ВУЗ: Не указан
Категория: Не указан
Дисциплина: Не указана
Добавлен: 30.11.2023
Просмотров: 781
Скачиваний: 2
ВНИМАНИЕ! Если данный файл нарушает Ваши авторские права, то обязательно сообщите нам.
480-модда. Ўта зарарли ва ўта хавфли меҳнат шароитларидаги ишларда банд бўлган ходимлар учун иш вақтини жамлаб ҳисобга олишни қўллашдаги чекловлар
Ўта зарарли ва ўта хавфли меҳнат шароитларидаги ишларда банд бўлган ходимлар учун иш вақтини жамлаб ҳисобга олишни қўллашга йўл қўйилмайди.
481-модда. Ноқулай меҳнат шароитларидаги иш учун йиллик қўшимча таътил
Ноқулай меҳнат шароитларида банд бўлган ходимлар йиллик қўшимча таътил олиш ҳуқуқига эга.
Қўшимча таътил олиш ҳуқуқини берадиган ишлар, касблар ва лавозимлар рўйхати, таътилларнинг давомийлиги, уларни бериш тартиби ва шартлари жамоа келишувларида, жамоа шартномасида, агар у тузилмаган бўлса, — иш берувчи томонидан касаба уюшмаси қўмитаси билан келишилган ҳолда, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан тасдиқланадиган Иш ўринларини меҳнат шароитлари ва асбоб-ускунанинг жароҳат етказиш хавфи юзасидан аттестациядан ўтказиш тартиби тўғрисидаги низомга мувофиқ белгиланади.
Ноқулай меҳнат шароитларида банд бўлган ходимларга бериладиган йиллик қўшимча таътилнинг энг қисқа давомийлиги, шунингдек ноқулай меҳнат шароитларидаги иш учун йиллик қўшимча таътилларни бериш шартлари ва тартиби Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланади.
482-модда. Иш вақтининг қисқартирилган давомийлиги белгиланган ноқулай меҳнат шароитларидаги ишларда банд бўлган шахсларнинг меҳнатига ҳақ тўлаш
Ноқулай меҳнат шароитларидаги ишларда банд бўлган шахсларнинг меҳнатига ҳақ тўлаш иш вақтининг қисқартирилган давомийлигида ходимлар учун худди иш вақтининг нормал давомийлигида бўлгани каби миқдорда амалга оширилади.
Зарарли ва (ёки) хавфли меҳнат шароитларидаги ишларда банд бўлган ходимларнинг меҳнатига ҳақ тўлаш оширилган миқдорда белгиланади.
Зарарли ва (ёки) хавфли меҳнат шароитларидаги ишларда банд бўлган ходимлар меҳнатига тўланадиган ҳақни оширишнинг энг кам миқдори нормал меҳнат шароитларидаги ҳар хил турдаги ишлар учун белгиланган тариф ставкасининг (маошнинг) тўрт фоизини ташкил этади.
Меҳнат ҳақини оширишнинг аниқ миқдорлари иш берувчи томонидан касаба уюшмаси қўмитаси билан келишилган ҳолда белгиланади.
483-модда. Ноқулай табиий-иқлим шароитларидаги иш учун ҳар йилги қўшимча таътил
Ноқулай табиий-иқлим шароитларидаги иш учун ҳар йилги қўшимча таътил қайси жойларда ишлаганлик учун меҳнат ҳақига тегишли коэффициентлар белгиланган бўлса, ўша жойларда меҳнат фаолиятини амалга оширувчи ходимларга берилади.
Табиий-иқлим шароитлари ноқулай ҳудудларнинг рўйхати ва бундай шароитлардаги иш учун бериладиган йиллик қўшимча таътилнинг энг қисқа давомийлиги Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланади.
