ВУЗ: Не указан
Категория: Не указан
Дисциплина: Не указана
Добавлен: 30.11.2023
Просмотров: 787
Скачиваний: 2
ВНИМАНИЕ! Если данный файл нарушает Ваши авторские права, то обязательно сообщите нам.
446-модда. Касаначи билан тузиладиган меҳнат шартномаси
Касаначиликни амалга ошириш учун қабул қилинадиган жисмоний шахс билан иш берувчи ўртасида ёзма шаклда меҳнат шартномаси тузилади.
Касаначи билан тузиладиган меҳнат шартномасига ушбу Кодекс 104-моддасининг биринчи қисмида назарда тутилган шартлар билан бир қаторда қуйидаги шартлар ҳам киритилади:
касаначи томонидан меҳнат вазифаларини амалга ошириш учун асбоб-ускуналар, жиҳозлар, бутловчи буюмлар, хом ашё, материаллар, ярим тайёр маҳсулотларни бериш тартиби;
хом ашё, материаллар ва тайёр маҳсулотларни қабул қилиш ҳамда топшириш тартиби;
моддий жавобгарлик шартлари;
иш берувчи ва касаначининг меҳнатни муҳофаза қилиш қоидаларига ҳамда меҳнат шартларига риоя этишга доир мажбуриятлари;
касаначига таътиллар бериш, уни ижтимоий суғурта қилиш, унинг пенсия таъминоти шартлари;
иш берувчининг буюртмасини бажариш учун касаначи ўз ускунаси, асбоби ва жиҳозидан фойдаланган тақдирда унинг харажатлари ўрнини қоплаш тартиби ва шартлари;
иш берувчининг буюртмасини бажариш муносабати билан касаначи фойдаланган энергия, сув, алоқа учун харажатларнинг ўрнини қоплаш (компенсация қилиш) тартиби;
касаначи меҳнат шартномасида шартлашилган меҳнат вазифаларини амалга ошириши учун унга берилган ускуна, асбоб ва жиҳозни таъмирлаш юзасидан иш берувчининг мажбуриятлари;
касаначининг айбига кўра материаллар, ускуналар, асбобларнинг бузилиши, шунингдек маҳсулотнинг тўлиқ ёки қисман яроқсизлиги билан боғлиқ моддий зарарнинг ўрнини иш берувчига қоплаш шартлари;
касаначига фойдаланиш учун берилган ускуналар, асбобларни, жиҳозларни, бутловчи буюмларни, хом ашёни ва материалларни инвентаризациядан ўтказиш тартиби ҳамда иш берувчининг вакилларини касаначилик амалга оширилаётган хоналарга киритиш шартлари;
касаначига боғлиқ бўлмаган ҳолатлар (электр энергиясининг, сув, газнинг мавжуд эмаслиги ва бошқалар) муносабати билан иш берувчининг буюртмасини белгиланган муддатларда бажариш мумкин бўлмаган тақдирда, касаначининг бу ҳақда иш берувчини хабардор қилишга доир мажбуриятлари.
Касаначи билан тузиладиган меҳнат шартномасида бошқа шартлар ҳам назарда тутилиши мумкин.
Касаначи билан ёзма шаклда тузиладиган меҳнат шартномасининг намунавий шакли Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан Ижтимоий-меҳнат масалалари бўйича республика уч томонлама комиссияси билан келишган ҳолда тасдиқланади.
447-модда. Меҳнат шартномасида шарт қилиб кўрсатилган ишни бажаришда касаначи оила аъзоларининг иштирок этиши (ёрдамлашиши)
Касаначи томонидан ишларни бажариш иш берувчининг розилиги олинмаган ҳолда касаначининг оила аъзолари иштирокида (ёрдамида) амалга оширилиши мумкин. Бунда касаначининг оила аъзолари ва иш берувчи ўртасида якка тартибдаги меҳнат муносабатлари юзага келмайди. Касаначи ўзига ёрдам берадиган оила аъзолари томонидан бажариладиган ишларнинг (хизматларнинг) сифати учун иш берувчи олдида жавобгардир.
