ВУЗ: Не указан

Категория: Не указан

Дисциплина: Не указана

Добавлен: 30.11.2023

Просмотров: 785

Скачиваний: 2

ВНИМАНИЕ! Если данный файл нарушает Ваши авторские права, то обязательно сообщите нам.


471-модда. Вахта усулида ишловчи шахсларга йиллик меҳнат таътили беришнинг ўзига хос хусусиятлари

Вахта усулида ишловчи шахсларга йиллик меҳнат таътили улар вахталар оралиғидаги дам олиш кунларидан фойдаланганидан кейин берилиши керак.

Ушбу модданинг биринчи қисмидаги талаб вахта усулида ишловчи шахсларнинг таътиллар жадвалини тузиш чоғида ҳисобга олиниши керак.

Агар вахта усулида ишловчи шахснинг йиллик меҳнат таътилининг тугаши вахталар оралиғидаги дам олиш кунларига тўғри келса, унда иш берувчи ходимнинг розилиги билан:

вахта бошлангунига қадар ходимни вақтинча бошқа ишга ўтказиши;

вахта бошлангунига қадар ходимга иш ҳақи сақланмаган ҳолда таътил бериши;

ходимни вахтанинг бошқа сменасига ўтказиши мумкин.

472-модда. Вахта усулида ишловчи шахсларнинг меҳнатига ҳақ тўлаш, кафолатлар ва компенсациялар

Вахта усулида ишловчи шахсларнинг меҳнатига ҳақ тўлаш қуйидагиларни ўз ичига олади:

вахта вақтида бажарилган иш учун ҳақ тўлашни;

вахтада ортиқча ишланган вақт учун вахталар оралиғидаги қўшимча дам олиш кунларига ҳақ тўлашни;

вахта усулида ишлаганлик учун устама ҳақни ва меҳнат тўғрисидаги қонунчиликда ёки меҳнат ҳақидаги бошқа ҳужжатларда назарда тутилган ўзга тўловларни.

Агар жамоа шартномасида, ички ҳужжатда ёки меҳнат шартномасида юқорироқ ҳақ тўлаш белгиланмаган бўлса, вахтадаги иш жадвали доирасидаги иш вақтида ортиқча ишлаганлик муносабати билан ҳар бир дам олиш куни (вахталар оралиғидаги дам олиш куни) учун кунлик тариф ставкаси, кунлик ставка (бир кунлик иш учун маошининг бир қисми) миқдорида ҳақ тўланади.

Вахта усулида ишловчи шахслар учун вахта даврида ишларни бажариш жойларида бўлган ҳар бир календарь кун учун, шунингдек иш берувчининг жойлашган еридан (йиғилиш пунктидан) иш жойигача бориш ва орқага қайтиш чоғида йўлда бўлинган ҳақиқий кунлар учун суткалик ўрнига вахта усулида ишлаганлик учун устама тўланади.

Бюджетдан молиялаштириладиган ташкилотларда вахта усулида ишлаганлик учун устама миқдори ва тўлаш тартиби Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланади.

Бошқа иш берувчиларда вахта усулида ишлаганлик учун устама миқдори ва тўлаш тартиби жамоа шартномасида, иш берувчи томонидан касаба уюшмаси қўмитаси билан келишилган ҳолда қабул қилинадиган ички ҳужжатда ёки меҳнат шартномасида белгиланади.


Ҳудудида иш ҳақига ҳудудий коэффициентлар қўлланиладиган туманларга вахта усулида ишларни бажариш учун чиқадиган ходимларга бу коэффициентлар меҳнат тўғрисидаги қонунчиликка ва меҳнат ҳақидаги ҳуқуқий ҳужжатларга мувофиқ ҳисобланади.

Вахтада ишлаш жадвалида назарда тутилган, иш берувчининг жойлашган еридан (йиғилиш пунктидан) иш бажариладиган жойгача бориш ва у ердан қайтиш чоғида йўлда бўлиш вақти учун, шунингдек метеорологик шароитлар ёки транспорт ташкилотларининг айби туфайли йўлда қолиб кетиш вақти учун ходимга ўтган ой учун ҳисобланган иш ҳақи асосида аниқланадиган ўртача кунлик ставка миқдоридан келиб чиққан ҳолда компенсация тўланади.