Жамоа келишувларида, шунингдек жамоа шартномасида, ички ҳужжатларда ноқулай табиий-иқлим шароитларидаги иш учун ушбу модданинг биринчи қисмида назарда тутилмаган йиллик қўшимча таътиллар белгиланиши мумкин.
484-модда. Ноқулай табиий-иқлим шароитларидаги иш учун меҳнатга ҳақ тўлаш коэффициентлари
Ноқулай табиий-иқлим шароитларидаги иш учун меҳнатга ҳақ тўлаш коэффициенти айрим ҳудудлардаги меҳнат шароитларининг хусусиятлари инобатга олинган ҳолда ходимларга тўланадиган компенсация хусусиятига эга бўлган устама туридир. Коэффициентларнинг энг кам миқдорлари ва уларни қўллаш тартиби Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланади.
28-боб. Ходим меҳнатининг хусусияти билан боғлиқ бўлган меҳнатни ҳуқуқий жиҳатдан тартибга солишнинг ўзига хос хусусиятлари
1-§. Ташкилот раҳбарининг, унинг ўринбосарларининг, ташкилот бош бухгалтерининг ва ташкилот алоҳида бўлинмаси раҳбарининг меҳнатини ҳуқуқий жиҳатдан тартибга солишнинг ўзига хос хусусиятлари
485-модда. Умумий қоидалар
Ташкилот раҳбари ушбу Кодексга, бошқа норматив-ҳуқуқий ҳужжатларга, ташкилотнинг таъсис ҳужжатларига, ички ҳужжатларга мувофиқ мазкур ташкилотга раҳбарликни амалга оширувчи, шу жумладан унинг ягона ижро этувчи органи вазифаларини бажарувчи жисмоний шахсдир.
Ушбу параграфдаги қоидалар, ташкилотларнинг ташкилий-ҳуқуқий шаклларидан, мулк шаклларидан ва идоравий бўйсунувидан қатъи назар, ташкилотлар раҳбарларига нисбатан татбиқ этилади, бундан қуйидаги ҳоллар мустасно, агар:
ташкилот раҳбари ягона иштирокчи (таъсис этувчи), ташкилот мол-мулкининг ягона мулкдори бўлса;
ташкилотни бошқариш бошқа ташкилот (бошқарувчи ташкилот) билан шартнома асосида амалга оширилса.
Ташкилот раҳбарининг ўринбосари раҳбар йўқлигида унинг вазифасини вақтинча бажариб туриш ёки лавозим вазифалари тақсимоти асосида айрим масалалар бўйича раҳбар вазифасини бажариш ўз хизмат вазифалари жумласига кирувчи шахсдир.
Ташкилот бош бухгалтери ташкилотда штатдаги лавозимни эгаллаб турган, ҳисоб сиёсатини шакллантириш, бухгалтерия ҳисобини юритиш, тўлиқ ва ҳаққоний бухгалтерия, солиқ ва статистика ҳисоботлари ўз вақтида тақдим этилиши учун жавоб берувчи, амалга оширилаётган хўжалик операцияларининг қонунчиликка мувофиқлигини, ташкилот мол-мулкининг ҳаракати ва мажбуриятлари бажарилиши устидан назоратни таъминловчи шахсдир.
Ташкилотда бош бухгалтер лавозими мавжуд бўлмаган тақдирда ушбу параграфнинг қоидалари ташкилотда бош бухгалтер вазифасини амалга ошираётган мансабдор шахсга нисбатан татбиқ этилади.
Ташкилотнинг алоҳида бўлинмалари раҳбарлари таркибий бўлинмаларни ташкил этган ташкилот томонидан лавозимга тайинланадиган ва мазкур алоҳида бўлинмани ташкил этган ташкилот томонидан берилган ишончнома асосида фаолият кўрсатувчи мансабдор шахслардир.