448-модда. Касаначининг иш вақти
Иш берувчи касаначи учун ишлаб чиқариш топшириғини белгилашда бутун ишлар мажмуини бажариш учун иш вақтининг умумий давомийлиги нормал ёки қисқартирилган иш вақти давомийлигидан ошиб кетмаслиги учун ишларнинг айрим турларини бажаришга доир вақт нормативларини ҳисобга олиши керак.
Касаначи ишлаб чиқариш топшириғи ҳажмидан ҳамда меҳнат шартномасида белгиланган бошқа шартлардан келиб чиққан ҳолда ўзи учун иш вақти давомийлигини, иш жадвалини ва тартибини мустақил равишда белгилайди.
Касаначи иш вақтини ўз хоҳишига кўра тақсимлашини инобатга олиб, у бажарган барча иш учун бир ҳисса миқдорда ҳақ тўланади ва унга нисбатан иш вақтидан ташқари, дам олиш кунларида ва ишланмайдиган байрам кунларида, шунингдек тунги вақтда ишлаганлиги учун меҳнатга ҳақ тўлаш шартлари татбиқ этилмайди.
449-модда. Касаначининг йиллик меҳнат таътили
Касаначининг йиллик меҳнат таътили давомийлиги, агар касаначи қонунчиликка, меҳнат ҳақидаги бошқа ҳуқуқий ҳужжатларга ёки меҳнат шартномасига мувофиқ давомийлиги кўпроқ бўлган йиллик меҳнат таътилига чиқиш ҳуқуқига эга бўлмаса, йигирма бир календарь кундан кам бўлиши мумкин эмас.
Касаначиларга йиллик меҳнат таътилини бериш вақти ва навбати касаначи билан келишилган ҳолда иш берувчи томонидан тасдиқланган жадвалда белгиланади.
450-модда.
Касаначининг меҳнатига ҳақ тўлаш
Касаначиларнинг ишига, қоида тариқасида, ишбай ҳақ тўланади. Ҳақ тўлаш амалда бажарилган ишлар (хизматлар) учун ёки сифати бўйича белгиланган талабларга жавоб берувчи ишлаб чиқарилган маҳсулот учун амалга оширилади.
Ишлаб чиқариш нормалари ва ишбай нархлар тарафларнинг келишувига кўра тегишли ишлар учун меҳнат тўғрисидаги қонунчиликка мувофиқ белгиланган нормал иш вақти ҳисобидан келиб чиққан ҳолда белгиланади.
Ишбай ҳақ тўланадиган муайян иш учун касаначининг иш ҳақи миқдори иш берувчининг ўз ишлаб чиқаришида банд бўлган ходимлар меҳнатига ҳақ тўлаш шартларига таққосланадиган бўлиши керак.
Касаначининг иш ҳақи, башарти касаначи меҳнат нормаларини ва меҳнат мажбуриятларини бажарса, қонунчиликда белгиланган меҳнатга ҳақ тўлашнинг энг кам миқдоридан кам бўлмаслиги керак ва бирон-бир энг юқори миқдор билан чекланмайди.
Касаначининг меҳнатига ҳар бир тугалланган иш топшириғи, ишлар ҳажми топширилаётганда ёки меҳнат тўғрисидаги қонунчиликда белгиланган мунтазам вақт оралиғида ҳақ тўланиши керак.
Меҳнат шартномасида касаначининг меҳнатига бўнак тарзида ҳақ тўлаш назарда тутилиши мумкин.
Агар касаначи ўз меҳнатини бажарадиган жойда иш ҳақига ҳудуд коэффициенти белгиланган бўлса, касаначи меҳнатига ҳақ тўлаш ушбу коэффициент ҳисобга олинган ҳолда амалга оширилиши керак.