27-боб. Ходимнинг меҳнат шароитлари билан боғлиқ бўлган меҳнатни ҳуқуқий жиҳатдан тартибга солишнинг ўзига хос хусусиятлари

473-модда. Ноқулай меҳнат шароитлари ва ноқулай табиий-иқлим шароитлари тушунчалари

Зарарли (ўта зарарли) ва (ёки) хавфли (ўта хавфли) ишлаб чиқариш омилининг мавжудлиги билан тавсифланадиган меҳнат шароитлари ноқулай меҳнат шароитларидир. Ходимнинг меҳнат фаолияти амалга ошириладиган ишлаб чиқариш муҳити ва меҳнат жараёни омиллари ишлаб чиқариш омилларидир.

Ходимга таъсири касб касаллигига олиб келиши мумкин бўлган ишлаб чиқариш омилининг мавжудлиги билан тавсифланадиган меҳнат шароитлари зарарли меҳнат шароитларидир.

Ходимга таъсири унинг жароҳатланишига олиб келиши мумкин бўлган ишлаб чиқариш омилининг мавжудлиги билан тавсифланадиган меҳнат шароитлари хавфли меҳнат шароитларидир. Миқдорий тавсифига ва таъсир кўрсатишнинг давомийлигига қараб айрим зарарли ишлаб чиқариш омиллари хавфли бўлиши мумкин.

Касб касалликларининг оғир шаклларини (умумий меҳнат қобилиятининг йўқотилиши) ёхуд сурункали касалликлар сонининг анча ўсишини ва меҳнат қобилиятининг вақтинча йўқотилиши кузатиладиган касалланишнинг юқори даражаларини келтириб чиқарадиган зарарли ишлаб чиқариш омиллари даражалари билан тавсифланадиган меҳнат шароитлари ўта зарарли меҳнат шароитларидир.

Смена давомида ўлимга сабаб бўлиши мумкин бўлган ишлаб чиқариш омиллари билан тавсифланадиган меҳнат шароитлари ўта хавфли меҳнат шароитларидир.

Ноқулай табиий-иқлим шароитлари деганда ходим томонидан меҳнат фаолиятини амалга оширишга ва унинг чўл жойларда, баланд тоғли, бориш қийин бўлган жойларда, шунингдек ноқулай экологик вазиятга эга бўлган жойларда истиқомат қилишига ноқулай таъсир кўрсатадиган табиий-иқлим, географик, ижтимоий-иқтисодий ва тиббий-биологик омиллар йиғиндиси тушунилади. Меҳнат қилиш учун ноқулай табиий-иқлим шароитларига эга бўлган жойлар рўйхати Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан Ижтимоий-меҳнат масалалари бўйича республика уч томонлама комиссияси билан келишилган ҳолда белгиланади.

474-модда. Иш ўринларини меҳнат шароитлари ва асбоб-ускунанинг жароҳат етказиш хавфи юзасидан аттестациядан ўтказиш


Меҳнат шароитлари ва асбоб-ускунанинг жароҳат етказиш хавфи юзасидан аттестациядан ўтказиш асосида аниқланадиган, меҳнат шароитлари ходимнинг меҳнат қобилиятига ва соғлиғига номақбул таъсир кўрсатадиган иш ўринларида банд бўлган ходимлар меҳнат фаолиятини ноқулай меҳнат шароитларида амалга оширувчи ходимлардир.

Меҳнат шароитларини, иш ўринларидаги меҳнат жараёнининг оғирлиги ва тиғизлигини ҳамда асбоб-ускунанинг жароҳат етказиш хавфини баҳолаш, зарарли ва хавфли ишлаб чиқариш омилларини аниқлаш, шунингдек меҳнат шароитларини, меҳнат жараёнининг оғирлиги ва тиғизлигини қонунчиликда белгиланган талабларга мувофиқлаштириш мақсадида ўтказиладиган тадбирлар мажмуи иш ўринларини меҳнат шароитлари ва асбоб-ускунанинг жароҳат етказиш хавфи юзасидан аттестациядан ўтказишдир.

Иш ўринларини меҳнат шароитлари ва асбоб-ускунанинг жароҳат етказиш хавфи юзасидан аттестациядан ўтказиш Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан тасдиқланадиган низомга мувофиқ амалга оширилади.