Ташкилот раҳбарининг, унинг ўринбосарларининг, ташкилот бош бухгалтерининг ва ташкилот алоҳида бўлинмаси раҳбарининг меҳнатга оид муносабатлар соҳасидаги ҳуқуқ ва мажбуриятлари ушбу Кодексда, бошқа норматив-ҳуқуқий ҳужжатларда, ташкилотнинг, алоҳида бўлинманинг таъсис ҳужжатларида, меҳнат шартномасида белгиланади.
Қонунда ташкилотлар раҳбарларининг меҳнатини ҳуқуқий жиҳатдан тартибга солишнинг ушбу параграфда назарда тутилганидан ташқари бошқа ўзига хос хусусиятлари ҳам белгиланиши мумкин.
486-модда. Ташкилот раҳбари, унинг ўринбосарлари, ташкилот бош бухгалтери, ташкилот алоҳида бўлинмасининг раҳбари билан меҳнат шартномаси тузиш
Ташкилот раҳбари, унинг ўринбосарлари, ташкилот бош бухгалтери ва ташкилот алоҳида бўлинмасининг раҳбари билан ташкилотнинг таъсис ҳужжатларида ёки тарафларнинг келишувида белгиланган муддатга муддатли меҳнат шартномаси тузилиши мумкин.
Акциядорлик жамиятининг раҳбари билан қонунда белгиланган муддатга муддатли меҳнат шартномаси тузилади.
Қонунда ва бошқа норматив-ҳуқуқий ҳужжатларда, ташкилотнинг таъсис ҳужжатларида ташкилот раҳбари билан меҳнат шартномаси тузилишидан олдинги тартиб-таомиллар (танлов ўтказиш, лавозимга сайлаш ёки тайинлаш ва ҳоказо) белгиланиши мумкин.
Ташкилот раҳбарини, унинг ўринбосарларини, ташкилот бош бухгалтерини ва ташкилотнинг алоҳида бўлинмаси раҳбарини ишга қабул қилиш чоғида олти ойгача муддат билан дастлабки синов белгиланиши мумкин.
487-модда. Ташкилот раҳбарининг, унинг ўринбосарларининг, ташкилот бош бухгалтерининг ва ташкилот алоҳида бўлинмаси раҳбарининг ўриндошлик асосида ишлаши
Ташкилот раҳбари, унинг ўринбосарлари, ташкилот бош бухгалтери ва ташкилот алоҳида бўлинмаларининг раҳбари бошқа иш берувчида фақат ташкилотнинг ваколатли органи ёки ташкилот мулкдори ёхуд мулкдор ваколат берган шахс (орган) рухсати билан ўриндошлик асосида ишлаши мумкин.
488-модда. Ташкилот раҳбарининг, унинг ўринбосарларининг, ташкилот бош бухгалтерининг ва ташкилот алоҳида бўлинмаси раҳбарининг моддий жавобгарлиги
Ташкилот раҳбари, унинг ўринбосарлари, ташкилот бош бухгалтери ва ташкилот алоҳида бўлинмаси раҳбари ташкилотга ўзи бевосита етказган ҳақиқий зарар учун тўлиқ моддий жавобгар бўлади.
Ушбу модданинг биринчи қисмида кўрсатилган шахслар айбли ҳаракатлари (ҳаракатсизлиги) туфайли етказилган зарарнинг ўрнини ташкилот мулкдорининг (акциядорлар, иштирокчилар, муассислар умумий йиғилишининг) ёхуд кузатув кенгашининг ёки мулкдор ваколат берган бошқа органнинг талабига биноан қоплайди. Бунда зарарларни ҳисоб-китоб қилиш фуқаролик тўғрисидаги қонунчиликда назарда тутилган нормаларга мувофиқ амалга оширилади.