451-модда. Касаначи билан тузилган меҳнат шартномасини бекор қилиш
Касаначи билан тузилган меҳнат шартномаси ушбу Кодексда назарда тутилган асосларда ва тартибда, шунингдек меҳнат шартномасида назарда тутилган асосларга кўра бекор қилиниши мумкин.
3-§. Масофадан туриб ишловчи ходимларнинг меҳнатини ҳуқуқий жиҳатдан тартибга солишнинг ўзига хос хусусиятлари
452-модда. Масофадан туриб ишлаш
Масофадан туриб ишлаш меҳнат шартномасида белгиланган меҳнат вазифасини иш берувчи жойлашган ердан, ташкилотнинг алоҳида тузилмасидан (шу жумладан бошқа ерда жойлашганларидан) иш берувчининг бевосита ёки билвосита назоратида бўлган стационар иш жойидан, ҳудуддан ёки объектдан ташқарида бажаришдан иборат бўлиб, бунда мазкур меҳнат вазифасини бажариш ҳамда уни бажариш билан боғлиқ масалалар бўйича иш берувчи билан ходим ўртасида ҳамкорликни амалга ошириш учун ахборот-телекоммуникация тармоқларидан, шу жумладан Интернет жаҳон ахборот тармоғидан фойдаланиш шарт бўлади.
Масофадан туриб ишловчи ходимларга нисбатан меҳнат тўғрисидаги қонунчилик ва меҳнат ҳақидаги бошқа ҳуқуқий ҳужжатларнинг амал қилиши ушбу параграфда белгиланган ўзига хос хусусиятлар ҳисобга олинган ҳолда татбиқ этилади.
Масофадан туриб ишлаш режими қуйидаги ҳолларда белгиланиши мумкин:
ходимни ишга қабул қилишда;
ходим одатдаги иш режимидан масофадан туриб ишлаш режимига ўтказилган тақдирда иш жараёнида.
Муайян иш берувчида ишлаётган шахснинг аввалги меҳнат вазифасини давом эттирган ҳолда одатдаги иш режимидан масофадан туриб ишлаш режимига ўтказилиши меҳнат шартларининг ўзгаришидир.
Ходимнинг одатдаги иш режимидан масофадан туриб ишлаш режимига ўтказилиши, агар бунда ходимнинг меҳнат вазифаси ўзгарса, бошқа ишга ўтказиш ҳисобланади.
453-модда. Доимий ва вақтинча масофадан туриб ишлаш
Иш берувчи билан:
меҳнат шартномасида шарт қилиб кўрсатилган ишни бажаришнинг бутун вақти давомида масофадан туриб ишлаш тўғрисида номуайян муддатга ёки муддатли меҳнат шартномаси;
иш берувчининг назорати остида бўлган стационар иш жойидан ташқарида доимий асосда ишлаш ҳақидаги шартни ўз ичига олган меҳнат шартномасига доир қўшимча келишув тузган шахсларнинг иши доимий асосда масофадан туриб ишлашдир.
Вақтинча масофадан туриб ишлаш ходим томонидан меҳнат вазифасини унинг розилиги билан иш берувчининг назорати остида бўлган стационар иш жойидан ташқарида вақтинча бажарилишини назарда тутувчи иш режимидир. Вақтинча масофадан туриб ишлашда меҳнат шартномаси тарафларининг розилиги билан масофадан туриб ишлаш режимининг муддати шарт қилиб кўрсатилган бўлиши керак.
Масофадан туриб ишлаш режимининг муддати қуйидагилар воситасида аниқланиши мумкин:
кун, ой ва бошқа муддатларда масофадан туриб ишлашнинг умумий муддати давомийлигини кўрсатиш;
масофадан туриб ишлаш бошланадиган ва тугалланадиган календарь санани белгилаш;
юз бериши билан масофадан туриб ишлаш режими муддати тугашига олиб келадиган ҳодисани аниқлаш (эпидемия муносабати билан жорий этилган карантин чораларининг бекор қилиниши, табиий ёки техноген хусусиятга эга ҳалокатлар, ишлаб чиқариш аварияси оқибатларининг бартараф этилиши ва бошқалар).