475-модда. Меҳнат фаолиятини ноқулай меҳнат шароитларида ва ноқулай табиий-иқлим шароитларида амалга оширувчи ходимларга қўшимча кафолатлар

Меҳнат фаолиятини ноқулай меҳнат шароитларида, ноқулай табиий-иқлим шароитларида амалга оширувчи ходимларга меҳнатни муҳофаза қилиш, иш вақти, таътиллар, меҳнатга ҳақ тўлаш, шунингдек бошқа меҳнат шароитлари борасида қўшимча кафолатлар берилади.

Ушбу модданинг биринчи қисмида кўрсатилган ходимларга кафолатларнинг энг паст даражаси қонунчиликда белгиланади. Жамоа келишувларида, жамоа шартномасида ёки иш берувчи томонидан касаба уюшмаси қўмитаси билан келишилган ҳолда қабул қилинган бошқа ички ҳужжатларда мазкур тоифадаги ходимларга қўшимча кафолатлар бериш назарда тутилиши мумкин.

476-модда. Меҳнат фаолиятини ноқулай меҳнат шароитларида амалга оширувчи ходимларни мажбурий тиббий кўрикдан ўтказиш

Иш берувчи ноқулай меҳнат шароитларидаги ишларда банд бўлган ходимларнинг дастлабки (меҳнат шартномасини тузаётганда) ва даврий (иш жараёнида) мажбурий тиббий кўриклардан ўтказилишини ташкил этиши шарт.

Бажарилиши чоғида дастлабки ва даврий мажбурий тиббий кўриклар ўтказиладиган ноқулай меҳнат шароитларидаги ишларнинг рўйхати ҳамда мажбурий тиббий кўрикларни ўтказиш тартиби Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан белгиланади.


477-модда. Ноқулай меҳнат шароитларидаги ишларда банд бўлган ходимлар учун иш вақтининг қисқартирилган давомийлиги

Меҳнат жараёнида зарарли ва хавфли ишлаб чиқариш омиллари таъсирига дучор бўладиган ходимларга ҳафтасига ўттиз олти соатдан ошмайдиган иш вақтининг қисқартирилган давомийлиги белгиланади. Бундай ишлар рўйхати ва уларни бажаришдаги иш вақтининг аниқ давомийлиги жамоа келишувларида, жамоа шартномасида, агар улар тузилмаган бўлса — иш берувчи томонидан касаба уюшмаси қўмитаси билан келишилган ҳолда иш ўринларини меҳнат шароитлари ва асбоб-ускунанинг жароҳат етказиш хавфи юзасидан аттестациядан ўтказиш асосида белгиланади.

Ўта зарарли ва ўта хавфли меҳнат шароитларидаги ишларда банд бўлган ходимлар учун иш вақтининг чекланган давомийлиги Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан Ижтимоий-меҳнат масалалари бўйича республика уч томонлама комиссияси билан келишилган ҳолда белгиланади.

478-модда. Ноқулай меҳнат шароитларидаги ишларда банд бўлган ходимларнинг ҳар кунги иши (сменаси) давомийлиги

Ноқулай меҳнат шароитларидаги ишларда банд бўлган ходимларнинг ҳар кунги иши (сменаси) давомийлиги олти кунлик иш ҳафтасида — олти соатдан, беш кунлик иш ҳафтасида эса — етти соату ўттиз дақиқадан ортиқ бўлмаслиги керак.

Ноқулай меҳнат шароитларидаги ишларда банд бўлган ходимларнинг ҳар кунги иши (сменаси) давомийлиги:

ўттиз соатли олти кунлик иш ҳафтасида — беш соатдан, ўттиз соатли беш кунлик иш ҳафтасида эса — олти соатдан ортиқ бўлмаслиги керак;

йигирма тўрт соатли олти кунлик иш ҳафтасида — тўрт соат, йигирма тўрт соатли беш кунлик иш ҳафтасида эса — беш соатдан ортиқ бўлмаслиги керак.

479-модда. Ноқулай меҳнат шароитларидаги ишларда банд бўлган ходимларни иш вақтидан ташқари ишга жалб этишдаги чекловлар

Ноқулай меҳнат шароитларидаги ишларда банд бўлган ходимларнинг иш вақтидан ташқари ишининг давомийлиги кунига икки соатдан ва йилига бир юз йигирма соатдан ортиқ бўлмаслиги керак.

Ўта зарарли ва ўта хавфли меҳнат шароитларидаги ишларда банд бўлган ходимларни иш вақтидан ташқари ишга жалб этиш тақиқланади.