489-модда. Ташкилот раҳбари, унинг ўринбосарлари, ташкилот бош бухгалтери, ташкилот алоҳида бўлинмаси раҳбари билан тузилган меҳнат шартномасини бекор қилишнинг ўзига хос хусусиятлари
Ушбу Кодексда ва бошқа қонунларда назарда тутилган асослардан ташқари ташкилот раҳбари, унинг ўринбосарлари, ташкилот бош бухгалтери, ташкилот алоҳида бўлинмаси раҳбари билан тузилган меҳнат шартномаси қуйидаги ҳолларда бекор қилиниши мумкин:
1) ташкилот мулкдори ўзгарганлиги муносабати билан иш берувчининг ташаббусига кўра. Меҳнат шартномасини шу асосга кўра бекор қилишга ташкилот мулк қилиб олинган кундан эътиборан уч ой ичида йўл қўйилади. Мазкур муддатга ходимнинг вақтинча меҳнатга қобилиятсизлиги даврлари, унинг меҳнат тўғрисидаги қонунчиликда ва меҳнат ҳақидаги бошқа ҳуқуқий ҳужжатларда назарда тутилган таътилларда бўлганлиги вақти, бошқа узрли сабабларга кўра ишда бўлмаган
даврлари киритилмайди;
2) меҳнат шартномасида назарда тутилган асосларга кўра.
Қуйидагилар билан тузилган меҳнат шартномаси иш берувчининг ташаббусига кўра бекор қилинганда касаба уюшмаси қўмитасининг розилигини олиш талаб қилинмайди:
ушбу Кодекснинг 161-моддасида назарда тутилган асослардан исталган бирига кўра ташкилот раҳбари, шунингдек алоҳида бўлинма раҳбари билан;
ушбу модда биринчи қисмининг 1-бандига кўра ташкилот раҳбари, унинг ўринбосарлари, ташкилот бош бухгалтери, алоҳида бўлинма раҳбари билан.
Ташкилот раҳбари ўз ташаббусига кўра номуайян муддатга тузилган меҳнат шартномасини, шунингдек муддати тугашидан олдин муддатли меҳнат шартномасини бекор қилишга ҳақли бўлиб, бу ҳақда иш берувчини икки ой олдин ёзма шаклда огоҳлантириши керак.
Раҳбарнинг ўринбосарлари, ташкилот бош бухгалтери, алоҳида бўлинмалар раҳбарлари ўз ташаббусига кўра номуайян муддатга тузилган меҳнат шартномасини, шунингдек муддати тугашидан олдин муддатли меҳнат шартномасини бекор қилишга ҳақли бўлиб, бу ҳақда иш берувчини бир ой олдин ёзма шаклда огоҳлантириши керак.
490-модда. Ташкилотнинг коллегиал ижро этувчи органи аъзоларининг меҳнатини ҳуқуқий жиҳатдан тартибга солишнинг ўзига хос хусусиятлари
Қонунчиликда, ташкилотнинг таъсис ҳужжатларида ташкилот раҳбари учун ушбу параграфда белгиланган меҳнатни ҳуқуқий жиҳатдан тартибга солишнинг ўзига хос хусусиятлари меҳнат шартномасини тузган ташкилот коллегиал ижро этувчи органи аъзоларига нисбатан татбиқ этилиши мумкин.
2-§. Мавсумий ходимлар меҳнатини ҳуқуқий жиҳатдан тартибга солишнинг ўзига хос хусусиятлари
491-модда. Мавсумий ишлар
Иқлим ва бошқа табиий шароитлар туфайли муайян давр (мавсум) давомида бажариладиган ишлар мавсумий ишлардир.
Мавсумий ишларнинг давомийлиги, қоида тариқасида, олти ойдан ошмаслиги керак.
Мавсумий ишларнинг, шу жумладан олти ойдан ортиқ давр (мавсум) ичида амалга оширилиши мумкин бўлган айрим мавсумий ишларнинг рўйхатлари ва мазкур айрим мавсумий ишларнинг энг кўп давомийлиги Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан Ижтимоий-меҳнат масалалари бўйича республика уч томонлама комиссияси билан келишилган ҳолда белгиланади.