Вақтинча масофадан туриб ишлашга ўтишнинг энг кўп муддати бир йилдан ошмаслиги керак.
Вақтинча масофадан туриб ишлаш муддати тугагач, иш берувчи ходим учун у масофадан туриб ишлаш режимига ўтгунига қадар ишлаган аввалги иш режимини белгилаши шарт. Агар масофадан туриб ишлашга ўтиш вақтинча бўлган бўлса, иш берувчи ходимнинг ўтказилиш муддати тугаши билан унга аввалги меҳнат вазифаси бўйича ишини ҳам бериши шарт.
454-модда. Иш берувчининг ташаббусига кўра вақтинча масофадан туриб ишлашга ўтиш
Табиий ёки техноген хусусиятга эга ҳалокатлар, ишлаб чиқаришдаги авариялар, ишлаб чиқаришдаги бахтсиз ҳодисалар, шунингдек ёнғинлар, тошқинлар, зилзилалар, эпидемиялар ёки эпизоотиялар рўй берган тақдирда ҳамда аҳолининг ёхуд унинг бир қисмининг ҳаётига ёки нормал яшаш шароитларига таҳдид соладиган бошқа алоҳида ҳолларда иш берувчининг ташаббуси билан ходимнинг розилигисиз унинг вақтинча масофадан туриб ишлашга ўтишига ёки ўтказилишига йўл қўйилади.
Агар стационар иш жойида ходим томонидан бажариладиган ишнинг ўзига хос хусусияти ушбу модданинг биринчи қисмида кўрсатилган алоҳида ҳолларда уни иш берувчининг ташаббусига кўра масофадан туриб ишлашга вақтинча ўтишини ёки ўтказилишини амалга ошириш имконини бермаса ёхуд иш берувчи ходимни масофадан туриб ишлаш учун зарур бўлган асбоб-ускуналар, дастурий-техник воситалар, ахборотни муҳофаза қилиш воситалари ва бошқа воситалар билан таъминлай олмаса, иш берувчи:
ходимга таътиллар жадвалига мувофиқ йиллик меҳнат таътилини беришга;
таътиллар жадвалида назарда тутилган таътиллар бериш навбатидан қатъи назар, ходимга унинг розилиги билан тегишли иш йили учун йиллик меҳнат таътилини беришга;
ходимнинг розилиги билан унга иш ҳақини қисман сақлаб қолган ҳолда таътил беришга;
ушбу Кодекс 241-моддасининг иккинчи қисмида назарда тутилган чекловларни ҳисобга олмай туриб, ходимга унинг розилиги билан иш ҳақи сақланмаган ҳолда таътил беришга;
ходим учун тўлиқсиз иш вақтини белгилашга ҳақли.
Ушбу модданинг биринчи қисмида назарда тутилган ҳолатлар мавжуд бўлганда иш берувчи камида икки ҳафта олдин ёзма равишда огоҳлантирган ҳолда ходим учун тўлиқсиз иш вақтини жорий этишга ҳақли.
Агар стационар иш жойида ходим бажараётган ишнинг ўзига хос хусусияти уни вақтинча масофадан туриб ишлашга ўтишини ёки ўтказилишини амалга ошириш имконини бермаса ва ушбу модданинг иккинчи қисмида назарда тутилган чораларни кўриш имкони бўлмаса, мазкур ходим ўз меҳнат вазифаларини бажармаётган вақт иш берувчига ва ходимга боғлиқ бўлмаган сабабларга кўра бекор туриб қолиш ҳисобланади ҳамда бу вақт учун ушбу Кодекс 266-моддасининг иккинчи қисмига мувофиқ, агар каттароқ тўлов миқдори жамоа келишувларида, шунингдек жамоа шартномасида ёхуд ички ҳужжатларда назарда тутилмаган бўлса, ҳақ тўланади.