртмалари бўйича товарлар ишлаб чиқариш ёки хизматлар кўрсатиш борасида амалга ошириладиган ишдир.

Касаначиларга нисбатан меҳнат тўғрисидаги қонунчиликнинг ва меҳнат ҳақидаги бошқа ҳуқуқий ҳужжатларнинг амал қилиши ушбу Кодексда ҳамда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан Ижтимоий-меҳнат масалалари бўйича республика уч томонлама комиссияси билан келишилган ҳолда тасдиқланадиган Касаначилик тўғрисидаги низомда белгиланган ўзига хос хусусиятлар инобатга олинган ҳолда татбиқ этилади.

444-модда.
Касаначиларни ишга қабул қилиш учун энг кичик ёш

Ўн олти ёшга тўлган жисмоний шахс касаначи бўлиши мумкин.

Агар касаначиликнинг хусусияти касаначи билан якка тартибдаги тўлиқ моддий жавобгарлик тўғрисида шартнома тузиш заруратини тақозо этса, ўн саккиз ёшга тўлган шахсларнинг касаначиликни амалга оширишига йўл қўйилади.

445-модда. Касаначиликни қўллаш шартлари

Касаначиликни қўллашга, башарти агар касаначи меҳнат шартномасига мувофиқ касаначиликни бажариш учун зарур биноларга, шу жумладан турар жойларга, шунингдек ишни бажариш учун амалий кўникмаларга эга бўлса ёхуд ишни бажаришга ўқитилган бўлса, йўл қўйилади.

Касаначилик амалга ошириладиган турар жойларни яшаш учун мўлжалланмаган жойлар тоифасига ўтказиш талаб этилмайди.

Касаначилик технология жараёни ва бошқа шарт-шароитлар уй шароитларида бутловчи буюмларнинг, ярим тайёр маҳсулотларнинг, маҳсулотларнинг ҳамда ишларнинг айрим турларини ишлаб чиқариш имконини берадиган саноат тармоқларида ва хизмат кўрсатиш соҳаларида ташкилотлар ҳамда уларнинг буюртмалари бўйича уйда товарлар ишлаб чиқараётган ёки хизмат кўрсатаётган ходимлар ўртасидаги кооперация асосида ташкил этилади.

Касаначининг қуйидагиларни талаб қиладиган ишларни (хизматларни) бажаришига йўл қўйилмайди:

қонунчиликда белгиланган фаолиятнинг айрим турларини амалга ошириш ҳуқуқи учун лицензия (рухсатнома) олишни;

уйда куч сарфлаб ишлатиладиган, кўп энергия сарфланадиган ва техник жиҳатдан мураккаб асбоб-ускуналардан, шунингдек хавфли кимёвий компонентлардан фойдаланишни;

уй шароитларида назорат қилиб бўлмайдиган махсус техника хавфсизлигига риоя этишни.

Касаначилик шароитларида фойдаланиш мумкин бўлмаган асбоб-ускуналар, хом ашё, материаллар ва маҳсулотлар рўйхати Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланади.

Ёнғин хавфсизлиги қоидаларига, санитария қоидалари, нормалари ва гигиена нормативларига, меҳнатни муҳофаза қилиш қоидаларига, шунингдек касаначиларнинг уй-жой-маиший шароитларининг ўзига хос хусусиятларига мувофиқ касаначилик ишларининг (хизматларининг) айрим турларига ёнғин ва санитария назорати давлат органларининг, Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги Давлат меҳнат инспекциясининг рухсати билан йўл қўйилиши мумкин.


Касаначилар учун ишларнинг (хизматларнинг) муайян турлари уларнинг амалий кўникмалари ва соғлиғининг ҳолати ҳисобга олинган ҳолда (ишнинг хусусияти, фойдаланиладиган ускуналар ва асбоблар, хом ашёнинг ва материалларнинг хоссалари, ногиронлиги бўлган шахсларга нисбатан эса тиббий-ижтимоий эксперт комиссиясининг тавсиялари эътиборга олинади) иш берувчи томонидан белгиланади.